Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Қувноқ оёқчалар»дан тортиб электрон рецептгача – Андижонда инкубация маркази очилди (фото)

«Қувноқ оёқчалар»дан тортиб электрон рецептгача – Андижонда инкубация маркази очилди (фото)

Фото: Xabar.uz

Кеча, 17 июнь куни Андижон давлат тиббиёт институтида Инкубация ва акселатор маркази очилди. Марказ институт ва IT-Парк ҳамкорлигида ташкил қилинган. Унинг очилиш маросимида АКТ вазирлиги Ишчи гуруҳи ҳамроҳлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси – IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти  бошлиғи Олимжон Умаров, институт талаба, магистрлари ва мутахассислари қатнашди.

Дастлаб меҳмонлар институт Симуляция маркази фаолияти билан танишишди.

Ушбу марказда инсон танасида турли амалиётлар ўтказишни машқ қилиш ва ички аъзоларини ўрганиш учун дастурланган махсус қурилмалар бор. Мутахассислар унда ишлаш жараёнларини намойиш қилиб беришди.

Институт Инкубация ва акселатор марказида 90 та замонавий компьютерлар тезкор интернетга уланган. Бу ерда талабалар, магистрлар, ёш олимларга илмий изланишлар олиб боришлари учун барча шароитлар яратилган.

Институтда турли стартап лойиҳаларни ишлаб чиққан талабалар бор. Олий ўқув юрти талабалари Исломжон Бектошев ва Абдурауф Абдурашидовлар ана шундай изланувчан ёшлардан.

Исломжон Бектошев турли танловларда ўз лойиҳалари билан қатнашиб келади. Унинг «Қувноқ оёқчалар» лойиҳаси қандли диабет билан оғриган беморлар, имконияти чекланган инсонлар ва қариялар учун махсус ишлаб чиқилган оёқ кийими.

Ушбу оёқ кийими қандли диабет ташхиси қўйилган беморларнинг оёғида вибромассаж ва термотаъсир қилиш орқали қон айланишини яхшилайди. «Диабетик тўпиқ» синдромининг олдини олади. Яъни, 80 фоиз ҳолатда оёқ кесилишига сабаб бўлаётган трофик яралар пайдо бўлишига йўл қўймайди.

Хорижда бундай оёқ кийими вазифасини махсус қурилма бажаради, уни олиб юриш қийин, нархи ҳам баланд. Исломжон таклиф қилаётган оёқ кийими эса енгил, беморлар уни ўзлари билан олиб юришлари учун қулай, энг муҳими, нархи ҳам арзон.

Институтнинг фаол талабаларидан яна бири Абдурауф Абдурашидов электрон рецепт лойиҳасини тақдим қилди.  Бу лойиҳа беморга қўлда ёзилган рецептлар орқали бошқа дориларни адашиб бервориш ҳолатларининг олдини олиши билан аҳамиятлидир.

Меҳмонлар бу каби лойиҳаларни янада такомиллаштириш, келгусида амалиётга жорий қилиш юзасидан ўз фикрларини билдиришиб, тегишли тавсияларини беришди.

АКТ вазирлиги Ишчи гуруҳининг Андижон вилояти бўйлаб хизмат сафари давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг