Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Бизнес очиш осон, рақобат муаммо»: ўзбек дастурчиси АҚШдаги қийинчилик ва қоидалар ҳақида

«Бизнес очиш осон, рақобат муаммо»: ўзбек дастурчиси АҚШдаги қийинчилик ва қоидалар ҳақида

Асли фарғоналик бўлган Жон Тошматов 1976 йил Фарғона вилояти, Навбаҳор шаҳарчасида туғилган. АҚШда яшаётган ватандошимиз, «My IT Education» компанияси эгасининг IT соҳасидаги муваффақият сирларини билиш учун у билан боғландик.  

Аввало ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз, IT соҳасини ўрганиш учун қайси даргоҳларда таълим олгансиз?

– Фарғона Политехника университетида таълим олганман. Сўнг АҚШнинг ўқиш ва малака ошириш дастури бўйича «California Polytechnic State University»га кирдим. Дастурни муваффақиятли якунлаганимдан сўнг Айова штатидаги Кларк университети, компютер технологиялари йўналишини тугатдим. Флорида штатининг «Saint-Leo» университетида магистр тизимида ҳам ўқидим. 

– Болаликдан қайси касб эгаси бўлишни орзу қилгансиз? Бу орзунгиз кейинчалик ўзгардими?

– Бир пайтлар астронавт бўлишни орзу қилганман, кейинчалик футболчи бўламан деганман, бундан ташқари актёрликка ҳам қизиқиб, ҳатто шу йўналиш бўйича ўқишга ҳам кирмоқчи бўлганман. Охирги йилларда дунёнинг иқтисодий ва сиёсий хариталари ўзгариши сабаб, кўпроқ халқаро иқтисодий алоқаларга қизиқа бошладим. Лекин барибир математика ва физикага бўлган қизиқишим устунлик қилиб, технология, яъни техника ва компьютер йўналишини танлаганман.  

– АҚШга нима мақсадда боргансиз? Ҳозирда кўпчилик ҳавас қиладиган натижаларга эришдингиз, муваффақиятингиз сири нимада?

– АҚШга ўқиш ва тажриба орттириш ниятида келганман. Билмадим, ҳамма ҳавас қиладиган даражага етдимми ёки йўқ, лекин АҚШда мен нуфузли университет ва ўқув марказларида таҳсил олдим. Компанияларда ишлаб, тажриба орттирдим, ҳозирда эса Нью-Йорк шаҳрида ўз ватандошларимга информацион технологиялар бўйича таълим бериб келмоқдаман. Америка имкониятларга бой давлат бўлиши билан бирга, ўзига хос рақобат кучига ҳам эга. 

Феълимда таслим бўлмаслик бор. Ҳар бир қилаётган ишингизда албатта, тўсиқлар учрайди, бошида ўхшамаслиги мумкин, лекин одам таслим бўлмасдан йўлида давом этса, менимча ҳамма нарсага эришса бўлади. Кейинчалик ўз тажрибангизга эга бўлганиздан сўнг, оғир меҳнат ақлий меҳнатга ўтади, ўшанда сиз ўз ишингиз устасига айланиб бораётганингизни тушунасиз. 

– Бугунги бизнес фаолиятингиз ҳақида гаплашсак. У нималардан иборат? 

– Бугунги кунда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ватандошларимиз сони кўпайиб бормоқда. Барчамизга маълум, АҚШда ватандошларимиз ўзлари танлаган касбларини давом эттиришлари жуда қийин. Бунинг учун тилни мукаммал билиш ва 4-5 йиллик бакалавр тизимида ўқиш лозим. Шунинг учун мен қисқа муддатли, яъни 6-9 ой оралиғида ўқиш мумкин бўлган IT-курсларини очганман. Ватандошларимга IT соҳасида керакли бўладиган билимларни ўргатаман. IT соҳаси жуда кенг қамровли, тиббиёт, журналистика, спорт, ҳайдовчилик, бизнес юритиш ва яна кўплаб касбларни ўз ичига олади. Кўплаб ватандошларимиз тиббиёт соҳасига қизиққан ҳолда ўзлари танлаган йўналиш бўйича IT-технологияларни ўрганиб, ишлаб келишмоқда. 

– АҚШда бизнес очиш анча осон дейишади. Бироқ рақобатнинг кучи натижасида аксарият компаниялар таназзулга юз тутар экан. Айнан рақобат муҳити ҳақида фикрингизни билмоқчи эдик. 

– АҚШда бизнес очиш баъзи бир мамлакатларга қараганда осону, лекин ўзига яраша мураккаб рўйхатдан ўтиш тартиблари бор. АҚШ ҳукумати ҳар бир тадбиркорга имконият беради, имкон беришга ҳаракат қилади. Тадбиркор авваламбор, бизнес очишдан олдин ўз маҳсулоти ёки сервисининг бозорини ва рақиблари фаолиятини ўрганиши зарур. Рақобат борки, такомиллашиш бор. Бу эркин бозорнинг ривожланишига йўл очади. Муваффақиятга эришиш учун корхона албатта, қуйидаги асосий тамойилларга эътибор бериши зарур деб ўйлайман: мижозларга хизмат кўрсатишни яхшилаш, маҳсулот ёки хизмат кўрсатиш сифатини халқаро стандартлар бўйича олиб бориш, инновация ва келажак технологияларига сармоя қилиш, мижозлар билан алоқа қиладиган воситалар ёки порталларни қуриб бориш, ишга олиш тартибини энг юқори  даражасини йўлга қўйиш ва ҳар бир номзодга ишга олиш жараёни ва иш давомида ёрдам бериш. Бундан ташқари ишчилар йиллик синов ва суҳбатлардан ўтиши лозим. Иш жойларида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимлари ёки кўрсатмалари бўлиши зарур. Ҳар бир дам олиш ёки ошхона ҳамда иш жойида меҳнат вазирлигининг янгиликлари илинган бўлиши керак. Бошқарув ходимлари ва ишчилари билан тез-тез мулоқотда бўлиб, ойлик ёки ҳафталик мажлисларини ўтказиб туриш ҳам фойдали деб ўйлайман.

– Ўзбекистонда ҳам бизнес очиш ниятингиз борми ва у қайси соҳада бўлади? 

–  Ўзбекистонда бизнес очиш ниятим бор. IT-ўқув марказини очмоқчиман. Унда малакали дастурчиларни тайёрлаб, дунёнинг барча ривожланган малакатларидан мижозлар топиб, Ўзбекистон дастурчиларини иш билан таъминлаш ниятидаман.

 –  Ўзбекистон деганда кўз олдингизга биринчи бўлиб нима ёки ким келади? 

–  Тўғрисини айтсам, бошида соғинч бўлади, ота-онани, уйни, туғилиб ўсган кўчалар ва мактабимни қаттиқ соғинардим. Лекин вақт ўтиб, одамзод ҳамма жойга ва ҳар хил шароитга кўникар экан. Ўзбекистонимизнинг тўйларини, байрамларини ва халқимизнинг меҳрини соғинаман.   

– Ўзбекистонлик ёшларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз? 

Кўплаб ютуқлар хатолар эвазига келади. Ўзим доим риоя қиладиган бир шиор бор: «Ақлли одам ўз хатолардан сабоқ олади, ақллироқ одам эса бошқаларнинг хатосидан сабоқ олади, аммо доно одам бошқаларнинг муваффақиятидан ўрганади». Ҳеч қачон эришган даражангизда тўхтаб қолманг, ҳар доим янада баландроққа кўтарилишга интилинг. Келажакка қандайдир мерос қолдиришга интилиб яшаш керак.

– «My IT Education» компаниясининг келажаги, асосий жиҳатлари ҳақида гапирсангиз. Тўрт йиллик ўқиш давомида олинадиган билим ва кўникмаларни олти ойда ўрганиш мумкинми? Шу пайтга қадар нечта шогирд чиқардингиз ва улар қаерларда фаолият кўрсатишяпти? Ўзбекистондан туриб ҳам  ўқув марказингизда онлайн таълим олса бўладими? 

– «My IT Education»нинг олдига қўйган асосий мақсади, бу АҚШдаги ватандошларга IT соҳасининг фундаментал билимини ўргатиш ва уларга шу соҳа бўйича иш топиш малакасини тушунтириш. Ҳозирги марказда таълим олганлардан бештаси «Zend Sertifikat Muhandisi» унвонига эга бўлди ва бир нечтаси шу соҳада ишлаб келмоқда. Фаолиятимизни яқинда бошлаганимиз сабабли, ҳали натижаларимиз у даражада катта эмас. Агар тўрт йиллик бакалавр  тизимини ўқиб битириш учун  ўртача 120 та кредит керак бўлса, ўшанинг ярмидан кўпи таълимнинг умумий дарслари ҳисобланади, яъни тарих, инглиз тили ва шу каби гуманитар фанлар киритилади. «My IT Education»да биз фақат компьютер соҳасига керакли бўлган фанларга эътиборимизни қаратамиз ва кўпроқ ҳақиқий лойиҳалар устида ишлаш бўйича тажриба оширамиз. Ҳозирда биз:  HTML, CSS, JavaScript, JQuery, Angular, Bootstrap, PHP, SQL, AWS ва яна кўплаб дастурлаш дарсликлари билан ватандошларимизга таълим бераяпмиз. Дастур охирида талабаларга резюмелар ёзиш ва иш суҳбатларига тайёрланишда кўмаклашамиз. Ўзбекистондагилар ҳам албатта, бизнинг курсларда онлайн равишда таълим олиши мумкин, бунга фақат компьютер ва интернет бўлса бас. 

– Ёшларга карантин пайтида нималарни тавсия қиласиз?

– Тавсиям, IT-соҳалари бўйича онлайн тизимда сабоқ олишлари мумкин. Дастурлашни ўрганиб олишса, Ўзбекистондан туриб катта-катта компаниялар билан ишлашлари мумкин. Агар сиз IT-соҳасида дастур тилини билсангиз, хоҳлаган жойда ишлашиз мумкин. Қаердан бўлишингиздан қатъи назар. Чунки бу соҳа чегара танламайди. Сиз технология тилларини яхши билсангиз бўлди. 

Дилфуза Собирова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг