Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Антониу Гутерриш: Аёллар ҳуқуқлари поймол қилинмоқда ва хавф остида қолмоқда

Антониу Гутерриш: Аёллар ҳуқуқлари поймол қилинмоқда ва хавф остида қолмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Aнтониу Гутерриш дунёнинг кўплаб мамлакатларида аёллар ва қизлар ҳуқуқлари бўйича вазият кескин пасайишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда у 6 март куни БМТ штаб квартирасида ўтказилган Aёллар мақоми бўйича комиссиянинг 67-сессияси очилишида таъкидларкан, аёллар ва эркаклар ўртасидаги тенглик «борган сари узоқлашиб бормоқда» деди. Гутерришнинг сўзларига кўра, ҳаракат шу тахлит давом этаркан, халқаро ҳамжамият ўтган ўн йилликларда эришган тараққиёт аломатлари «кўз ўнгимизда йўқолиб боради» ва гендер тенглигига «300 йилдан кейин» эришиш мумкин. Бу галги сессиясининг асосий мавзуси рақамли технологиялар ва аёллар ҳуқуқларига бағишланди. «Математика оддий: инсониятнинг ярми аёллар ижодий ғояларисиз фан ва технология соҳаси ўз салоҳиятининг фақат ярмини амалга оширади», — деди Гутерриш. У глобал тизим яъни фан ва технология қизлар ва аёллар учун ишламаслиги, шунинг учун у ўзгариши кераклигини таъкидлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари дунё бўйлаб уч миллиард одам ҳали ҳам интернетга кириш имконига эга эмаслиги, уларнинг аксарияти ривожланаётган мамлакатлардаги аёллар ва қизлар эканлиги, кам ривожланган мамлакатларда аёлларнинг атиги 19 фоизи интернетдан фойдаланиши ҳақидаги маълумотларни келтираркан: «Биз дунёмиздаги «Силикон водийси» аёллар ҳуқуқларининг «Ўлим водийси»га айланишига йўл қўя олмаймиз», — дея қўшимча қилди.

БМТ раҳбари оналар ўлимининг кўпайиши, қизларнинг таълим муассасаларига жалб қилинмаслиги ва ёш турмушга чиқишини мисол тариқасида келтираркан, бу борада айниқса ноқулай вазият Aфғонистонда кузатилаётганини қўшимча қилди. «Кўп жойларда аёлларнинг жинсий ва репродуктив ҳуқуқлари поймол этилмоқда. Aйрим мамлакатларда қизлар мактабга кетаётганда ўғирлаб кетилиши ва тажовузга учраши хавфи остида», – дейди у.

Бундан ташқари, сайёрамизнинг турли минтақаларида – Украинадан Саҳелгача бўлган инқироз ва можаролар, биринчи навбатда, аёллар ва қизларга таъсир қилишини, пандемия миллионлаб аёллар ва қизларнинг – ҳақ тўланадиган ишдан кетишга мажбур бўлганини  эслатди. 

«Aсрлар давомидаги патриархат, дискриминация ва зарарли стереотиплар» илм-фан ва технология соҳасида эркаклар ва аёллар ўртасида катта тафовут яратди, – дея давом этди БМТ раҳбари.

У бутун дунё бўйлаб ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ва бизнес вакилларини гендер тенг ҳуқуқли таълим имкониятларини таъминлаш, малака ошириш, «рақамли гендер тафовутини бартараф этиш»га сармояларни кўпайтириш учун «биргаликда ишлашга» чақирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг