Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳиндистоннинг IТ-компаниялари Ўзбекистонни хаб сифатида танламоқда

Ҳиндистоннинг IТ-компаниялари Ўзбекистонни хаб сифатида танламоқда

Фото: «IT-Park»

Ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотлар соҳасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида IT-Park делегацияси Ҳиндистон Республикасига ташриф буюрди.

Делегация ҳар йили ўтказиладиган Карнатака штати (80 миллион аҳолиси мавжуд) ахборот технологиялари ва биотехнология бўлими, Карнатаки инновациялар ва технологиялар жамияти (KITS), шунингдек Ҳиндистон дастурий технологиялар парклари жамияти (STPI) томонидан Бангалор шаҳрида ташкил этилган энг катта технологик саммит – «Bengaluru Tech Summit 2019»да иштирок этди.

«Bengaluru Tech Summit 2019» ҳар йили ўтказиладиган энг катта саммитлардан бири бўлиб, ушбу саммит доирасида рақамли технологиялар соҳасида конференция ва кўргазма ўтказилади. Конференцияга 300 000 дан ортиқ делегатлар ва хорижий давлатлардан 4500 дан ортиқ меҳмонлар ташриф буюради. Кўргазмага ахборот технологиялари соҳасидан 200 дан ортиқ ва биотехнологиялар соҳасидан 150 дан ортиқ экспонентлар жалб қилинади.

Саммит доирасида Карнатака штатининг бош вазири Б.Едиюраппа билан учрашув ташкил этилди. Бош вазир стартаплар экотизимини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар, IT-компаниялар учун яратилган шароитлар ва мамлакатимиз ҳудудидаги биринчи IT-Park билан таништирилди. У Ўзбекистонга ташриф буюриш таклифини қабул қилди ва келгусида ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди. 

Шу билан бирга, Карнатака штатига ташриф доирасида дастурий таъминот аутсортинги ва IТ-хизматлар соҳасини ривожлантириш учун Ўзбекистонга ҳинд компанияларини жалб қилиш масаласи кўриб чиқилди, «Tata Cosultancy Services», «Genpact», «STPI» каби компаниялар билан учрашувлар ташкил этилди.

Tata Consultancy Services Limited (TCS) Ҳиндистондаги трансмиллий компания бўлиб, бизнес учун ахборот технологиялари, IТ-консалтинг ва IТ-ечимлар соҳасида хизматларни тақдим этади, унда 330 мингдан ортиқ ходим фаолият олиб боради. Компаниянинг йиллик айланмаси 15,5 миллиард АҚШ доллардан ортиқ.

Software Technology Parks of India (STPI) — бу Ҳиндистондан дастурий таъминот экспортини рағбатлантириш, тарғибот қилиш ва кучайтириш мақсадида Ҳиндистон электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги томонидан 1991 йилда ташкил этилган жамият саналади.

STPI – давлат ташкилоти, интернет-хизматлар ва инкубацион дастурлар таъминотчисидир. У бутун мамлакатда, аниқроғи, Ҳиндистоннинг 59 та шаҳрида фаолият юритади. Ташкилотнинг бутун Ҳиндистон бўйлаб 57та парки мавжуд. STPI доирасида IТ йўналишида ишлаётган компанияларнинг умумий сони 4000 дан ортиқ. Умумий IТ экспорт ҳажми 176 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. STPI доирасида ишлайдиган IТ-мутахассисларнинг умумий сони 4 миллиондан ошади.

Бундан ташқари, IТ-хизматлари ва дастурий таъминот компаниялари учун Сингапурнинг энг катта девелопер компанияси – «CapitalLand» томонидан яратилган IТ-инфратузилмаларга ташриф буюрилди ва ўрганилди. Ушбу компания тажрибаси IT-Park фаолиятини кенгайтиришда қўлланилиши кутилмоқда.

Гужарот штатининг Аҳмадобод шаҳрида Гуджарат штати Ҳиндистон электроника ва дастурий таъминот ассосиацияси – «Gesia IT Association», Тадбиркорлик ва технологиялар халқаро маркази – «iCreate», «Dev Information Technology Limited» компанияси, Ҳиндистон фан ва технологиялар вазирлиги Фан ва технологиялар бўлими ва бошқа компаниялар вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди.

Ушбу ташкилотлар билан бўлиб ўтган учрашувлар натижасида стартап сиёсати ва инкубацион дастурларни ривожлантириш, таълимий дастурларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистоннинг IT-мутахассислари малакасини ошириш, тажриба алмашиш ва ҳамкорликда стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни амалга ошириш, шу жумладан стартап ташаббуслари билан алмашиш учун меморандумлар имзоланди.

Ушбу сафар якунига кўра, томонлар Ўзбекистон Марказий Осиёда ахборот технологияларини ривожлантириш соҳасида катта салоҳият ва имкониятга эга ва ушбу давлатда адолатли қонунчилик, энг яхши солиқ ва божхона имтиёзлари, мавжуд ишчи кучи, демографик муҳитда ёшлар улушининг катталиги, валюта ислоҳоти, янгидан яратилаётган хорижий олийгоҳлар, замонавий инфратузилма ва албатта Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан IT-секторга қаратилаётган эътибор нуқтайи назаридан IТ-соҳасида ҳинд компанияларининг хизматларини кенгайтириш ва ўзбек-ҳинд хабини яратиш учун тўғри келадиган ва мос экотизим мавжуд деган тўхтамга келинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг