Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Порталда ҳеч қандай тўсиқ ўрнатилмаган» — Баҳром Зияев

«Порталда ҳеч қандай тўсиқ ўрнатилмаган» — Баҳром Зияев

Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази раҳбари Баҳром Зияев.

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 8 сентябрь куни Миллий матбуот марказида Давлат статистика қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази томонидан «Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини янада ривожлантириш истиқболлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида очиқ маълумотларнинг очиқлик ва сифат даражаси, уларни фуқароларга ва жаҳон ҳамжамиятига етказишнинг амалдаги механизмлари, шунингдек, давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш орқали Ўзбекистон Республикасининг жаҳон майдонидаги имижини ҳамда инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа соҳа мутахассисларининг ўз фаолиятида очиқ маълумотлардан эркин фойдалана олишини, маълумотлар асосида таҳлилий ишларни олиб бориш, мобил иловалар ишлаб чиқиш ёки илмий изланиш жараёнларида мазкур маълумотлардан фойдаланишни таъминлаш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Давлат статистика қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали янги талқинда (data.egov.uz) ишлаб чиқилгани ва ишга туширилгани маълум қилинди.

«Ҳозирги кунда ахборот технологиялари ривожланиб, барча маълумотлар рақамлаштирилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу жумладан, вазирлик ва идораларга тегишли маълумотлар ҳам электронлаштирилмоқда. Албатта, бу каби саъй-ҳаракатлар ортидан аҳоли ва давлат идораларига анча енгилликлар яратилади. Энди ҳар ким ўзи истаган маълумотни бизнинг Очиқ маълумотлар базамиздан олиши мумкин. Бунда порталда ҳеч қандай тўсиқ ўрнатилмаган. Маълумот жойлаш тартибини шундай ташкил қилганмизки, буни тизимга дахлдор органларнинг ўзлари мустақил амалга ошира оладилар», — таъкидлади Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази раҳбари Баҳром Зияев.

«Ушбу портал яратилишидаги ютуқларимиздан бири сифатида айтадиган бўлсам, бизда 2013-2021 йилларда тизимда 10 000 га яқин маълумот жойланган бўлса, Open Data порталида ҳар бир вазирлик ўз маълумотларини жойлаш имкониятини яратганимиздан сўнг, охирги икки ой ичида 1000дан ошиқ маълумот жойлаштирилди. Бизда жойлаштирилган материалларнинг сифат даражасини аниқлашимизга ҳам имконият пайдо бўлди. Ҳозирда маълумотлар ўзбек (кирилл ва лотин ёзувларида), рус ва инглиз тилида жойлаштирилиб келмоқда. Нимага энди айнан инглиз тили ҳам қўшилди, деган савол туғилиши мумкин. Бугунги кунда мамлакатимизда чет эллик инвесторлар сони ортиб бораётгани ҳисобига инглиз тили киритилган», — дея қўшимча қилди Баҳром Зияев.

Матбуот анжуманида янги порталнинг қуйидаги имкониятлари яратилгани айтиб ўтилди:

  • Очиқ маълумотлар портали фаолияти доирасида маҳаллий илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги дастурчилар ва ташкилотларга сунъий интеллект асосидаги дастурий таъминотда фойдаланиш учун давлат ва бошқа маълумотлар тўпламларини олиш имкониятини тақдим этувчи рақамли маълумотлар платформаси;
  • маълумотларни стандартлаштирилган шаклда юритиш, интерактив харитага объектнинг географик жойлашув маълумотларини киритиш имконияти;
  • очиқ маълумотлар тўпламларида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг эҳтиёжларини ҳисобга олиш механизми;
  • очиқ маълумотлар тўпламларини ўз вақтида жойлаштириш ва уларни янгилаш устидан автоматик равишда назорат қилиш имконияти;
  • маълумотлар билан ишлашда фойдаланувчиларга, жумладан кўриш имконияти чекланган шахслар учун қулайликлар;
  • ҳар бир маълумотга алоҳида такрорланмас ID бириктириш ҳамда тегишли маълумотларни жойлаштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва излашни унинг ёрдамида амалга ошириш имконияти;
  • маълумотларни ўз вақтида янгилаб боришнинг мониторинг тизими ҳамда муддатида жойлаштирилмаган маълумотлар бўйича вазирлик ва идораларнинг шахсий кабинетига хабар жўнатиш имконияти;
  • маълумотларни онлайн тарзда янгилаб боришни йўлга қўйиш мақсадида давлат органларининг идоравий ахборот тизимлари ва ресурсларини портал билан интеграция қилиш функцияси.
  • Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали фаолияти доирасида маҳаллий илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги дастурчилар ва ташкилотларга сунъий интеллект асосидаги дастурий таъминотда фойдаланиш учун давлат ва бошқа маълумотлар тўпламларини олиш имкониятини тақдим этувчи рақамли маълумотлар платформаси яратилганлиги тўғрисида айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, мазкур тадбирда 2019-2021 йилларда мамлакатимизда очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилгани ва бу ишлар орқали қуйидаги натижаларга эришилганлиги алоҳида эътироф этилди: 

  • «Open data Inception» ташкилотининг маълумотига кўра, жаҳон мамлакатлари орасида Ўзбекистон 99 та очиқ маълумотлар манбалари билан очиқ маълумотлар манбалари сони бўйича жаҳонда 5-ўринни эгаллади;
  • «Open Data Inventory» (ODIN) Очиқ маълумотлар рейтингида Ўзбекистон Республикаси 63 баллни тўплади ва рейтингда 125 та позицияга кўтарилиб, дунёда 44-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллади;
  • Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Электрон ҳукумат кузатуви 2020» да «Очиқ давлат маълумотлари индекси» бўйича Ўзбекистон энг юқори (Very High OGDI) кўрсаткичига эга бўлган жаҳоннинг 41 та мамлакати орасидан жой олди;
  • Ўзбекистон Республикаси Халқаро очиқ маълумотлар Хартиясига қўшилган жаҳондаги 23-мамлакат, Осиёда эса Жанубий Корея ва Филиппиндан кейинги учинчи давлат бўлди.
  • Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталини янги талқинига жойлаштириш учун 3341 та очиқ маълумотлар тўпламидан иборат бўлган янги рўйхат шакллантирилди.

Матбуот анжуманида яратилган янги портал давлатимизнинг халқаро миқёсдаги имижи ва салоҳиятини нуфузли рейтингларда акс эттирилиши ҳамда бунинг натижасида халқаро инвесторлар учун ишончли маълумотлар манбаси бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг