Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Кўп ўқийман» – «Ucell»нинг нишондор ходими ўз муваффақиятлари сирини айтди

«Кўп ўқийман» – «Ucell»нинг нишондор ходими ўз муваффақиятлари сирини айтди

Фото: Xabar.uz

Ахборот технологиялари шиддат билан ривожланиб бораётган бир пайтда мамлакатимизда ёшларнинг ушбу йўналиш бўйича илм олиш, етук мутахассис бўлиб фаолият юритиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Бугунги суҳбатдошимиз ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланаётган «COSCOM» МЧЖ мобил тармоғини эксплуатация қилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган, яқинда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан «Фахрий ёрлиқ» билан тақдирланган умидли ёшларимиздан Мирсаид Мирфайзиев.

— Мирсаид, ушбу соҳага кириб келишингизга нима туртки бўлган?

— Кўпчилик ота-онасининг касбига қизиқади. Менинг отам ҳарбий, онам эса мактабгача таълим тизимида ишлаганлар. Мен ҳам отамнинг ёки онамнинг соҳаларига қизиқишим, улар йўлидан кетишим мумкин эди. Лекин мени кўпроқ ахборот технологиялари соҳаси, интернет деган сирли олам қизиқтирарди.

Шу боис 2006 йил Тошкент ахборот технологиялари университети телекоммуникация факултетига ўқишга кирдим. Қолаверса, аниқ фанлардан баҳоларим ҳам аъло эди.

Университетда ўқиш жараёнида йўналиш танлаб олишим ва мобил алоқа соҳасига келишимга туртки бўлган инсон, устозим ва илмий раҳбарим Рустам Абдураҳмоновнинг ҳиссаси катта бўлди. Устозимнинг йўл-йўриқлари билан 2-босқичда ўқиб юрганимда соҳага тегишли кўплаб китоблар ва журналлар ўқий бошладим, илмий анжуманларда аввал тингловчи сифатида, кейин эса мақолалар билан иштирок этдим.

Ҳозир ҳам соҳага тегишли китоб, журналларни ўқишни канда қилмайман. Чунки ҳар бир соҳа ходими бугунги шиддат билан тезлашиб бораётган замонда ўз устида ишламаса илми «камбағаллашиб» кетаверади. Яъни китоб ўқиш — муваффақиятлар гарови. Тенгдошларим қайси соҳани танламасинлар қизиқишларига оид китобларни ўқишдан, изланишдан бир зум ҳам тўхтаб қолмасликлари керак. Чунки бунга имконият ҳам, шароит ҳам етарли деб ўйлайман. Жуда бўлмаганда ҳамманинг қўлида телефон, уйида компютер бор. Истаган мавзуда электрон китоблар мавжуд.

 — Демак, айнан ўша ўқиган китобларингиз, ёзган мақолаларингиз магистратурада ўқишингизга ҳам туртки бўлган. Бўлажак касбдошларингизга соҳага оид қандай китобларни ўқишни тавсия қиласиз?

— Ҳа, ўқиган китобларим муваффақиятларим гарови десам муболаға бўлмайди. Университетда ўқиган пайтларимда соҳага оид журналларнинг охирги беш йиллик нашрларини ўқишга ҳаракат қилардим, бунинг сабаби ахборот технологиялари соҳаси жуда шиддат билан ривожланиб боради. Беш йил ичида технологиялар янгиланиб кетади, соҳанинг яхши мутахассиси бўлиш учун ушбу янгиликлар билан пешқадам бўлиш керак.

Тармоқларга оид В.Г. Олифернинг «Компютер тармоқлари», Д.С. Гулевичнинг «Кейинги авлод тармоқлари», Б.С. Гольдштейн, А. Таненбаум каби муаллифларнинг бир қатор китобларини ўқиганман.

CISCO нинг бошланғич ўқув курсларини мустақил ўқиб бир қатор лаборатория амалиётларини бажарганман. Шу йўл билан соҳага секин аста кириб борганман десам бўлади.

Иш давомида кўпроқ Nokia, ZTE, Huawei каби ишлаб чиқарувчиларнинг техник ҳужжатларини ва расмий норматив ҳужжатларни ўқишга тўғри келади. Лекин шу билан бирга доим соҳа янгиликлари ва янги техналогиялар билан боғлиқ мақолаларни ўқиб бораман, турли онлайн курслар орқали малакамни оширишга ҳаракат қиламан.

Вақтдан самарали фойдаланиш ва эффектив бошқариш кўникмаларига эга бўлиш йўлида изланаман.

Дастлаб ишни нимадан бошлагансиз. Бунга амалиёт қанчалик ёрдам берган?

 — Талабалик даврида малака амалиётни «COSCOM» МЧЖ ХКда (Ucell савдо белгиси) сифат назорати ва статистика бўлимида ўтказдим. Малака амалиётида олган билим ва кўникмаларим кейинчалик менга катта мотивация бўлди. Яъни шу даврдан бошлаб ўқув ва иш фаолиятим компания билан узлуксиз боғлиқ бўлиб қолди.

Ишга дастлабки келган йилларим «COSCOM» МЧЖ ХК ахборот-коммуникация технологиялари функционал гуруҳининг базавий ва транспорт тармоқлари эксплуатацияси бўлими муҳандиси, кейинчалик марказий гуруҳ раҳбари бўлиб фаолият юритдим.

— Соҳанинг асосий фаолият йўналиши замонавий мобил алоқа тизимини ривожлантириш ҳисобланади. Ушбу вазифани амалга оширишда технологиялар департаментининг роли жуда катта...

 — «COSCOM» МЧЖ («Ucell» савдо белгиси) нинг асосий фаолият йўналиши нафақат замонавий мобил алоқа тизимини ривожлантириш, балки аҳолига сифатли ва юқори тезликдаги алоқа хизматларини тақдим этиш ҳисобланади. Мен раҳбарлик қилаётган технологиялар департаментининг бир қисми, мобил тармоғини эксплуатация қилиш бўлимида 26 нафар ходим ишлайди. Бизнинг вазифамиз тармоқдаги коммутаторлар, абонентлар базаси, кириш тармоғи ва транспорт тармоғини узлуксиз ишлашини таъминлашдан иборат. Шу билан бирга янги технологияларни татбиқ этишда ҳамда абонентлар учун янги хизмат турларини жорий этишда иштирок этамиз.

Яқин ўтган давр мобайнида тармоқнинг техник базаси тубдан янгиланди, Республика миқёсида 9 хоналик рақамлаш тизимига ўтилди, мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизими ишга туширилди, 4G тармоғи қамрови сезиларли даражада оширилди.

«ICT Expo» кўргазмаси доирасида «Ucell» компанияси биринчи маротаба Ўзбекистонда 5G тармоғини кенгайтириш лойиҳасини амалда жорий этиш босқичини рамзий равишда ишга тушириб, 5G тижорат қурилмасини ишлашини намойиш этди.

Яна бир янгилик бу – компания абонентлари учун Тошкент метрополитен станцияларида мобил алоқадан фойдаланиш мумкинлиги бўлди. Абонентлар учун янги бўлган eSIM, MNP, VoLTE, VoWiFi, Mobile Id каби хизмат турлари устида ўрганишлар олиб борилмокда.

 — Бугун ахборот технологиялари соҳасига қизиқаётган ва ушбу йўналишда эндигина иш бошлаган ёшларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

 — Нафақат ушбу соҳада фаолият юритмоқчи бўлган ёшларга, балки барча ёшларга айтмоқчи бўлганим — инглиз тилини пухта ўрганинг, тил билсангиз кўплаб маълумотларни очиш имкони пайдо бўлади. Маълумотлар олиш имконига эга бўлдингизми, энди ўз устингизда кўп ишланг: доим изланишда бўлинг, ўқинг ва малакангизни оширинг. Ўзингиз танлаган йўналишнинг етук муттахасиси, эксперти бўлишга ҳаракат қилинг. Соҳадаги истиқболли йўналишлардан дастурлаш ва тармоқ муҳандислиги (networking) кабиларни айтиб ўтишим мумкин.

Аслида ушбу соҳа ривожланаётган, ҳаётимизнинг бир қисмига айланган айни пайтда компютерни билмаслик жуда кўп нарсаларни бой бермоқликдир. Интернет эса илм олишни, ўрганишни истаганлар учун катта бир уммон, катта бир энциклопедия китобки истаган саволга жавоб олиш мумкин. Ўша уммондан дуру гавҳар излаб топишга кетказадиган вақтингизни бекорчи ишларга сарфламанг. Мен ҳар доим ходимларга ҳам айтаман: «Бир ишни бошладингизми охирига етказишга ҳаракат қилинг, доим масаланинг самарали, тўғри ва конструктив ечимини топишга интилинг, хато қилишдан қўрқманг, хатоларни тўғирлашни ўрганинг ва энг асосийси масулиятли бўлинг».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг