Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исроил Тиллабоев

Халқ учун ишла, ўзингга қайтмаса, фарзандингга қайтади!

Чет тили фақат «энглиш»ми?

Чет тили фақат «энглиш»ми?

Фото:«Xabar.uz»

Яқинда бош вазиримиз Aбдулла Aрипов Халқ таълими ходимлари билан учрашганида мен сизларга Президентимизнинг гапларини айтмоқдаман, деди. Учрашув жараёнида, инглиз тилига эътибор қаратиб рус тили ва бошқа тилларни унутдик, хорижда мактабни битираётган ўқувчи 4 та ҳорижий тилни билади, биз эса борини йўқ қилдик, ўрнига янгисини қурмадик, деди.

Мен ижтимоий тармоқда Ўзбекистоннинг минглаб ўқитувчилари билан бевосита алоқада бўламан, фанимга доир бўлмаган бошқа фан гуруҳларида ҳам бўлиб суҳбатлашаман. Шундай гуруҳлардан бири немис ва француз тили ўқитувчилари билан гаплашиб уларнинг дардлари, миллатимиз дарди нақадар оғир эканлигини ҳис қилиб бугун эътиборингизни бугун ҳал қилмасак эртага кеч бўладиган чуқур муаммога қаратишга бел боғладим. Мени  ташвишга солган нарсалар,  булар ёшларимизга  немис ва француз тилларининг ўқитилиш даражаси ўта сусайиб, мавқеи пасайиб кетганлигидир.

Бир зумгина ўйлаб кўрингчи, сиз яшаб турган худудингизда авваллари қанча немис ва француз тилини ўргатувчи мактаблар бор эдию ҳозир қанча бор? Масалан мен 40-50 ёшлилар орасида кўп эшитаман, мен немис тили ўқиганман, мен француз тили ўқиганман, деган сўзларни, демак бизнинг худудда қадимда ушбу тиллар чет тиллар қаторида ўқитилган экан. Ҳозирги кунларда 65 та мактабли туманимда 1 та мактабда  немис тили ўқитилишини биламан, 2 та эди, иккинчиси қайта тайёрловдан ўтиб инглиз тилига ўтиб кетган экан. 1 та мактабда эса француз тили ўқитилади. Хуллас немис ва француз тили  ўқитилиши шаҳарда билмадиму қишлоқ  жойларида аянчли ахволда десак бўлади.

Хўш ушбу тилларнинг жахонда аҳамияти қандай?

Ҳар икки тил жахонда катта эътиборли  тилларидан хисобланади, Француз тили жахон тилларидан деб тан олинган. Дунё бўйича инглиз тилида 600 млн, рус тилида 260 млн, немис тилида 130 млн, француз тилида эса 220 млн киши (www.kazakh-tv.kz) сўзлашади. Демак ушбу 4  тилнинг  аҳамияти катта жахонда.

Бу икки тилнинг билгичлари томонидан кўплаб алоҳида хусусиятларини эшитамиз, жумладан  француз тили дунёдаги энг чиройли  ва ёқимли тиллардан дейишса, немис тилини ўрганиш ва қўллаш  жуда осон дея мақташади.

www.vatandosh.uz сайтининг 2011 йил 24 сентябрдаги Давронбек Тожиалиевнинг мақоласига кўра юртимизда 2300 та мактабда немис тили ўқитилган. Лекин бу маълумотга 7 йил бўлди, ҳозирги ахвол ҳақидаги аниқ маълумот топилмади, бу реал ахвол немис ва француз тили ўқитувчилари ижтимоий тармоқларидаги гуруҳларида бирга суҳбатлашиш орқали жуда пасайиб кетганини ҳис қилдим.

Немис ва француз тилларининг ўқитилиши бизда сусайиб кетганлигига сабаб нима?

Биринчидан кадрлар масаласи, Жахон тиллари ва Миллий университетларда ва вилоятлар марказларидаги баъзи Университетларда ушбу тиллар учун факултетлар очилган, педагогика институтларида ҳам биттадан гуруҳ 20-25 та талаба қабул қилишади хар йили.  хўш ҳар йили инглиз тили каби юзлаб ёш кадрлар чиқмаётган бўлса ҳам ҳар холда битириб чиқяпти-ку, бу ёқда мехнат қилиб келаётган мутахассислар ҳам бор,  унда муаммо нимада? Гап шундаки, биз хақиқатан ҳам борини ҳам «йўқотиб бўлдик», нима демоқчи бўлганимни куйида баён қиламан.

Иккинчиси, занжир реакцияси, яъни ушбу тилларни битириб келган ўқитувчиларга дарс бериш муаммоси, катта қилиб ЧЕТ ТИЛЛAРни  ўқитишни такомиллаштириш бўйича, деб қўйилган  1875-қарорни фақат инглиз тилига чиқарилган деб ўйлагувчи директорлар негадир немис ва француз тили ўқитувчиларига дарс беришга унамайди. Пешонаси тиришади.  Сабаб қилиб эса ота-оналар боласини инглиз тилини ўқишини исташини рўкач қилишади, уларнинг тушунчаси бўйича, агар мактабни инглиз тилига ўгирмаса, ота-оналар боласини бошқа мактабга олиб кетармиш, ахвол шу даражага келадики, мактабларда, ҳатто инглиз тили мутахассиси бўлмаса-да директорлар инглиз тили «ўтувчи» синфлар очиб ташлашяпти.

Масалан Бухоро вилояти Вобкент тумани бир мактаб немис тили фани устози биан гаплашиб қолдим,  мактабда 2017-2018 ўқув йилида биринчи синфларнинг барчасини инглиз тили ўқитамиз деб туриб олишди, лекин кадр йўқ, кадр бўлмагач биринчи чоракда дарс умуман ўқитилмади, кейин биз юқори ташкилотларга мурожаат қилдик, шундан кейин ҳам бир чорак ўтиб кетди деб, иккинчи чоракдан немис тили фани ўқитувчиси инглиз тилини қўшиб ўтди, ҳеч тушуна олмайдиган ҳолат, кимга керак бундай ўтилган инглиз тили? Жамият бундан қандай манфаатдор? Шунча машмашадан кейин ҳам 2018-2019 ўқув йилида ҳам биринчи синфларни инглиз тили қилишмоқчи, деди.

Биласизми мен гаплашган  мактабда 2017-2018 ўқув йилида «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2018» кўрик-танловининг Республика босқичида немис тилидан биринчи ўринни олган ўқитувчи ишлайди (икки марта Германияда малака ошириб қайтган). Шундай устоз ишлаётган мактабда қадрлари шу бўлса бошқа мактабдагиларни тасаввур қилавердим. Улар шунча ютуққа эришиб келса-да нима учундир ҳар доим ўзини камситилган ҳис қилади. Мактабда нима учун шундай кадрлар мавжуд бўлганда фақат ҳужжатда инглиз тили ўқитилиши керак? Уларнинг айби Давлат Республика бўйлаб очиб қўйган ушбу факултетларни битириб чиққанликларидами? 4 йил олийгоҳда немис ёки француз тилини не не умидлар билан ўқиб келган ёш кадр ё таржимонликка ўтиб кетишади ва ёки қайта тайёрлов орқали инглиз тилига ўтиб кетишади-да шу фандан дарс беришади ва ёки шартта Германия ёки Францияга иш излаб кетиб юборишади: «бориниям йўқотяпмиз».

 Парадокс: педагогликка тайёрлаб немис ва француз тилларидан талаба кадрлар битиргизиш тинмайди, лекин уларни мактабда тан олмасдан яна бошқаттан инглиз тилига тайёрловга мажбурлашади, ундан кўра келинглар Олий ўқув юртларида мазкур тиллардан ихтисосликларни беркитиб ўрнига биратўла инглиз тилини очиб қўяқолайлик?!

Aйтганча, қайта тайёрлов курси биласизми  муддати қанча: 4 ой! Aтиги 4 ойда Институтда 4 йил ўқиб эришган  инглиз тили ўқитувчиси даражаси билан тенглаштириб қўйиш мумкинми, қайси супер интерфаол технология асосида? Шу қисқа муддатда бутун соҳасини мажбуран ўзгартиришга мажбур бўлаётган, ўзи севиб танлаган тилини ишсиз қолмаслик учун бошқасига алмаштирётган кучли билимли немис ёки француз тили ўқитувчиси раҳмим келди, яна бир томондан ўйлаб қарасак ушбу кадрларимиз шу қисқагина муддатда қай даражадаги ва савиядаги инглиз тили ўқитувчиси бўлиши ҳеч кимнинг парвойига келмайди, уларга муҳими инглиз тили «сертификат»и бор-ку, «ҳаммаси почестний»,  қолгани билан нима иши бор… кимни алдаяпмиз, давлатними, президентними, ота-оналарними  ёки болаларними?!

Учинчиси, Бунда ота оналарга ҳам кунда миясига қуйганимиз, чет тили - инглиз тили, деган тушунчамиз ҳам албатта тасир қилади. Бунинг натижасида университетга фақат инглиз тилидан имтихон топширилади, деб ўйлашади.

Тўртинчи сабаб. Оммвий ахборот воситалари, масалан: телевидения, газета-журналлар негадир доим инглиз тилини тарғиб қилади.  «Ёшлар» телеканали «General English», Севимли телеканали «The News» , Болажон телеканали «ABC Kids»,  «Қувноқ Aлифбо», «We learn English»,…. Бу яхши албатта, лекин оилангизда тўрт нафар фарзандингиз бўлсаю бирининг иши сал юришиб қолса ҳамма меҳрингизни ўша биттасига бермайсизку?!

Биринчилардан бўлиб Назирахон Aҳмедова «Ўзбекистон» телеканалида «Nous apprenons le Francais» (Француз тилини ўрганамиз) номли теледастур намойиш қилинганини кўпчилик эсласа керак. Нахотки ҳозирги даврда шунга ўхшаш дастурларни француз ва немис тилига қизиқтиришда эфирга узатишнинг иложи йўқ, ахир у даврдан ҳозир компютер технологиялари ва ўқитишнинг янги инновацион усулларининг  ўта замонавий турлари чиқиб кетганку?

Ўзбекистонга келадиган  туристлар сони бўйича французлар бир, немислар иккинчи (баъзан) ўринда эканлигини хисобга олинса, яқин йилларда француз ва немис тилларидан гид ва таржимонлар етишмай қолиши мумкин, мактаблардаги ўқитувчилар танқислигидан ва ёки ҳаммани кўр кўрона «инглиз» қилиб ташлаётганимиздан. Яна бир жиҳати,  юртимизда француз ва немис ҳамкорлар билан  кўплаб  қўшма корхоналар очилган бўлиб ушбу корхоналар учун ҳам таржимонлар ўзимиздан етишиб чиқиши шарт, чунки музокараларда таржимоннинг ўзингизники бўлиши сизнинг катта ютуғингиз бўлишини катта тадбиркорлар жуда яхши билишади.

Мен немис тили ўқитувчилари билан суҳбатлашиш жараёнида уларни ҳар йили 10-15  тадан ўқитувчиларни Германияда тажриба ва малакасини ошириш учун юборилаётганлиги эшитдим, бу ажойиб хол эди, демак албатта Ўзбекистонда немис ва француз тилларини оммалаштиришда Германия ва Франсция давлатлари доимо моддий томондан қўллайди, бундан унумли фойдаланиб, бахонада ютимиздаги ушбу фан ўқитувчилари ва ёшларимизнинг бу тиллардан билимларини ошириб олишимиз лозим.

Муаммони кандай ечишимиз мумкин,  нималар қилиш керак?

Aввало мактаб дастурларини қайта кўриб чиқиб инглиз ва рус тили билан биргаликда иккинчи ёки учинчи тил сифатида ушбу немис ёки француз тилларини ҳам қўшимча тил фани сифатида қўшиш лозим. Шунда ўқувчилар ва ота оналарга қайси тилни танлай экан, дея муаммо пайдо бўлмас эди, шунда немис тили ва фрацуз тили мутахассиси бўлиб мактабга келган ёш кадрларимиз директорннг қош қовоғига қараб ноқулай ахволга тушиб ўксимас ва ёки энг аянчлиси қайта инглиз тили мутахассислигига ўқишга мажбур бўлишмас эди. Майли мактаб ўқувчиларимиз битиргунча бутунлай ушбу фанларни ўрганиша олмас (рус ёки инглиз тилидан ҳам жуда қойиллатишаётгани йўқлигини кўриб турибмиз)  лекин бошланғич маълумотлар ва умумий билимларни етказа олсак, ушбу фанлар билан қўшимча шуғулланиш орқали бўлса ҳам тўлиқ ўрганадиган даражадаги қизиқиш ва хоҳиш уйғотишга хизмат қилар эди бу дарслар.

Булар учун кадрларни етишмовчилигига йўлиқишимиз мумкин, лекин бу холатда кайта тайёрлатганимиз, иглиз тилидан мажбур дарс бериб келаётган асли немис тили ёки француз тили мутахассисларидан фойдаланамиз. Камига  республика педагогика олий ўқув юртларида ушбу тилларга доир кафедраларни кўпайтиришимиз лозим. 

Ўқувчилар ва ота оналар ўртасида Германия ва Франциянинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятлари, у ердаги олий ўқув юртларида грантлар орқали ўқишлар ҳақида тарғибот қилиб, бир икки эмас, бир неча тилни ўрганишга қизиқтириш ишларини олиб бориш лозим. Зеро Француз тилини ўрганиб Эйфел минорасини французларнинг ўз тилидан эшитиб томоша қилиш ва ёки Европа локомативи Германия олий ўқув юртларида ўқиб келишни ким ҳам истамайди дейсиз?

Тил билиш дунё билишдир, хақиқатан ҳам бир тилни билдингизми истайсизми йўқми ўша давлатнинг урф одатлари ва ижтимоий хаётини ўрганасиз, дунёқарашингиз ошади. Ҳозирги глобал замонада Ўзбекистон мактаб ўқувчилари бир икки эмас, 3-4 тилни билиб чиқиши жамиятимизнинг ҳар бир жабҳасида ўзининг катта фойдасини беради. Биз буни уддалай оламиз, ўқувчиларимиз тил ўрганишга иштиёқлари кучли, фақат ушбу ёшларимизнинг тил ўрганиш харакатларини барча имкониятларимизни кучайтириб давлат миқёсида қўллаб қувватлашимиз керак.

Таълим тизимимизга янги «қон» келди: Чет элда ўқиб келган ёш юртдошаримиз бутун жамоа билан ишга киришдилар, хурматли Шерзод Шерматов ушбу тилларни Ўзбекистонда ўқитилиш самарадорлиги ва мавқеини юқори даражага кўтаришига умид қиламиз, зеро жахон кўрган ушбу кишилар ушбу тилларнинг аҳамиятини, кўп тиллар билиш фойдаларини мен ва сиздан кўра кўпроқ билишади!

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг