Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АКТ вазирлиги ишчи гуруҳи Фарғонада ёхуд мотивациянинг кучи нимада? (фоторепортаж)

АКТ вазирлиги ишчи гуруҳи Фарғонада ёхуд мотивациянинг кучи нимада? (фоторепортаж)

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ишчи гуруҳи бундан бир муддат олдин хизмат сафари билан Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиалида бўлиб ўқув даргоҳи фаолияти билан танишган эди.

Ўшанда АКТ вазири Шуҳрат Содиқов талабалар билан ўтказилган учрашувда «Қандай муаммоларинг бор, биз шу муаммоларни ҳал этиш учун келганмиз», дея мурожаат қилган, ўз навбатида, ёшлар тураржой масаласида қийналишаётганини айтишганди. Кеча, яъни 4 июнь  куни шу муаммо ўз ечимини топди — филиал талабалари учун уч юз ўринли тураржой фойдаланишга топширилди. Унинг очилиш тадбирида АКТ вазири Шуҳрат Содиқов раҳбарилигидаги Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамшид Ҳотамов иштирок этди.

Бу ерда талабаларнинг ўзларини ўз уйида юргандек ҳис қилишлари учун тизим корхона ва ташкилотлари томонидан барча шароитлар яратилган. Спорт билан шуғулланиш учун спорт майдончаси ва инвертарлари, ювиниш хоналари, овқат тайёрлаш учун барча ошхона жиҳозлари ўрнатилган хоналар киши ҳавасини келтиради. Тураржойдаги бир хил андозадаги мебеллар, ёруғ ва шинам хоналар талабалар учун битта муҳим ишни қолдиради, яъни фақат ўқиб, изланиб кучли мутахассис бўлиб етишиш.

Айниқса, имконияти чеклаган илм толиблари учун юксак эътибор билан тайёрланган хоналар киши диққатини ўзига тортади. Шунингдек, тиббиёт хонаси ҳам талабалар саломатлигини асрашда муҳим ўрин тутади.

Президентнинг беш ташаббуси доирасида ташкил қилинган кутубхонада барча бадиий ва илмий китоблар жамланган. Тикув дастгоҳлари ўрнатилган хонадан талаба қизлар фойдаланишлари, дарсдан бўш вақтларида  буюртма асосида тикиш-бичиш ишларини бажариб, қўшимча пул ишлаб топишлари мумкин.

Вазирлик Ишчи гуруҳи ўтган галги ташрифи давомида талабаларнинг тўлақонли таълим олишларига ҳалақит бераётган муаммоларни танқидий ўрганган, тез ҳал қилиниши лозим бўлган камчиликлар жойида ҳал қилинган эди. Бир гуруҳ талабаларга вазирликнинг совғалари берилиб, ўз устида қатъий изланишлари йўлида эзгу тилаклар билдирилган эди. Бу рағбатлантириш ўз натижасини кўрсатди, филиалнинг бир нафар талабаси Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди, яна бир гуруҳ талабалар турли стипендия, халқаро танловлар ғолиби бўлишди. Ўз вақтида берилган далда, замонавий тил билан айтганда мотивация ана шундай қудратга эга.

Эслатиб ўтамиз, айни кунларда АКТ вазири раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ Фарғона вилоятида бўлиб турибди, соҳа корхона ва ташкилотлари фаолияти ўрганилмоқда, ходимлар билан мулоқотлар ўтказилиб, муаммоли масалаларга жойида ечим топилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг