Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Олмазордаги «Рақамли технологиялар ўқув маркази»нинг илк битирувчиларига сертификатлар топширди

Олмазордаги «Рақамли технологиялар ўқув маркази»нинг илк битирувчиларига сертификатлар топширди

Фото: АКТ вазирлиги

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 24 май куни пойтахтнинг Олмазор туманига ташриф буюрганди. Ўшанда «Билим» АКМ тасарруфидаги Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон номидаги кутубхона биносида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан «Рақамли технологиялар ўқув маркази»нинг Олмазор тумани филиали очилган эди.

Ўқув марказини вазирликнинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси замонавий стендлар билан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети 14 дона компьютер жамланмаси ва ахборот технологияларига оид адабиётлар билан таъминлаганди.

Қолаверса, Олмазор аҳолиси ва ёшларига компьютер саводхонлиги, дастурлаш ўқув курсларини ўтиш учун ТАТУ қошидаги «Рақамли технологиялар ўқув маркази»дан бу ерга икки нафар ўқитувчи бириктирилган.

Олмазордаги ўқув маркази очилганидан бери вазирликнинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ходимлари тумандаги мактабларда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришяпти.

Ҳозирги кунда ўқув марказида Олмазор туманидаги мактаблардан келган 90 нафардан ортиқ ўқувчилар компьютер сирларини ўрганишмоқда.

Албатта, компьютердек мураккаб техникани, катталарни қўяверинг, ёшларга ҳам содда тилда тушунтира билиш осонмас. Аммо марказга бириктирилган ўқитувчилар — Анвар Абдураҳмонов ва Жасур Амировларга қойил: компьютернинг тузилишидан тортиб, эҳтиёт қисмларигача, амалий тизимлардан тортиб Microsoft Word ва Microsoft Excelгача эринмай, икир-чикиригача ўргатишяпти.

Фото: АКТ вазирлиги

Бугун, 23 октябрь куни Олмазор туманидаги «Рақамли технологиялар ўқув маркази» филиали дастлабки 23 нафар битирувчи билан хайрлашди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Н.Турсунов ва «Рақамли технологиялар ўқув маркази» директори Н.Насруллаев уларни табриклаб, сертификатлар топширишди, келгусида ахборот технологиялари йўналишида етук мутахассис бўлишларида омадлар тилашди, ўқув марказига ўзларининг ака-ука ва опа-сингилларини ҳам олиб келишларини тавсия қилдилар.

Анвар Абдураҳмонов ва Жасур Амировлар эса илк ўқувчиларига ўқув курсларининг кейинги босқичларига ҳам келиб, билимларини янада оширишни тавсия қилишди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг