Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Зеленский мустақил президентми ёки олигархнинг қўғирчоғи? (3-мақола)

Зеленский мустақил президентми ёки олигархнинг қўғирчоғи? (3-мақола)

Украинада жорий йил бўлиб ўтган сайловларда 39 та номзод қатнашди. Иккинчи турда 73,2 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонган ва 2019 йил майдан ҳокимиятга келган Украинанинг 41 ёшли янги президенти Владимир Зеленский қатор ислоҳотларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Бу украин халқи томонидан ҳам, яқин ва узоқ қўшнилари тарафидан ҳам катта умидлар ва ишонч билан кутиб олинмоқда...


Бошланиши: Зеленский ва бугунги Украина: умидлар оқланадими? (1-мақола)

Давоми Зеленскийга Россия душманми? (2-мақола)


Она тилим – жон тилимми?

Шунингдек, Зеленский халқнинг маънавий асосларни сақлаб қолишга ҳам урғу бермоқда. Украинани қудратли кинематография давлатига айлантириш ниятида.

Хабарингиз бор, Украинада 16 июлда украин тилининг давлат тили сифатидаги ролини кучайтириш ҳақида қонун кучга кирган эди. Бунга республикада истиқомат қилаётган польяк, румин ва венгер миллатларининг ҳуқуқларини чекловчи ҳужжат деб қаралмоқда.

Миллий озчилик вакиллари ўрта таълимни ўз тилида 2023 йилга қадар олишлари мумкин, шундан кейин эса барчаси украин тилига ўтилади. Бундан кейин давлат тилини барча амалдорлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳарбий хизматчилар, таълим, тиббиёт вакиллари, адвокатлар, нотариуслар, давлат муассасалари ва коммунал хизматлар ходимлари билишга мажбур. Давлат теле- ва радиоузатиш, хизмат кўрсатиш соҳаларида украин тилидан тўлиқ фойдаланишни ўтишини таъминлаш шарт.

Украинанинг Ғарбдаги шериклари ва инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотлар миллий ва тил сиёсати бўйича анчадан буён йиғилиб қолган норозилигини ифода этишни ҳозирданоқ бошлашди. Жумладан, 2018 йил мартда Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто расмий Киевнинг миллий озчиликка кучли босими ўтказаётгани ҳақида эълон қилган эди.

Ўшанда Пётр Порошенко маъмурияти Будапештни Украина ички ишларига аралашиш сифатида баҳолаган. Венгрия бундан жаҳли чиқиб, Карпат орти венгрларига она тилида ўқитиш ҳуқуқи қайтарилмас экан, Украинанинг НАТО билан музокараларига вето қўяжагини билдирган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг миссияси раҳбари Матильда Богнер хоним мамлакатни кам сонли миллатлар ва туб жой аҳоли ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқишга устуворлик беришга чақирди.

БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари Дикарло ҳам Киевдан норози бўлиб, Хавфсизлик кенгаши йиғилишида кам сонли миллатлар тил ҳуқуқини таъминлашига ишонч билдирди.

«Европа ҳамжиҳатлиги» партияси вакиллари эса Давлат раҳбарининг бундай қарори миллатчилар ва радикаллар томонидан норозилик сифатида қабул қилишини мумкин, деб ҳисоблайди.

ЕХҲТ Олий комиссари Ламберто Заньер 2019 йил 29 июлда Украина тил сиёсатида камситувчи унсурлар борлигини яширмади.

Президент Владимир Зеленский маълум қилишича, «украин тилининг мутлақлиги ҳақидаги қонун етарлича муҳокамалардан ўтмасдан туриб қабул қилинган ва сиёсий баҳс-мунозаралар бош мавзуси бўлмоқда. Унинг бошқаруви даврида барча фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларига риоя қилиш энг муҳим масала бўлиб қолади».

Август ойи охирида Владимир Зеленский миллий озчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлигини билдирганди. «Халқ хизмати» партияси камситувчи ҳисобланган тил ҳақидаги қонунни президент бекор қилишга ҳам тайёрлигини ошкор қилди.

«Жайдари Трамп» ва устоз Коломойский

Зеленскийнинг онаси инженер, отаси Иқтисодиёт университетида информатика кафедраси мудири, техника фанлари доктори, профессор бўлган.

У ёшлигида грек-рим кураши, оғир атлетика, мусиқа, рақс, баскетбол ва волейбол билан фаол шуғулланган. 1995 йилда мактабни 4 баҳога тамомлаб, ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича олий ўқув юртига кирган. Аммо ўз ихтисослиги бўйича бирор маротаба ҳам ишламаган.

Унинг мутойиба ва актёрликка қизиқиши доимо устунлик қилган. Талабалик йилларида КВН жамоасида қатнашиб, 1997 йилда Олий лигада чемпион бўлди. Шундан кейин дўстлари билан «95-даҳа» жамоасини тузди ҳамда гуруҳга сардор ва муаллиф бўлди. 2005 йилда «Интер» телеканалида «Тунги даҳа» телешоусига муаллиф, режиссёр, етакчи актёр сифатида иш бошлади. Шоу аҳоли ўртасида жуда тез машҳур бўлиб, оммавийлиги бўйича «КВН» ва «Comedy Club» дастурларидан ҳам ўзиб кетди.

Шу вақтга қадар 15 та бадиий фильмда бош ролларни ижро қилди ва 22 та лойиҳада продюсер бўлиб ишлади. Унинг оиласи «Кинодаҳа», «95-даҳа студияси», «Зелари Фиш», «Кулгу лигаси продюсерлик маркази», «Анимация студияси 95», «ТВ даҳаси», «Анима Инвест», «Гауди Студио» ва «Даҳа-концерт» компанияларига корпоратив эгалик қилади.

Аҳоли орасида жуда машҳурлигидан фойдаланиб, Зеленский келгусида ўзининг сиёсий ютуқларига ишона бошлади. 2017 йилда «95-даҳа студияси» ҳуқуқшунослари «Халқ хизмати» сиёсий партиясини рўйхатдан ўтказишди. 2019 йил 1 январда Зеленский «1+1» телеканали орқали ўз номзодини президентликка илгари суришини эълон қилди.

21 январда эса партия унинг номзодини расман илгари сурди. У электорат ишончини қозониш учун мамлакат  табиий ресурслари савдосидан олинган даромаддан ҳар бир янги туғилган украинга ҳисоб-рақами очиш ва уни вояга етгач тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлиши ҳақида қуюқ ваъдалар берди.

У сайлов кампанияси чоғида одатдаги митинг ва варақа воситаларидан эмас, «Instagram» ва «Youtube» тармоқлардан фойдаланишни афзал билди. Унинг энг машҳур бўлиб кетган ибораси шундай янграрди – «Европанинг энг катта давлати қашшоқ бўлиши мумкин эмас».

Унинг актёрлик қобилияти, телевизион ҳажвчилиги сиёсий бошқарувда қўл келмоқда, яъни одамларга унинг мулоқот маданияти ва тушунтириб бера олиш маҳорати ёқмоқда.

«Халқ хизмати» телешоуси билан танилган президентини маҳаллий оммавий ахборот воситалари «Украинанинг Дональд Трампи» деб ҳам аташмоқда. Актёр бўлгани учун бир пайтлар АҚШда бу соҳадан Оқ уйга раҳбарликка ўтган Рональд Рейган билан ҳам қиёслашади.

Исроил нашрларидан бири унинг онаси Римма Зеленская яҳудий эканлигини, шу сабабли унинг ҳам томирида яҳудийлик қони оқишини баён этди. Улар бу борада Украина тақдирида катта рол ўйновчи, Зеленскийнинг чўқинтирган отаси, яҳудий-олигарх Игор Коломойский билан жуда яқин дўстона алоқаларга эгалигига шаъма қилишади.

Коломойский нафақат миллиардер, балки мамлакат сиёсий ҳаётида таъсирли шахслардан биридир. У собиқ президент Пётр Порошенко даврида Днепропетровск вилоятининг губернатори бўлган эди. Аммо Давлат нефть компанияси ва банк соҳаси билан боғлиқ зиддияти туфайли истеъфога кетди.

Сайлов бошланган пайтда эса рақиби Пётр Порошенкога қарши ички ишлар вазири билан биргаликда кўп жиддий ишларни олиб борди. Шу сабабли Порошенко Сайлов кампанияси чоғида Коломойский хориждан туриб овоз бериш жараёнларига бевосита таъсир ўтказишга урунаётганликда айблади. Нима бўлганда ҳам унинг Зеленскийга ҳал қилувчи ёрдам кўрсатгани ҳақиқатдир.

Аммо янги президент бу бойвучча билан сиёсий алоқалари йўқлигини ва сайловда бирор-бир тарзда қўллаб-қувватланмаганини таъкидлашдан чарчамаяпти. Аммо уни сайловларда роса қўллаб-қувватлаган биргина «1+1» телеканали айнан Коломойскийга тегишли эканлигини ёдга олиш кифоя. Бу канал оммабоплиги бўйича «Украина» телеканалидан кейин иккинчи ўринда туради.

Аслида Украина армияси руслар билан урушда мағлубиятга учрашган вақтларида Коломойский жаноблари сепаратчи кучларга қарши урушаётган кўнгилли батальонларни молиялаштирган эди. Унинг Порошенко билан чиқиша олмай қолиши оқибатида кўплаб аҳоли омонатлари сақланаётган «Приватбанк»ни ҳукумат национализация қилди.

Аммо бу ишлар охир-оқибат ҳукуматга 6 миллиард долларга тушди. Олигарх аҳолининг 5,5 миллиард долларини ухлатди ва бу пулларнинг тақдири ҳозиргача номаълум. Бойвуччанинг ўзи Исроилга жуфтакни ростлаб қолди. Лекин ўша ерда ҳам тинч ўтирмай, ҳукумат устидан умумий мулкни тортиб олиш ва катта миқдорда зарар етказиш бўйича даъво қилиб, судларга мурожаат қилди.

Фақатгина Зеленский ҳокимиятга келгач, унинг талаби Киев суди томонидан қаноатлантирилмоқда. Ўзи эса Украинада эндиликда мартабали меҳмон ролини ўйнамоқда.

Истиқболда президент қудратли олигархнинг қўғирчоғи бўладими ёки мустақил арбоб сифатида сиёсий иродасини кўрсатадими – бунинг вақтнинг ҳукмига ва етакчининг виждонига қўйиб турайлик.

Ҳозирда Зеленский ўз турмуш ўртоғи – мактабдаги синфдоши ва «95-даҳа» студияси муаллифларидан бири Елена Кияшко билан қизи Александра ва ўғли Кириллни тарбияламоқда.

2018 йилда топган умумий даромади салкам 7,4 миллион гривенга тенг бўлди. У давлат амалдори бўлгани сабабли жорий йилда мулкларини мажбурий декларациядан ўтказди. Натижада Зеленский номида 42 миллион гривенлик кўчмас мулклар, жумладан, 5та хонадон, ер участкаси мавжуд. Жумладан, Ялтада 129 квадрат метр, Киевда 284 квадрат метр жойга эгалиги ойдинлашди. Оилада 6,5 миллион гривенлик иккита қимматбаҳо хорижий автомобил ҳам ишлатиб келинган. Бундан ташқари, унинг Латвия банкида 417 минг доллар, Украина банкларида 1,18 миллион гривен, 16,8 минг долларлик омонатлари сақланмоқда. Оилавий жуфтлик Кипр ва Британия Виржин оролларида рўйхатдан ўтган компаниялар акциялари ва қиммматбаҳо қоғозларига ҳам эгалик қилишмоқда.

А.Ҳасан ўғли, халқаро шарҳловчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг