Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ДТМ турли баҳсларни келтириб чиқарган 19 августдаги тест синови сабабларини очиқлади

ДТМ турли баҳсларни келтириб чиқарган 19 августдаги тест синови сабабларини очиқлади

Фото: xabar.uz

Маълумки, 2019/2020 ўқув йили учун абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш янгича тартибда, абитуриентлардан ҳеч қандай ҳужжат олиб қолинмаган ҳолда «онлайн» тарзда 15 июндан 15 июлгача амалга оширилди, дейилади ДТМ матбуот хизмати хабарида.

Мазкур жараёнга Давлат хизматлари марказларидан ва олий таълим муассасаларидан 4 500 нафардан ортиқ операторлар (фақатгина операторларнинг ўзи шунча) жалб этилди. Бундан ташқари абитуриентлар Ягона интерактив давлат хизматлари портал орқали ҳам рўйхатдан ўтди.

20 июлдан абитуриентларга тест синовларида қатнашиш учун рухсатномаларни Давлат тест марказининг расмий веб-сайтидан «онлайн» олиш имконияти йўлга қўйилди.

Рухсатномаларини олиш даврида абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жараёнида масъул ходимлар томонидан баъзи хатоликларга йўл қўйилганлиги аниқланди. Жумладан:

  • Рўйхатдан ўтган абитуриентларни базадан ўчириб юборилганлиги;
  • Чет эл фуқароси бўлмаган абитуриентларни чет эл фуқароси сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги (чет эл фуқаролари суҳбат асосида ОТМларга қабул қилинади);
  • «Брайл» алифбосида имтиҳон топшира олмайдиган ёки соғлом бўлган абитуриентларнинг кўзи ожиз сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги каби хатоликлар.

Шу муносабат билан Давлат тест маркази абитуриентлар манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда, Давлат комиссиясига хатоликларни бартараф этиш бўйича хат билан мурожаат қилган.

Давлат комиссиясининг 17 августдаги 14/1-2100-сон ёзма кўрсатмасига асосан техник хатолик бўлган тегишли абитуриентлар учун видеокузатув назоратида шаффофлик таъминланган ҳолда 2019 йил 19 август куни соат 14:00 да Давлат тест марказида тест синовлари ўтказилди.

Тест синовларида 50 нафар абитуриент иштирок этиши белгиланган бўлиб, улардан 39 нафари тест синовларида иштирок этди, 11 нафари эса тест синовларига келмади.

Мазкур абитуриентларнинг натижалари ҳисобланганда энг юқори балл 117 баллни, энг паст балл эса 34,5 баллни ташкил этди.

Улардан икки нафари ногиронлиги бор шахс бўлганлиги учун, имтиёз бўйича икки фоизлик қўшимча квота доирасида бири 65,8 балл билан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига, иккинчиси 62,9 балл билан Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтига талабаликка тавсия этилди. Қолган 37 нафари эса етарли балл тўплай олмади.

Кўриниб турибдики, жорий йил 19 август куни Давлат тест марказида тест синови топшириши белгиланган 50 нафар абитуриент, турли ижтимоий тармоқларда ёзилаётганидек, кимнингдир таниши ёки коррупция аралашган алоҳида гуруҳ эмас, техник хатолик туфайли белгиланган саналарда тест синовида иштирок эта олмаган, тоифаси ўзгарган абитуриентлардир. Тест синовларида иштирок эта олмаганлиги ёки тоифаси ўзгарганлигида ушбу абитуриентларнинг айби йўқлиги инобатга олиниб, уларнинг қонуний ҳуқуқи ҳимоя қилинди ва давлатимиз томонидан имконият яратилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг