Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Келинг, тан олайлик... (видео)

Бутун дунёда рақамли технологиялар барча соҳалар ва инсонлар ҳаётига жадал кириб бормоқда. Бунга ўз вақтида жиддий қараган давлатлар ривожланиб, эскича ишлаш тарафдорлари ҳамон орқада қолмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида, аввало, аҳоли энг кўп тўқнаш келаётган соҳаларни рақамлаштириш, одамларнинг оғирини енгил қилиш зарурлигини таъкидлаб келади.

Илғор ахборот технологияларидан фойдаланиб, аҳоли, бизнес ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларда жаҳон стандартларига жавоб берадиган қулайликларни яратиш, бошқарувда адолат ва шаффофликни таъминлаб, коррупциянинг олдини олиш – бу Электрон ҳукумат танлаган йўлдир.

Эътибор берган бўлсангиз, сўнгги 10 йилликда замонавий технологиялар туфайли ҳукумат, бизнес ва одамлар ўртасидаги муносабатлар босқичма-босқич рақамли кўринишга ўтиб боряпти. Шундай экан, келинг, бугун Электрон ҳукумат тушунчасини оддий таҳлил қилиб кўрамиз.

Аслини олиб қараганда, бу ҳеч биримиз учун янгилик эмас. Биз электрон ҳукумат ҳақида фантастик адабиётлар ёки фильмлардан қисман бўлсада хабардор эдик. Лекин у бугун реал ҳаётимизга кириб келди.

Масалан, яқин-яқингача давлат хизматларидан фойдаланишимизда «лавозимдагилар» қабулига бориш шарт бўлган. Энди эса янги платформалар орқали буни ўзимиз, уйдан чиқмаган ҳолда ҳал қилиш имкониятига эгамиз.

Электрон ҳукумат тўғрисида гапирганда, унинг муҳим таркибий қисми, аҳоли, тадбиркорлар ва ҳукумат ўртасидаги ҳужжат ишларини масофадан битиришда асосий рақамли кўприк – Ягона порталга алоҳида тўхталишимиз тўғрироқ бўлади.

Хўш, авваллари қандай эди?

Узоқ йиллар давомида давлат идоралари ва хизматлари бошқалар учун деярли ёпиқ бўлиб, алоҳида ҳаёт кечираётгандек эди. Фуқаролар ва тадбиркорлар бирор турдаги маълумотнома ёки рухсатномани олиш учун бир нечта давлат идораларига бориши, навбат кутиши, иши тезроқ битиши учун «таниш-билиш» излашига тўғри келарди. Бунда иш вақти, асаб ва маблағ сарфи, одамларнинг сарсонгарчилиги умуман баҳоланмаган.

Бугун эса вазият анча ўзгарди. Ягона портал туфайли одамлар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланиб, инсон қадри биринчи ўринга чиқаётгани сезилди. Ахир, рақамлаштириш тўғридан-тўғри мулоқот ўрнини тўлиқ босади: бунда фуқароларнинг вақти ва маблағи тежалади.

Агар давлат органи рақамлаштириш туфайли коррупция муаммосини ҳал қилса, одамлар ҳукумат билан электрон порталлар орқали алоқа ўрнатса, жараён тўлиқ шаффофлашса, шубҳасиз, ҳар иккала томон ижобий натижага эришади.

«Электрон ҳукумат» тизими қандай ишлайди?

Бугун ахборотлар замонида яшаяпмиз. Ишдами-уйдами доимий интернетга кўз ташлаб турамиз. Борди-ю, мобил қурилмамизни бирор жойда унутиб қолдирсак, ўзимизни худди жамиятдан ажралиб қолгандек ҳис қиламиз. Лекин уларда мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишга келганда, тан олайлик, анча сустроқмиз...

Аммо ҳозир аср технологиялари, электрон ҳукумат имкониятларидан ўринли фойдаланишнинг айни даври! Масалан, энди мобиль телефонингиз орқали ҳам бир қанча жараёнларни бошқаришингиз, яъни турли тўловларни онлайн тўлаш, маълумотномаларни электрон тарзда олишингиз мумкин.

Бу тизим туфайли «Солиқ», «Божхона», «Таълим» каби юзлаб ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари яратилди. Энди одамлар қўлларида бирталай ҳужжатлар кўтариб юрмайди. Барча маълумотлар рақамли кўринишда хавфсиз сақланади ва фойдаланувчига сўралган вақтида тақдим этилади.

Тизим ҳукумат билан ҳам очиқликни, ҳам маҳфийликни таъминлайди. Шу билан бирга фуқароларнинг давлат ташкилотлари билан туну кун алоқада бўлишини кафолатлайди.

Электрон ҳукуматни ривожлантиришга 2020 йилдан янада жиддий киришилди.

Ҳар бир давлат ва идоралардаги долзарб маълумотлар Очиқ маълумотлар порталига интеграция қилиниши орқали бутун жараёнларни кузатиб бориш имконияти яратилди.

Яна бир муҳим жиҳати, Очиқ маълумотлар порталидаги очиқлик ва шаффофлик туфайли хорижий компаниялар Ўзбекистондаги ҳар бир давлат идоралари ҳолатини, улардаги статистик маълумотларни электрон кўринишда ўрганмоқда. Бу Ўзбекистонга инвестиция олиб киришда жуда қўл келади.

Шунингдек, халқ билан парламент мулоқотини таъминловчи «Электрон парламент» тизими жорий этилиб, одамлар сенатга, депутатларга, ҳатто президентга ўз мурожаатларини етказиши мумкин бўлди.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш орқали фуқароларнинг аниқ яшаш манзили тўғриланишига, электрон сайлов лойиҳасини ишга тушириш билан «Бир сайловчи – бир овоз» тамойилининг ҳақиқатан ишлашига эришилди.

«Очиқ бюджет» портали ёрдамида эса аҳолини кўп қийнаб келган йўл, сув, электр, таъмирга муҳтож объектлар каби муаммоларга ечим топиладиган бўлди. Яъни аҳоли ўз туманидаги маблағ билан боғлиқ муаммо ва камчиликларни порталга ёзиб, ижобий натижалар олишга ўтди.

Юқорида санаб ўтилган долзарб лойиҳаларнинг ҳаммаси қисқа муддатларда эришилган улкан ютуқлар дебочасидир.

Электрон ҳукуматнинг барча ахборот тизимларидан Ягона идентификация тизими – биргина логин ва пароль ёки электрон рақамли имзо орқали қайта рўйхатдан ўтмаган ҳолда эркин фойдаланиш имконияти жараённи янада осонлаштиради.

Демак, Электрон ҳукумат — Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт ва фаровонлик сари ташланган янги қадамларидан биридир!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг