Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Наманганда «Рақамли кутубхона» очилди (фото)

Наманганда «Рақамли кутубхона» очилди (фото)

Фото: Xabar.uz

Наманган вилоятида саккиздан ўттиз ёшгача бўлган 1 123 100 нафар ёш бор. Уларнинг қарийб 500 минг нафари мактаб ўқувчилари ҳисобланади. Хўш, уларни олий таълим билан қамраб олиш мумкинми ёки таълимдан сўнг иш билан таъминлашнинг қандай йўллари мавжуд?

Уларни касб-ҳунарга ўргатишнинг яна қандай оптимал ечими бор? Бунинг учун ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур. Айнан шу мақсадда вилоятда ёшларни АКТга ўқитиш учун 12 та Рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил қилинган. Йил якунига қадар 5 та АКТга ихтисослаштирилган таянч мактаблари, IT-марказлар очиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг 19 февраль куни Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида кутубхона очилди. Аҳамиятлиси, ушбу анъанавий кутубхона ичида «Рақамли кутубхона» фаолияти ҳам йўлга қўйилди.

Кутубхонада вилоятда туғилган ижодкорларнинг таржимаи ҳоли ҳақида ҳикоя қилувчи постерлар ташкил қилинган.

Шу билан бирга, бу ерда вилоятдаги навбатдаги ўн учинчи IT-марказ ҳам иш бошлади.

Вилоятда хизмат сафари билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ аъзолари бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, «Рақамли кутубхона»ни ташкил этишда АКТ вазирлиги, IT-Парк ҳамда соҳа корхона ва ташкилотлари мутахассислари катта ҳисса қўшишди.

Кутубхонада фаолияти йўлга қўйилган IT-марказ ўқувчилари нафақат ахборот технологияларига доир китоблардан, балки жаҳон адабиёт дурдоналарини ҳам ўқишлари мумкин бўлади.

Республикамиздаги барча IT-марказлар ушбу «Рақамли кутубхона»га боғланиб, бу имкониятдан фойдаланишлари мумкин. Янги кутубхонада 30 мингта китоб бўлса, «Рақамли кутубхона» орқали китобхонларга 10 миллионта китобни мутолаа қилиш имконияти яратилган.

Кунбўйи компьютерда ишлаган «айтишник» толиқиб қолса, чарчоғини чиқариш, кўзига дам бериш учун нима қилади? IT-марказда бунинг учун махсус бурчак ташкил қилинибди. Шинамгина жойда мақом мусиқаларини тинглаш мумкин.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида ушбу кутубхонанинг очилиши ҳамда IT-марказ фаолиятининг йўлга қўйилиши наманганлик ёшларга ажойиб совға бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг