Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

5 миллиард доллар жарима ундиришмоқчи: «Google»нинг айби нима?

5 миллиард доллар жарима ундиришмоқчи: «Google»нинг айби нима?

Фото: «Ferra.ru»

Калифорния (АҚШ) судига фойдаланувчилар ҳақида пинҳона маълумот тўплаган «Alphabet» холдингига қарши («Google» шу холдинг таркибида) жамоавий даъво киритилди. Ҳар бир жабр кўрган фойдаланувчи учун 5 минг доллардан (жами 5 млрд. доллар) ундириб олиш кўзланмоқда, дейилади «Reuters» хабарида.

Маълумотларни ноқонуний йиғишда статистика сервиси, реклама менежери ва смартфонларга ўрнатилган бошқа иловалардан фойдаланилган. Ҳатто сайтларни аноним кўриш режимида ҳам фойдаланувчиларнинг маълумотлари компанияга келиб турган.

Дунёдаги энг йирик интернет-қидирув тизими қонунбузарликда илк марта қўлга тушаётгани йўқ.

Бироқ компаниянинг ҳам ўз важлари бор, масалан, маълумот чиқиб кетиши фақат қидирув тизимига эмас, балки фойдаланувчилар кирувчи сайтларга ҳам боғлиқ.

Экспертлар томонлар тинчлик битими тузади деган фикрни билдиришяпти — компания жаримага тортилган тақдирда ҳам унинг миқдори унча катта бўлмайди.

«Калифорния қонунчилигида маълумотларни тўплаш ва ишлов бериш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори унча катта эмас, — дейди интеллектуал мулк бўйича юрист Андрей Миронов. — Ҳар бир фойдаланувчи учун 750 доллар билан чегараланади. Бироқ шу маълумот тўплашда етказилган зарар миқдори бундан ошиб кетган бўлса, ана шу етказилган зарарни қоплашга умид қилиш мумкин. «Google», албатта, буни тўлайди, бироқ жарима миқдори бундан-да йирик бўлиши ҳақиқатдан йироқ».

Шахсий маълумотларга қизиқишнинг ортида катта пуллар яширинган. «Google» асосий даромадни рекламадан олади. Ўтган йили ишлаб топган 165 миллиард даромадининг 135 миллиардини айнан реклама йўналиши келтирди. Фойдаланувчилар, уларнинг қизиқишлари, қаердалиги, қаерга боришлари тўғрисидаги батафсил маълумот — буларнинг барчаси реклама эълонлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг