Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўз тилига ҳокимлик қилолмаётган ҳоким

Ўз тилига ҳокимлик қилолмаётган ҳоким

Одамнинг ҳоким бўлгиси келади!

Фарғонага ҳоким бўлгиси кеп кетадияй!

Ҳеч бўлмаса бирон туманига.

Хоҳлаган одамни чақириб хоҳлаганча сўксанг, ҳақорат қилсанг, нафсгинанг ором олса – ҳокимсан-да!

Шунча ҳақоратласанг ҳам ҳеч ким ғиринг демаса, гап қайтармаса, яна сўккинг келаверади-да, ўз ҳудудингда султонсан-да!

Кабинетингга кираётиб шерга айлансанг, тилинг қичийверса айниқса йиғилишларда. Сендан ёшми, каттами, фермерми, ўқитувчими – нима фарқи бор, ҳаммаси бир гўр, сен – ҳоким!

Сўз бойлигингдаги бошқалар кўп ишлатавермайдиган сўзларни ишлатасан – ҳокимсан-ку!

Ўрганиб қолгансан – айниқса ўқитувчиларни кўрсанг, луғатингдаги энг «ноёб» сўзлар ёдингга тушаверса, ўзингни тўхтатолмайсан-да, ҳокимсан-да!

...деворяпти одам охирги пайтлар Фарғона томонлардан келаётган хабарларни эшитиб.

«Фарғона ҳокими тунги селекторга чақиртирган мактаб раҳбарлари аварияда ҳалок бўлди» деган маънодаги хабарларни ўқидик интернетда, ижтимоий тармоқларда. Данғарадаги иккита мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари якшанба куни вилоят ҳокими ўринбосари топшириғини бажариш учун Фарғона шаҳрига кетаётиб йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этганидан хабарингиз бор. Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас. Гап ҳоким ва ўқитувчи, таълим тизими раҳбарлари ва ҳокимлар ўртасидаги муомала-муносабат ҳамда Фарғонадаги бундай муносабатлар ва уларнинг оқибати ҳақида.

Халқ таълими вазирлиги Назорат-ҳуқуқий хизмати берган маълумотга кўз югуртирсангиз, фарғоналик яна бир сўконғич ҳокимни «кашф этасиз».

«Вазирнинг Назорат-ҳуқуқий хизмати томонидан ижтимоий тармоқларда «Фарғона ҳокими тунги селекторга чақиртирган мактаб раҳбарлари аварияда ҳалок бўлди» сарлавҳаси остида тарқалган мақола тафсилотларини ўрганиш мақсадида Фарғона вилояти Данғара туманига хизмат сафарига борилди. Сафар жараёнида туман халқ таълими бўлими мудири Алимардон Абдухолиқович Содиқов билан суҳбат ўтказилди. Ундан воқеа тафсилотлари ҳақида сўралганда, у содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида туман халқ таълими бўлими маънавий-ахлоқий тарбия ва болаларнинг ижтимоий ҳимояси шўъбаси мудири А.Мираминовдан 2019 йил 29 cентябр куни соат 21:30ларда телефон орқали эшитганини маълум қилди.

Бундан ташқари, у туман ҳокими Саидмурод Ғуломқодирович Аминжонов ҳокимликда ўтказиладиган йиғилишларда мунтазам равишда уни камситиб, ҳақоратлаб келаётгани, 2019 йил 23 сентябр куни соат 8-30 да туман ҳокимлиги мажлислар залида туман ХТБ тасарруфидаги мактаблар директорлари ва тумандаги бошқа ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳам ҳақоратлаб, камситиб, «мудирлик сенга қолгани йўқ» деб сўкиб ҳайдаб чиқариб юборгани сабабли 2019 йил 24 сентябр куни вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи М.Турдиматов ҳузурига бориб, эгаллаб турган лавозимидан ўз хоҳишига кўра озод этишни сўраб ариза билан мурожаат қилгани ва ўша кундан бошлаб ишга чиқмай келаётганини, ходимлари ЙТҲга учраганини эшитиб зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, 25 ва 26-мактабларнинг ММИБДЎлари вафот этганликларини билганини, уларни кўмиш билан боғлиқ барча тадбирларда иштирок этгани, ходимларнинг Фарғона шаҳрига боришлари юзасидан топшириқ берган туман ҳокимлиги мутасаддилари воқеа жойига келишмагани, вафот этган ҳамда жароҳат олганларнинг ҳолидан хабар олмаганликларини маълум қилди.

Ўрганиш жараёнида тумандаги 7 та мактаб директори билан ўтказилган суҳбат чоғида туман ҳокими С.Аминжонов мактаб директорларини ҳар душанба куни ҳокимлик соатига жалб қилиб, йиғилишни туман халқ таълимини муҳокама қилишдан бошлаб, шу аснода туман халқ таълими бўлими мудири А.Содиқовни кўпчиликни олдида изза қилишини, арзимаган камчиликлар учун ҳақоратлаб, камситишини, баъзида эса мактаб раҳбарларини ҳам камситиб, уларни ҳам ҳақоратлашини ўзларининг тушунтириш хатларида маълум қилишди».

Мактаб директорлари сафида ҳокимнинг турмуш ўртоғи ҳам бор экан...

Бўл-бўл ҳоким бўл экан-да деворасиз қоғозга тушмаган яна қанча гапларни эшитсангиз.

Данғаранинг ҳокими, умуман ҳокимлар, ўз тилига ҳокимлик қилолмаётган ҳокимлар! Бир мундоқ теварак-атрофингизга боқсангиз-чи! Одамлар нима деяпти сиз ҳақингизда, Президент нима деяпти ўқитувчилар ҳақида?

Ҳокимбовалар!

Фарғоналик ҳокимбовалар!

Сиз ролларни алмаштириб олгансиз!

Маданиятли жамиятда ҳоким ҳам, раис ҳам, ҳамма-ҳамма муаллимни ҳурмат қилади. Ҳар қандай даврада ўқитувчини кўрса бир ҳушёр тортади, у ёқ-бу ёғини тўғрилаб олади. Бировга танбеҳ берса, ўқитувчи танбеҳ беради, бировга насиҳат қилса, педагог насиҳат қилади. Бировни уришса, муаллим уришади. Президентимизки бугун ўқитувчи ҳурматини жойига қўяётган экан, сиз ҳам ҳурматингизни билинг! Ҳаддингизни билинг! Ўзингизни, тилингизни йиғиштириб олинг!

Таҳририятдан: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мақолада тилга олинган ҳодисаларни ўрганиб, тегишлича ҳуқуқий баҳо беради деган умиддамиз.

Ҳусан Карвонли

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг