Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўқитувчилар тоифасини белгилаш тартиби қайта кўриб чиқилади

Ўқитувчилар тоифасини белгилаш тартиби қайта кўриб чиқилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани хабар қилинганди.

Йиғилишда педагог кадрлар малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда педагоглар ҳар 5 йилда, раҳбар кадрлар эса ҳар 3 йилда малака оширмоқда. Лекин бу тўла қамров учун етарли эмас. Жорий йилда Сирдарё вилоятида 11 минг нафар мактаб ўқитувчиларининг барчаси синов тариқасида масофавий малака ошириш курслари билан қамраб олинмоқда.

Келгуси йили Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида малака ошириш бўйича масофадан ўқитиш ташкил этилади. Тошкент давлат педагогика университети педагог кадрлар малакасини оширишда республикада етакчи олийгоҳ этиб белгиланади. Авлоний номидаги малака ошириш институти эса таълим муаммоларини чуқур ўрганадиган илмий-тадқиқот даргоҳи бўлади.

Ўқитувчилар тоифасини белгилаш тартибини ҳам тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

Бугунги кунда халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган 490 мингдан зиёд педагогларнинг 4 фоизи олий, 15 фоизи биринчи тоифага эга. 4 босқичдан иборат амалдаги аттестация тизимида қоғозбозлик ҳанузгача сақланиб қолган.

Шу боис мутасаддиларга тоифа бериш тартибини соддалаштириш, педагоглар билимини йил давомида баҳолаш имконини берувчи 2 босқичли тизимга ўтиш бўйича кўрсатма берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Яна бир муаммо – таълим сифати пастлиги, моддий-техника базаси етарли бўлмагани сабабли айрим мактаблар тўлиқ қувватда ишламаяпти. Масалан, Тошкент шаҳридаги 32 та мактабда ўқувчиларни қамраб олиш даражаси паст.

Мамлакатимизда хусусий таълим муассасаларига кенг шароит яратилаётгани боис келгуси йилдан эксперимент тариқасида кам қувватда ишлаётган мактабларни танлов асосида салоҳиятли талабгорларга ишончли бошқарувга бериш таклифи билдирилди.

Мактабларда замонавий бошқарувни жорий қилиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Энди мактаб директорларини лавозимга тайинлаш бевосита маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда, танлов асосида амалга оширилади. Ҳар бир номзод мактабнинг кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастури билан танловда иштирок этади ва ҳар йили кенгашлар олдида ҳисобот беради.

Бундан асосий мақсад – мактабларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш, директорлар ишига ноқонуний аралашувлар ва кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш.

Мактаблар билим билан бирга тарбия, маънавият маскани ҳамдир. Давлатимиз раҳбари бу ишларга ҳудудларда яшаб, ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларни кенг жалб қилиш, мактабларнинг директор жамғармасидан ва маҳаллий бюджет маблағларидан уларга ойлик маош тўлаш лозимлигини таъкидлади.

Олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва қамровни ошириш, ҳар бир ҳудудда камида биттадан нодавлат олий билим юрти ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.

– Бугун кўриб чиқилган масалалар ҳаммадан, мактаб директоридан бошлаб Бош вазиргача бўлган барча бўғиндаги раҳбарлардан юксак масъулият ва юқори даражадаги жавобгарликни талаб қилади. Бу – йиллар давомида кўринмайдиган, аммо натижаси яқин 10-15 йилда бутун мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартиришга асос бўладиган қудратли манба, – деди президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Парламент вакиллари, шунингдек, жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатларидан таълим тизимидаги ўзгаришларни халқимизга етказиб, дахлдорлик ҳиссини ошириш, фармон қабул қилингач, ижросини назоратга олиш, ўз тажрибалари билан амалий ёрдам бериш сўралди.

Йиғилишида ҳокимлар, олий таълим муассасалари ректорлари, мактаб директорлари, педагоглар таълим-тарбия сифатини оширишга оид фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг