Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АКТ вазири Қизилтепа ёшлари билан дилдан суҳбатлашди (видео, фото)

Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов Навоий вилоятида бўлди. Ташриф давомида бир қатор объектларда олиб борилаётган ишлар билан танишилди.

Мамлакатимизда 30 июнь — «Ёшлар куни»: июнда анъанавий тарзда «Ёшлар ойлиги» кенг нишонланиб келинади. «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остидаги тадбирларни юқори савияда ташкил этиш учун ҳар бир ҳудудга масъул шахслар бириктирилган. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов — Навоий вилоятида «Ёшлар ойлиги»ни ўтказишга масъул. Вазир 16-17 июнь кунлари ўтказилиши режалаштирилган фестивалга тайёргарлик жараёни ва шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Тадбирларни эсда қоларли, мазмунли ўтказиш борасида ўз тавсияларини берди.

Шундан сўнг Кармана туман телекоммуникациялар боғламасида савдо ва хизмат кўрсатиш офиси очилиш маросими бўлиб ўтди. Замонавий талаблар даражасида тўлиқ таъмирланган савдо ва хизмат кўрсатиш офисида IPTV ва интернетга уланиш, «ЎзМобайл» мобил алоқа оператори сим карталарини сотиб олиш каби хизматлардан фойдаланиш мумкин. Бу ерда IT-марказ ҳам фаолият кўрсатмоқда.

11 июннинг энг муҳим воқеаси эса Қизилтепада юз берди.

Туман марказидаги «Нафосат» маданият марказида бўлиб ўтган «Вазир, ҳоким ва ёшлар учрашуви»да АКТ вазири Шуҳрат Содиқов ва Қизилтепа тумани ҳокимининг ўринбосари Насриддин Ҳайитов иштирокида қизиқарли мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқот бошлангунига қадар ёшлар бу ерда ташкил этилган кўргазма билан танишишди.

Учрашув аввалида Президентимизнинг ёшлар билан мулоқотлари, АКТ йўналишидаги ишлар акс этган видеолавҳа намойиш этилди.

«Учрашувимизни қуруқ маъруза шаклида ўтказмайлик, — дея ёшларга мурожаат қилди АКТ вазири Шуҳрат Содиқов. — Ҳар доим  ҳам соҳа корхона, ташкилотлари, муассасалари раҳбарлари билан учрашиш имконияти бўлмайди. Мана бугун шундай имкониятга эгасиз. Ўзингизни қийнаётган саволлар, таклиф ва ғояларни айтинг. Бутун вазирлик жамоаси ҳамма саволларингизга жавоб беришга тайёр. Қолаверса, туман ҳокими ўринбосари Насриддин Ҳайитов бошчилигидаги мутасаддилар ҳам сизларнинг саволларингизга жавоб беришга ҳозирлик кўриб келишган. Албатта, бугунги мулоқотимиз самарали ўтиши керак. Ҳеч ким бу учрашувдан норизо бўлиб кетмасин».

Қизилтепа тумани аҳолисининг 83 минг нафардан зиёди ёшлар. Туманда 43 та мактаб фаолият кўрсатади.

Учрашув, кутилганидек, саволлар ва таклифларга бой бўлди. Ёшлар асосан сифатли таълим олиш, касб танлаш бўйича саволлар беришди. ТАТУ, Тошкентдаги ИНҲА, Амити университетлари ва «IT-Парк» раҳбарлари уларнинг саволларига жавоб бериб, билдирилган таклиф ва ғоялар устида биргаликда ишлаш бўйича келишиб олишди.

Тадбир охирида энг яхши савол, ғоя, таклиф берганларга эсдалик совғалари ҳамда бир гуруҳ ёшларга туман ҳокимлигининг сертификатлари топширилди. 

Шу куни АКТ вазири ҳамда Қизилтепадаги ёшлар билан учрашувга келган соҳа корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасидаги «Telecom innovations» қўшма корхонасида бўлиб, заводдаги иш жараёнлари билан яқиндан танишишди.

Бу ерда кейинги пайтда энг талабгир маҳсулотлар: моноблок компьютерлар, электр жиҳозлари, LED-панеллар, роутерлар кўпроқ чиқариляпти. Шунга яраша қўшимча яна 55 та иш ўрни яратилди.

Меҳмонлар қўшма корхона вакиллари билан учрашувда мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш, соҳа корхоналари билан ўзаро ҳамкорликда ишлаш юзасидан фикрлар алмашишди.

Жорий йилнинг 27 май куни АКТ вазири хонободлик ёшлар билан ҳам учрашган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг