Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент бу соҳага алоҳида аҳамият қаратади

Президент бу соҳага алоҳида аҳамият қаратади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 июль куни ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказгани ҳақида хабар берилганди.

Маълумки, президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ҳудудларига сафарлари чоғида IT-паркларни бориб кўради, ахборот технологиялари бўйича лойиҳаларга алоҳида аҳамият қаратади. Чунки бу соҳада ёшларни иш билан, юқори даромад билан таъминлаш учун катта имкониятлар бор.

Видеоселектор йиғилишида ҳам бу масалага тўхталиб ўтилди. Ҳар бир туман ва шаҳар Ёшлар ишлари бўлимлари ва олий ўқув юртлари қошида ахборот технологияларига ўқитиш марказлари ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.

Жорий йилда 380 минг нафар ишсиз ёшнинг бандлигини таъминлаш бўйича шаҳар ва туманлар кесимида «манзилли режа»лар ишлаб чиқилиб, маҳаллий кенгашларда тасдиқланган эди. Натижада ўтган олти ойда 270 минг нафар йигит-қиз ишга жойлаштирилди.

Йиғилишда дастур ижроси ҳамма жойда ҳам бирдек бажарилмаётгани қайд этилиб, масъуллар огоҳлантириб ўтилди.

Йил якунигача ёшларнинг 360 миллиард сўмлик 2 минг 200 та лойиҳасини амалга ошириш орқали камида 10 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидланди.

Ёшлар учун яна бир муҳим янгилик – Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси қошида Венчур фонд ташкил этилиши белгиланди. Ушбу жамғармага дастлаб 1 миллион доллар йўналтирилади.

Шунингдек, стартап лойиҳалар танловини ташкил этиш орқали жорий йилда ҳар бир вилоятда камида 10 та, келгуси йилдан бошлаб йилига камида 20 та энг яхши стартап лойиҳаларга 50 миллиондан 200 миллион сўмгача грант ажратилади. Бундан ташқари, қудуқ қазиш, суғориш воситалари харид қилиш, иссиқхона ўрнатиш, уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун ёшларга субсидиялар берилади.

Ёш тадбиркорларга ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг, банк ва бошқа соҳалар бўйича консалтинг хизматлари харажатлари қопланади. Президент ушбу чора-тадбирлар бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг