Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ҳали талаба» бўлганингиз учун сизга тепадан қарамайди» – Freie Universität Berlin магистранти билан суҳбат

«Ҳали талаба» бўлганингиз учун сизга тепадан қарамайди» – Freie Universität Berlin магистранти билан суҳбат

«Хориждаги ватандошлар»нинг навбатдаги суҳбатдоши Берлин Эркин университети (Freie Universität Berlin) магистратура босқичи талабаси Сабоҳат Ражабова.

У билан суҳбатимиз Германиядаги ҳаёт, немис тилини ўрганиш, қизиқишлар ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

DAAD дастури стипендиясига сазовор бўлдим

Тошкент шаҳрида таваллуд топганман. 2002 йили, яъни 5 ёшимда Чилонзор тумани 280-ўрта махсус таълим мактабининг 1-синфига қадам қўйдим. Мактабни битиргач, 2011 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Шайхонтоҳур академик лицейига фан олимпиадаси ғолиби бўлганлигим сабабли имтиёзли равишда қабул қилинганман. Ушбу лицей ўзим кейинчалик фаолият олиб борган лойиҳа, Гёте-Институтининг «Мактаблар: келажак ҳамкорлари» лойиҳаси доирасидаги ҳамкор таълим муассаса бўлганлиги учун, 2013 йилда Германиянинг Франкфурт-на-Майне шаҳридаги 1 ойлик тил ёзги курсларида қатнашиш учун стипендия қўлга киритишга ва бу ерга келишга муваффақ бўлдим. Биринчи марта Германияга қадам қўйишим ва биринчи марта чет элга чиқишим эди ўшанда, 16 ёшдаги бир ўсмир учун ажойиб ва қизиқарли бир тажриба эди. Орадан роппа роса бир йил ўтиб, 2014 йилда лицейни битириб, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Хорижий филология факультети немис филологияси кафедрасига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Бакалаврнинг икки семестрини Германиянинг GIP (Германистика институтлари ҳамкорлиги) лойиҳаси ва Erasmus+ дастури доирасида Германиянинг Мюнстер шаҳридаги Вестфалия Вильгельм университетида ўтказдим. Бундан ташқари, Мюнстердаги бошланғич таълим мактабида амалиёт ўташ имконим ҳам бўлди.

Университетнинг бакалавр босқичини имтиёзли равишда 2018 йилда битирганимдан сўнг, иш тажрибасига эга бўлиш ва бошқа инсонлар билан бир жамоада ишлаш ҳисси билан танишиш учун Тошкент шаҳридаги «SmartSchool» хусусий мактабига немис тили ўқитувчиси сифатида ишга кирдим. У ерда бир ўқув йили ишлаганимдан сўнг, мени дарс беришдан кўра маданий лойиҳалар ташкиллаштириш кўпроқ қизиқтиришини англадим ва 2019 йил май ойида Гёте-Институтининг «Мактаблар: келажак ҳамкорлари» (PASCH) лойиҳасига ишга қабул қилиндим. У ерда қарийб 1,5 йиллик фаолиятим давомида, қисқа бўлса-да, ҳамкор мактаблар ва лицейлар ўқувчилари ва ўқитувчилари учун бир-биридан қизиқарли лойиҳалар, немис тилини ўқитиш учун малака ошириш курслари, маҳорат дарслари, Германия ва Европанинг бошқа давлатларида, шунингдек, Тожикистонда PASCH лицей ва мактаблари учун немис тили курслари ташкил қилдик. Фаолиятим давомида мен Германиянинг DAAD ташкилоти стипендия дастурига ҳам ҳужжат топширдим ва Германияда магистратурада таҳсил олиш учун стипендияга сазовор бўлдим. Шундай қилиб, 2020 йили сентябрь ойида Гёте-Институтдаги фаолиятимни тўхтатиб, Германияга ўқишга келдим.

Айни пайтда Берлин Эркин университети (Freie Universität Berlin)да «Немис тилини чет тили сифатида ўргатиш ва маданий дидактика» йўналишида магистр талабасиман, 2-семестрни битириб, 3-семестрга ўтиш арафасидаман. Берлин Эркин университети Германиянинг энг етакчи университетларидан бири бўлиб, у 1948 йили ташкил қилинган. Ушбу университет эркин деб аталишига сабаб, у бевосита талабалар, ёшлар ва аҳоли томонидан ташкил қилинган бўлиб, олийгоҳнинг, илм-фаннинг давлатдан, ҳукумат ва сиёсатдан мустақил равишда ривожланиши кераклигини ўз Низомига киритган. Эркин университетининг мақсадлари унинг шиори ва гербида тасвирланган: «Veritas – Iustitia – Libertas» (лотин тилидан: Ҳақиқат, Адолат, Эркинлик). Бу олийгоҳда турли хил йўналишларда ҳам инглиз, ҳам немис тилларида бакалавр ва магистратурада таҳсил олиш учун имкониятлар анчагина.

Бошида мен буни хоҳламадим

Албатта, энг муҳим омиллардан бири, онамнинг бир пайтлар немис тили мураббийси бўлганликлари эди. Кичкиналигимда Германияга малака оширишга бориб келганларида кўплаб китоблар, журналлар, расмлар ва бошқа совғалар олиб келгандилар. Уйимизда дадамнинг кутубхоналари бўлганлиги учун шундоқ ҳам китоблар орасида катта бўлаётгандим, онамнинг немис тили ва адабиётига оид китоблари ҳам анчагина эди. Биринчи немис тилида ўқишни ўрганишни бошладим, сўнгра секин-секин Германия, Австрия, Швейцария каби немис тили расмий тили бўлган мамлакатлар, у ердаги шаҳарлар, овқатлар, маданиятлар, мактаблар, ўқиш мени қизиқтира бошлади. Немис тилини ўрганиш мен учун осон бўлмади, ҳатто бошида мен буни хоҳламадим, аммо онам, келажакда кўпроқ имкониятларим бўлиши учун, менга немис тилини ўргатишда давом этдилар, мен ҳам сўнг тилга ва тилнинг кучига қизиқа бошладим. Кейинчалик Гёте-Институтининг немис тили курсларига қатнадим ва у ерда янги дўстлар орттириб, улар билан биргаликда тил ўрганишнинг қандай мароқли эканлигини тушундим. Ҳозир таҳсил олаётган соҳам эса бошқа инсонларга фақат тил ўргатишни эмас, ўша тилда уларга яна нималарни етказиб бериш мумкинлигини ҳам ўргатади, хоҳ маданият бўлсин, хоҳ ўлкашунослик, хоҳ адабиёт ёки табиий фанлар. Бу ерда муҳим омил, тилнинг бир асбоблигини англаш ва бу асбоб орқали тилнинг ўзидан ташқари яна кўплаб нарсаларни ўргатиш ва етказиш мумкинлигини тушуниш. Масалан, бир немис тили дарси фақат немис тили грамматикаси ва адабиёти эмас, айни пайтдаги иқлим ўзгариши, маданий алоқалар, гендер тенглик, демократия каби глобал мавзуларни ҳам қамраб олса, бу ўқувчи учун ҳам қизиқарли, ҳам фойдали бўлади. Айнан бу омил ҳам мени қизиқтирган омиллардан бири бўлди, чунки тил ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олган.

Магистратурани битириш учун ёзадиган илмий ишимнинг аниқ мавзусини эса келаётган куз-қиш ойларида белгилайман, лекин ишимни немис тили орқали математика, информатика ва табиий фанлар дарсларини ташкиллаштириш (MINT дастури) ва тил дарсини табиий фанлар дарслари билан боғлаш масаласига бағишламоқчиман.

«Ҳали талаба» бўлганингиз учун тепадан қарамайди

Германиянинг таълим имкониятлари жуда кенг бўлиб, энг ўзига тортадиган омил – олий таълимнинг бепуллиги. Албатта тўлов асосида ўқишга қабул қиладиган университетлар ёки йўналишлар ҳам бор, аммо олийгоҳларнинг камида 90%и талабаларга бепул ва юқори сифатли таълим беради. Айнан Германияда таҳсил олаётганлигим сабаби, бу ер мен учун «бегона» жой эмаслиги ва Германиянинг таълим тизими билан яхши таниш бўлганлигим. Албатта, Австрия ва Туркия каби бошқа мамлакатлар ҳам мени қизиқтирди, аммо Германияда таълим сифати ва яшаш шароити мени жуда қониқтирганлиги туфайли айнан бу ерни танладим ва Германия ташкилоти бўлган DAAD стипендияси учун ҳужжат топширишга қарор қилдим.

Германияда исталган йўналишингизда бепул таҳсил олиш имконингиз бор ва бу ерда муҳим омиллардан яна бири, кўплаб профессор ва доцентларнинг сизга «ҳали талаба» бўлганингиз учун тепадан қарамаслиги, аксинча, сизни келажакдаги ҳамкасблари сифатида ҳурмат қилишлари ва ўзларига тенг кўришлари, сизга фикрлаш ва ижод қилиш учун эркинлик беришларидир.

Инсоний жиҳатларини унинг миллати белгиламайди

Тўғрисини айтсам, мен инсонларни маданиятига ёки келиб чиқиш мамлакатига қараб ажратмайман, ажрата олмайман. Ҳар бир инсоннинг ўзига хос маданияти бор, деб ўйлайман ва бир инсон характери ва инсоний жиҳатларини унинг миллати белгилайди, деган фикрда эмасман, балки туғилиб ўсган жамиятнинг таъсири бордир, аммо ҳар бир инсон ўзига хос. Шунинг учун, бу саволга фақатгина шундай деб жавоб бера оламан: инсон ҳамма жойда инсон, худди «ўзбеклар» ичида ҳам меҳмонсевар ва очиқкўнгил, ҳам совуқ ва бошқаларга ёпиқ инсонлар бўлганлиги каби «немислар» орасида ҳам бундай характерли инсонлар бор. Германияликларнинг маданиятига келсак, албатта Ўзбекистондан фарқ қиладиган тарафлари бор, ҳатто Германиянинг ичида жуда кўплаб маданиятлар тўпланган. Мисол учун, бу ерда аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигига жуда катта аҳамият берилади. Бундан ташқари, айниқса, пандемия даврида яна ҳам кўпайди, турли ташкилот ва фондларда кўнгилли ишлайдиган ва қарияларга, жисмоний имконияти чекланган инсонларга ёрдам берадиган кўнгиллилар, айниқса, ёшлар жуда кўп. Болалар тарбиясида ҳам ота-оналар фарзандларига кичкиналигидан мустақил бўлишни, қўрқув ва бошқа туйғуларини бошқаришни, биринчи ўринда фарзандларининг ўзларини ҳурмат қилиши ва яхши кўриши кераклигини, уларни ҳеч ким назорат қила олмаслигини ва улар ҳеч кимга тегишли эмаслигини ўргатадилар.

Бошлиқ-ишчи классик муомаласини кам учратасиз

Биринчи ўринда таълим тизимининг кўплаб ижобий тажрибаларини Ўзбекистонда жорий қилиш мумкин, деб ўйлайман. Мисол учун, Erasmus+ дастури Ўзбекистоннинг фақатгина айрим олийгоҳларида мавжуд, аммо бу дастурни мамлакатимизда янада кенгроқ тарғиб қилиб, Европанинг турли олийгоҳлари билан кўпроқ ҳамкорликлар қурилса, кўпроқ талабанинг бир семестрга бўлса ҳам чет элда малака ошириш ва ўқиш имконияти бўлар эди.

Ишлашга келсак, бошлиқ-ишчи классик муомаласини бу ерда кам учратасиз. Бошлиқ билан ходим тенг бўлиб, иерархия ва ҳурматсизлик кам ҳолатларда учрайди, ходимлар учун барча қулайликлар ва меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш учун имкониятлар яратилган. Масалан, айримлари иш кунларида ҳам фирма ёки ташкилот маъмурияти ходимлари учун бирор бир кўнгилочар маросим ёки коллективлик хиссини кучайтириш учун саёҳатлар ташкиллаштиради.

Тил ўрганиш кўплаб имкониятларни тақдим этади

Соҳамнинг Ўзбекистонда ривожланиши учун тўсиқ бўлаётган омиллардан бири – бу жамиятнинг ва ундаги кўплаб инсонларнинг янгиликларга ва модернизацияга бўлган душманлиги, ўзларининг дунёқарашларидан беш сония учун чиқиб ҳаётга бошқа нуқтаи назарлардан боқишдан қўрқишлари, ваҳоланки тил ўрганиш кўплаб имкониятларни тақдим этади. Агар аксарият юртдошларимиз янгиликларга ва бошқа тилларга, маданиятларга бироз очилса, ҳам тил ўрганишнинг, ҳам бир чет тили воситасида бошқа кўплаб фан ва илмларни ўрганиш мумкинлигини, билим олиш мумкинлигини кўрадилар. Тил ўргатишдан ташқари соҳамга маданий алмашинув ҳам кирганлиги учун, бу омил мен учун шахсан жуда муҳим.

800-1000 евро харажат қилиши мумкин

Бу қайси шаҳарда яшашингизга боғлиқ. Масалан, Берлинда ўртача ойига ижара ҳаққи билан бир талаба 800-1000 евро харажат қилиши мумкин, чунки ижара ҳаққи бу ерда бошқа кичикроқ шаҳарлардан кўра бироз қиммат. Чет эл фуқароси бўлган талабаларнинг Германияда ҳафтасига кўпи билан 20 соат ишлаш ҳуқуқлари бор. Энг кам иш ҳақи билан ҳафтасига 20 соат ишласангиз, бир ойлик маошингиз ойлик харажатларингизга бемалол етади.

Дунёнинг исталган нуқтасидан туриб ҳам Ўзбекистонга фойдам тегишини хоҳлайман

Аслида келажак учун режалардан кўра кўпроқ орзулар қуришни яхши кўраман, чунки эртага нима бўлишини, режам ўхшаб-ўхшамаслигини ҳеч ким билмайди. Аммо яқин ойлар учун албатта режаларим ҳар доим бор. Сентябрь ойида ўқишим доирасида бир семестр давомида амалиёт ўташ учун Туркиянинг Истанбул шаҳрига 6 ойга жўнаб кетаяпман ва у муҳташам шаҳарда ҳаётимнинг ажойиб ярим йилини ўтказаман, деб ўйлайман. Ундан сўнг Берлинга қайтиб келиб магистрлик даражамни олиш учун илмий ишимни ёзиб, уни ҳимоя қиламан. Магистратурани битирганимдан сўнг қайси шаҳарда ёки давлатда яшашимни ҳануз билмайман, аммо қаерда иш имкониятлари яхшироқ бўлса, ўша ерда, маданий лойиҳалар ва тил ўргатиш лойиҳалари билан иш фаолиятимни бошламоқчиман. Иш билан биргаликда бошқа бир мутахассисликда ҳам яна иккинчи олий таълими олишни бошламоқчиман. Ўзбекистонга доимий яшаш учун қачон қайтишимни ҳали билмайман, лекин бир нарсани аниқ биламан, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб ҳам Ўзбекистон аҳолисига фойдам тегишини хоҳлайман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг