Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Самарали тўрт кун – АКТ вазирлиги Ишчи гуруҳи Андижонда бўлди (фото)

Самарали тўрт кун – АКТ вазирлиги Ишчи гуруҳи Андижонда бўлди (фото)

Фото: Xabar.uz

Жорий йилнинг 15-18 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ Андижон вилоятида хизмат сафарида бўлганлиги ҳақида хабар бергандик.

Сафар давомида вилоятдаги соҳа корхона, ташкилот ва муассасалари таркибий бўлинмалари фаолияти билан яқиндан танишилиб, муаммоли масалаларни жойида ҳал этишга ҳам катта эътибор қаратилди.

Ташрифнинг дастлабки куни «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» ДУКнинг Андижон радиотелевидение узатиш маркази фаолияти ўрганилган бўлса, 17 июнь куни вилоятнинг иккита тумани – Олтинкўл ва Балиқчи туманларида Рақамли технологиялар ўқув марказлари очилди. Ҳозирда Андижон вилоятидаги мана шундай марказлар сони 14 тага етди. Очилиш маросимларида АКТ вазирлиги Ишчи гуруҳи аъзолари, IT-Парк ва туманлар ҳокимликлари мутасаддилари, ёшлар иштирок этишди.

Ҳар икки туман почта боғламаларида Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази билан ҳамкорликда аҳолига талабгир электрон давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Хизмат сафарининг учинчи куни эса Андижон давлат тиббиёт институтида Инкубация ва акселатор маркази очилди. Марказ институт ва IT-Парк ҳамкорлигида ташкил қилинган.

Куни кеча, 18 июнь куни АКТ вазири Шуҳрат Содиқов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ «Ўзбектелеком» АК Андижон филиалининг Андижон шаҳар телекоммуникациялар боғламасида бўлди. Ушбу ўрганишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси – IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти  бошлиғи Олимжон Умаров ҳам қатнашди.

Андижон шаҳар аҳолиси нуфузи қайриб 500 минг нафарни ташкил қилади. Аҳоли хонадонлари ва ташкилотларда 55 мингга яқин телефон ишлаб турибди. Албатта, ана шу телефонлар ҳамиша соз ишлаб туриши, умуман олганда, телекоммуникация хизматларида узулишлар бўлмаслиги учун шаҳар телекоммуникациялар боғламаси биносининг биринчи қаватида замонавий Савдо ва хизмат кўрсатиш офислари ташкил қилинган. Бу ерда мижозлар учун барча шароитлар яратилган. Хизмат кўрсатиш офисларида интернет, уй телефонига уланиш, «ЎзМобайл» сим карталарини олиш мумкин.

АКТ вазири Шуҳрат Содиқов офис ходимлари билан суҳбатлашди. Муаммолари ва режалари билан қизиқди. Офис менежери Гулираъно Ҳакимова 21 йилдан бери алоқа соҳасида меҳнат қилиб келади. Узоқ йиллар соҳада ишлаган онаси Муқаддам Валиева сабабли бу касбга меҳри тушган. Андижон алоқа касб-ҳунар коллежида таҳсил олган.  

Офис менежери Феруза Ёқубова эса етти йилдан буён ахборот технологиялари соҳасида хизмат қилади. «Бажараётган ишимдан хурсандман», дейди у. Унинг айтишича, мобил интернетга талаб катта экан.

– Аввало, хизмат кўрсатувчи ходимлар учун барча иш шароитлари қулай бўлиши керак, – деди АКТ вазири Шуҳрат Содиқов ходимлар билан мулоқот давомида. – Ходим эса билимли, ўз касбининг устаси бўлиши шарт.  Мижозларни кўнглига йўл топа олиш ҳам билимни талаб қилади. Шунинг учун доимо ўз устларингизда ишлашларингиз, ўқиб-изланишларингиз керак бўлади.

Боғламанинг иккинчи қаватида хизмат хоналари замонавий таъмирланиб, ходимлар учун қатор қулайликлар яратилган. Шундан сўнг Ишчи гуруҳ аъзолари барча талабларга жавоб берадиган автомат телефон станцияларини кўздан кечиришди. Тезкор хизмат кўрсатиш, ҳар бир мижоз билан алоҳида ишлаш юзасидан тавсиялар берилди.

Ташриф давомида радиотелевидение, почта, телекоммуникация, мобил алоқа хизматлари, IT-марказлар ва бошқа йўналишларда алоҳида ўрганишлар олиб борилди, муаммоли масалалар ҳал этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг