Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳусан Набиев: «Телекоммуникацияни такрор танлаган бўлардим»

Ҳусан Набиев: «Телекоммуникацияни такрор танлаган бўлардим»

Ҳусан Набиев.

Тез ўзгариб бораётган даврда компания учун энг муҳим манба – инсон манбаси. Бугунги кунда «COSCOM» МЧЖда (Ucell савдо белгиси) бир ярим мингдан ортиқ ходим фаолият олиб боради. Компания учун барчанинг иши муҳимдир. Ходимлар муваффақияти эса катта ғурур.

Радио уланиш тармоғи бўлими бошлиғи Ҳусан Набиев мамлакатнинг ахборот-коммуникация мажмуасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Бир пайтлар фаолиятини Call-markaz оператори сифатида бошлаган. Бугунги кунда тиришқоқлик, тинимсиз меҳнат ва ўз касбига муҳаббат туфайли бутун мутахассислар гуруҳига раҳбарлик қилмоқда.

– Касбий мартабангиз ҳақида айтиб беринг. Қандай қилиб телекоммуникация соҳасига кириб келгансиз?

– Болалигимдан турли хил жиҳозларни таъмирлаш, машиналар ва турли конструкцияларни йиғишни яхши кўрардим. Касбни танлаш вақти келганида, техник йўналиши бўйича ўқиш истагим аниқ эди.

2003 йилда мен Тошкент ахборот технологиялари университетининг Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение факултетига ўқишга кирдим.

Ўқишни тугатгандан сўнг биринчи вазифам – Beeline компаниясида Call-markaz оператори. Абонентлар билан ишлаб мен бебаҳо алоқа тажрибасига эга бўлдим ва одамларнинг эҳтиёжларини тушунишни ўргандим. Кунига 400 тагача қўнғироқларни қабул қилардим. Ўша пайтда ўзлаштирган суҳбат олиб бориш кўникмалари келажакда жуда фойдали бўлди.

Етти ой ўтгач, мен радио тармоқларини режалаштириш ва оптималлаштириш бўлимига муҳандис сифатида ўтдим ва у ерда 4 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлдим. Шундай қилиб, техник мутахассис сифатида меҳнат фаолиятим бошланди. Ucellга киришдан олдин ZTEда ҳам икки йил ишлаганман. Бугун биз улар билан фаол ҳамкорлик қилиб, қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Шунинг учун, айтишим мумкинки, босиб ўтилган ҳар бир қадам ўзига хос аҳамиятга эга.

2014 йилда Ucell компаниясига келдим ва сўнгги олти йил давомида шу eрда ишламоқдаман. Фаолиятимни оддий муҳандис сифатида бошлаганман, аста-секин бўлим бошлиғи бўлдим. Бунда ҳамкасблар ва раҳбариятнинг қўллаб-қувватлаши катта аҳамиятга эга бўлди. Бугунги кунда бошчилигимда радио уланиш тармоқлари бўлимининг ўн тўртта мутахассиси хизмат қилмоқда.

– Фаолиятингиз нимаси билан ажралиб туради?

– Тадқиқотларга кўра ишдан қониқиш ва унинг аҳамиятини англаш касб танлашда охирги ўринни эгалламас экан. Алоқачининг иши замонавий дунёда энг долзарб ишлардан бири бўлса керак, у бутун инсониятга фойда келтиради. Биз ҳар куни юзлаб абонентларни улаймиз, тармоқнинг узлуксиз ишлашини таъминлаймиз ва одамлар учун қулайлик яратамиз.

Мен икки баравар омадли бўлсам керак: телекоммуникацияларда ишлаш нафақат фойдали, балки жуда қизиқ. Биз кўриш ёки ушлаш мумкин бўлган нарса билан ишламаймиз. Масалан, таянч станцияни олайлик, инсон кўзи фақат антеналар билан темир қурилмани кўра олади, бироқ унинг атрофида кўплаб жараёнлар содир бўлади. Бу радио тўлқинларининг катта ва ажойиб дунёси. Кўчада сайр қилиб юрган одамлар уларни ўз қонунлари ва жараёнлари бор махсус муҳит ўраб турганини билмайдилар. Ушбу муҳитда биз маълумотларни узатамиз. Буларнинг барчасини ўрганиб чиққач, ушбу жараёнларни кўришни ва тасаввур қилишни бошлайсиз. Дунё ўзгача кўрина бошлайди.

– Радиоалоқа соҳасида ишлашни бошлаш учун қандай асосий билимлар талаб қилинади? Йўналишда таҳсил олиш қанчалик муҳим?

– Энг аввало, қизиқиш бўлиши керак. Ўрганаётган соҳангиз сизга қизиқарли бўлсагина муваффақиятга эришишингиз мумкин. Табиийки, дастлабки босқичда эгаллашингиз керак бўлган бир қатор асосий кўникмалар мавжуд. Шулар қаторида аниқ фанларни яхши тушунишдир: математика ва физика, шунингдек чет тилини билиш. Техник соҳада жуда катта миқдордаги адабиётлар инглиз тилида ёзилган. Технологиялар жуда тез ривожланмоқда ва кеча муҳим бўлган нарса, бугун фойдасиз бўлиши мумкин. Хабардор бўлиш ва ривожланиш учун хорижий манбаларни ўқиш керак. Бундан ташқари, аксарият шериклар билан биз инглиз тилида музокаралар олиб борамиз.

Таълим соҳасига келсак, бугунги кунда бизнинг мамлакатимизда ҳам давлат, ҳам чет эллик IT-соҳасида ихтисослашган ўқув юртларининг сони жуда кўп. Булар – Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент давлат техника университети, Турин политехника университети ва бошқалар. Олий маълумот албатта керак.

– Вазифаларни ўз вақтида бажариш учун жамоани қандай бошқариш лозим?

– Ҳар бир ходим раҳбар учун қадрлидир. Менинг ўқитувчиларим – раҳбарларим. Яхши хўжайин ҳар бир гуруҳ аъзосининг кучли ва заиф томонларини билади ва қобилиятларга қараб вазифаларни тақсимлайди.

Ишда, барчага тенг миқдорда вазифа юклашга ҳаракат қиламан.

Бундан ташқари, ёзувлар олиб бориш жуда муҳимдир. Кўпгина ходимлар масофавий иш тарзига ўтишганлиги сабабли, карантин пайтида бу айниқса зарур эканлиги исботланди. Бизнинг жамоамиз қисқа ва узоқ муддатли мақсадларни ўз олдига қўяди. Кун давомида ҳам алоқада бўламиз. Бу менга ишни мувофиқлаштиришга ва ривожланишни кузатишга ёрдам беради. Асосий кўникмалар шу.

– 20 ёшлик пайтингиз қайтса, ўзингизга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

– Мураккаб савол. Оддий, аммо муҳим: «Кўпроқ ўқи ва камроқ сайр қил». Ҳали ҳам ўрганадиган нарсаларим кўп. Барчасини қайта бошлаш учун яна бир имконият бўлганда, яна телекоммуникацияни танлаган бўлардим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг