Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яшил технологиялар – бизнес газ ва «свет»га қарам бўлмаслиги керак

Яшил технологиялар – бизнес газ ва «свет»га қарам бўлмаслиги керак

Кеча, 23 ноябрда «Яшил технологиялар Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қандай ёрдам беради» мавзусида амалий конференция ўтказилди. Европа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги «Кичик бизнес учун консультациялар» дастури ташкил этган конференцияда Xabar.uz мухбири ҳам иштирок этди.

Аввало, ушбу тадбир кичик ва ўрта бизнесга нималар беради? Конференцияда давомида барчаси аниқ айтиб ўтилди – яшил иқтисодиётни молиялаш механизми (GEFF) орқали замонавий энергетик самарадор технологиялар, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, углерод ташламаларини қисқартириш, Ўзбекистонда яшил технологияларни қўллаш муаммоларини муҳокама қилиш, муваффақиятли яшил лойиҳалар тажрибаси ва намуналарини иштирокчилар билан ўртоқлашиш.

Конференция шунга яраша жонли, самарали ва мунозараларга бой ўтди.

Шу ўринда таъкидлаш лозим, Ўзбекистондаги «Кичик бизнес учун консультациялар» дастури ЕТТБ томонидан тажрибали консультантларни жалб қилган ҳолда иш юритади. Шунинг ҳисобига ўз кўрсаткичларини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириши мумкин бўлган кичик компанияларни қўллаб-қувватлайди.

«Яшил энергетик самарадор технологиялар, рақамлаштириш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш соҳалари ҳамда бу хизматларга харажатларнинг бир қисмини ЕТТБ грант субсидиялари ҳисобига қоплаш устувор саналади, – деди бу ҳақда Дастур раҳбари Шерзод Акбаров. – Конференцияда қатнашиш – аввало, биз кўрсатадиган кўмак ҳақида долзарб ахборотни олиш, энергетик ва ресурс тежамкорлиги лойиҳаларини амалга оширишга мисоллар билан танишиш ҳамда компанияларнинг «яшил тараққиёт»га ўтиши учун яна нималар қилиш кераклигини муҳокама қилиш демакдир».

Конференция давомида янгиланган Яшил технологиялар селектори (GEFF) тақдимоти ҳам ўтказилди.

У Европа Тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) кўмагида (Яшил иқтисодиётни молиялаш механизми (GEFF) доирасида ишлаб чиқилган юқори самарали экологик тоза технологиялар ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар каталоги саналади. Каталог харидорларга ЕТТБ техник талабларига мувофиқ келувчи, ўз тоифасидаги энг яхши технологияларни топишда ёрдам беради, шунингдек яшил молиялаш лойиҳаларини танлашда молиявий ташкилотлар учун мўлжал бўлади.

Конференцияда алоҳида сессия яшил технологияларни жорий этиш учун ҳамкор банклар – «Ипак йўли» банки, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ, Hamkorbank орқали тақдим этиладиган ЕТТБнинг кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни молиялаш борасидаги амалий имкониятларини муҳокама қилишга бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тарақққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «UzVC» миллий венчур фонди вакиллари энергетик тежамкор технологияларни ва тикланувчан энергия манбаларини жорий этишнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши масалаларини муҳокама қилдилар.

Конференция иши Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Тикланувчан энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон Республикаси Тикланувчан энергия манбалари ва муқобил ёқилғи уюшмаси вакиллари иштирокидаги панель мунозаралари билан якунланди. Унда иштирокчилар «яшил тараққиёт»га ўтишда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни кучайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Конференция сайти: http://greenconf.uz
ЕТТБнинг Ўзбекистонда кичик бизнес бўйича маслаҳат дастури янгиликлари: https://www.facebook.com/ebrd.sme.uzbekistan

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг