Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

2021 йилда барча ижтимоий соҳа объектлари юқори тезликдаги интернет билан таъминланади

2021 йилда барча ижтимоий соҳа объектлари юқори тезликдаги интернет билан таъминланади

Фото: Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси доирасида III-йўналиши «Аҳоли ва ёшлар ўртасида компютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш» масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказди.

Матбуот анжуманида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг учинчи ташаббуси Аҳоли ва ёшлар ўртасида компютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш доирасида Вазирлик томонидан кўплаб ишлар амалга оширилди. Республика бўйича 24 та Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилди. Шундан 22 таси 2019 йилда, 2 таси 2020 йилда фаолиятини бошлади.

«Рақамли технологиялар ўқув маркази»ларнинг тўлақонли фаолият кўрсатиши учун зарур жиҳоз ҳамда технологик воситалар билан жиҳозланди.

Жумладан, маърузалар заллари ва компьютерлаштирилган ўқув хоналарида телекоммуникация корхоналари ходимларининг малакаси ҳамда янги технологияларни жорий этиш бўйича кўникмаларни ошириш, ёшларга ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатиш, ахборот технологиялари соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий ҳамда самарали механизмларини яратиш, компьютер технологиялари, дастурлаш, робототехника ва киберспорт асосларини ўргатиш учун барча зарур шароитлар яратилди.

Марказлар компьютерлар ва зарур жиҳозлар, Wi-Fi ҳудуди билан таъминланиб, эндиликда унда туман ёшларига ахборот технологиялари, дастурлаш, робототехника, киберспорт асослари ва электрон тижорат каби йўналишларда билим ва кўникмалар берилади.

Мазкур марказларда ўқишларни самарали ташкил этиш мақсадида 14-30 ёшдагилар учун дастурлаш асослари, компьютер графикаси, робототехника, веб ва мобил иловалар яратишга оид жами 19 та фан дастурлари ишлаб чиқилди.

Мазкур марказларда хозиргача 5,0 минг нафар тингловчи ўқув курсларини якунлади, ҳозир 600 нафар тингловчи таҳсил олмоқда.

Ушбу Рақамли технологиялар ўқув марказларини 2020 йил якунига қадар 80 та етказишга режалаштирилмоқда. Бундан асосий мақсад аҳолининг компьютер саводхонлигини янада оширишга хизмат қилади.

Булардан ташқари, вазирлик томонидан 2019 йилда Ҳиндистоннинг Амити университети билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги Амити университети ўз фаолиятини йўлга қўйди.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 1200 ўринли замонавий янги биноси фойдаланишга топширилди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки «IT-Парк» ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Тошкент шаҳрида замонавий инфратузилмага эга бўлган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки «ИТ-Парк» барпо этилётганини, у ҳозирданоқ ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлаганини таъкидлади.

Шунингдек, бундай «IT-Парк»лар Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида ҳам ташкил этилиши айтилди. Ҳозирда ушбу худудларда ишлар кенг қамровли олиб борилмоқда. Шу билан бирга ёшларни ушбу соҳага янада қизиктириш мақсадида, Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорлик доирасида «Бир миллион дастурчилари» (One Million Uzbek Coders) лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Республика телекоммуникация инфратузилмасини замон талаблари даражасида кескин ривожлантириш орқали Интернет тармоғини кенгайтириш ва бунинг натижасида барча аҳоли масканларини, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларини, жумладан, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларини юқори тезликдаги Интернет билан таъминлаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Республикада телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш орқали 2019 йил якунига қадар 3 433 та умумтаълим мактаблари, 1 836 та мактабгача таълим муассасалари ва 1 127 та соғлиқни сақлаш объектларига жами 4 150 км оптик толали алоқа линиялари ташкил этилган.

2020-2021 йилларда жами 12 мингта ижтимоий соҳа объектлари, яъни соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассалари ва умумтаълим мактабларининг юқори тезликдаги Интернетга уланиши таъминланади.

Биргина 2020 йилда оптик толали алоқа линиялари қуриш орқали жами соғлиқни сақлаш муассасаларининг 95 фоизи (3 340 та), умумтаълим мактабларнинг 86 фоизи (8 710 та) ҳамда барча мактабгача таълим муассасаларини (5 707 та) юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланиши таъминланади.

2021 йилда эса барча ижтимоий соҳа объектлари юқори тезликдаги интернет билан таъминланади ҳамда чекка олис ҳудудлардаги аҳоли масканларида ҳам телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг