Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Зангиота ҳокими ўринбосари жаримага тортилди

Зангиота ҳокими ўринбосари жаримага тортилди

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Назорат-ҳуқуқий хизмати ва Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси ҳамкорликда Тошкент вилояти, Зангиота тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Бахтиёр Мамадалиевни ўқитувчиларни мажбурий обуна ва меҳнатга жалб қилгани учун 15,61 млн. сўм жаримага тортди.

Ўрганиш давомида Тошкент вилояти, Зангиота тумани ҳокими ўринбосари Бахтиёр Мамадалиевнинг жорий йил 15 январдаги оғзаки топшириғига кўра тумандаги барча умумтаълим мактаблари 10 дан ортиқ рўзномаларга обуна бўлишга мажбур этган.

Жорий йилнинг 14 май куни ZOOM дастури орқали тумандаги жами 44 та умумтаълим мактаби директорларига онлайн тарзда йиғилиш ўтказиб, умумтаълим мактаб микроҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи кам таъминланган аҳолини хатловдан ўтказиб, ҳисоботларни ҳокимиятга топшириш тўғрисида кўрсатма берган.

Унинг мазкур кўрсатмасига асосан умумтаълим мактаб директорлари педагог ходимлар билан бир ҳафта мобайнида аҳолини хонадонма-хонадон юриб хатловдан ўтказиб, кам таъминланган оилаларнинг рўйхатини шакллантириб ҳокимиятга тақдим этган.

Шунингдек, Б.Мамадалиев туман халқ таълими бўлими мудирини мажбурлаб, тумандаги барча умумий ўрта таълим мактаби директорларига жорий йилнинг 28 май куни эрталаб соат 6:45 да ёшлар етакчиси ва яна бир нафар ходим билан биргаликда йиғиб, тумандаги барча мактаб директорлари ва 80 нафардан ортиқ ўқитувчиларни ўсган ўтларни тозалаш ва ерни чопиқ қилиш, юмшатиш кўринишидаги мажбурий меҳнатга жалб қилган.

Бу билан Зангиота тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Бахтиёр Мамадалиев томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 7-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3931-сонли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 февралдаги 146-сонли қарорлари талаблари бузилганлиги ҳолати аниқланди.

Шу сабабдан, Зангиота тумани ҳокимининг ўринбосаридан тушунтириш хати олинганида, у ушбу ишларга жалб этганлигини тасдиқлаб тушунтириш берди.

Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси мазкур ҳолатларни қонуний ўрганиб чиқиб, ҳоким ўринбосарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми билан 15,61 млн. сўм жарима жазоси қўллаган.

Президент қарорига кўра, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланади.

Ҳужжатнинг 16-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига (телефон: 1007) ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига (телефон: 2001176) педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан мунтазам равишда назорат тадбирларини ўтказиш ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлаш вазифалари юклатилган.​

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг