Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Уч қардош давлат: бирлашган дарё бўлар, тарқалган — ирмоқ...

Уч қардош давлат: бирлашган дарё бўлар, тарқалган — ирмоқ...

Ташқи ишлар вазирлари – Ж.Байрамов, В.Норов ва М.Човушўғли.

Фото: Mfa.uz

Поёнига етаётган ҳафтада Тошкентда Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия форматидаги мулоқотнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда уч мамлакатнинг ташқи сиёсат, савдо, иқтисодиёт ва транспорт масалаларига масъул вазирлари иштирок этди. Тошкент, Боку ҳамда Анқара ўртасидаги робиталарнинг ушбу янги форматда кенгаяётгани бир неча омилларга кўра долзарб аҳамият касб этади.

Уч мамлакат ҳам ўз минтақасида етакчи роль ўйнайди.
Фото: Google Images

Биринчидан, туркий оламда пешқадам ўрин тутувчи Ўзбекистон, Озарбайжон ҳамда Туркия тарихан бир-бирига  тил, эътиқод ва маданият орқали чамбарчас боғланган. Дунёда беқарорлик авж олаётган, ҳали у-ҳали бу минтақада геосиёсий «зилзила»лар рўй бераётган ҳозирги паллада бир қавмга мансуб уч давлатнинг яқин муносабатда бўлмоғи муҳимдир. Зеро, жаҳоннинг бошқа минтақаларида ҳам этник мансубликка кўра тузилаётган иттифоқлар самарали бўлаётгани сир эмас.

Иккинчидан, ҳар уч давлат кўплаб халқаро масалалар бўйича умумий, якдил ёндашувга эга. Халқаро сиёсатда босимлар кучайиб, гегемонликка даъвогар кучларнинг давлатларни ўз орбитасига тортишга уриниши очиқ тус олган даврда қардош мамлакатларнинг бир-бирига елкадошу кўмакдош бўлиши ҳаёт-мамот масаласи саналади. Бу ўринда биргина фактни ёдга олиш кифоя: Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги жорий йил 4 август куни Озарбайжоннинг Буюк Британиядаги элчихонасига ғаразли мақсадда уюштирилган ҳужумни қатъий қоралаб чиқди.

Қардош мамлакатларнинг бу тариқа хайрихоҳ муносабати глобал муаммоларга қарши курашишда ҳам қўл келади.

Учинчидан,  Ўзбекистон, Озарбайжон ҳамда Туркия бирлашган ҳолда катта иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳият касб этади. Уч мамлакатнинг умумий аҳолиси 130 миллиондан зиёдни, ЯИМ эса салкам 1 триллион долларни ташкил этади. Бу ўринда туркий халқларда кенг тарқалган «Бирлашган дарё бўлар, тарқалган — ирмоқ» нақлини ёдга олиш ўринлидир.

Тўртинчидан, кейинги йилларда уч давлат ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат, қўллаб-қувватлаш ва қардошлик тамойилларига асосланган муносабатлар стратегик ўзанга бурилди. Бу ўринда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон жорий йил март ойида олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишида қатнашиш учун юртимизда меҳмон бўлганини қайд этиш жоиз.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳам жорий йил июнда Ўзбекистонга ташриф билан келди. Ташриф доирасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида декларация имзоланди.

Давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона муносабат ҳамкорликнинг барча жабҳаларига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Бешинчидан, уч давлатнинг савдо алоқалари жадал ривожланмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида савдо ҳажми 2,5, қўшма ширкатлар сони 5 карра ортган. Умумий саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айланмаси қарийб етти баробарга кўпайган. Аммо таҳлилчилар тўғри таъкидлаётганидек, уч давлат иқтисодий ҳамкорлигининг ҳозирги кўрсаткичлари мавжуд имкониятларга тўлиқ жавоб бермайди.

Олтинчидан, мамлакатлар транспорт ва транзит коммуникациялари бўйича ҳамкорлик борасида улкан салоҳиятга эга. Масалан, Ўзбекистон Боку–Тбилиси–Ахалкалаки–Карс темирйўлидан, Туркия ва Озарбайжоннинг халқаро портларидан, шунингдек, Шимол–Жануб ва  Шарқ–Ғарб халқаро транспорт йўлакларидан фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, Осиёдан Европага энг қисқа қуруқлик йўлини таъминлайдиган Зангезур коридорини тиклаш ҳам манфаатли чора-тадбирлар сирасига киради. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам Туркия ва Озарбайжоннинг Марказий Осиё билан савдосида муҳим ўрин тутади.

Еттинчидан, уч давлат транзит пунктлари функцияси билан чекланиб қолмай, транспорт йўналишлари бўйлаб ишлаб чиқариш, логистика ва савдо пунктларини ташкил этиш орқали иқтисодий йўлакларни шакллантириши мумкин.

Саккизинчидан, уч давлат ўртасида соддалаштирилган божхона йўлакларини ташкил этиш орқали савдо-сармоя муносабатларини бир неча карра ошириш имкони мавжуд. Жумладан, Тошкентда бўлиб ўтган йиғилишда Туркия томони Ўзбекистон билан соддалаштирилган божхона йўлаги ташкил этишилини маълум қилди.

Ўзаро имтиёзли савдо шартномалари, божхона постларида бюрократик тўсиқларнинг камайтирилиши, табиийки, товар айирбошлаш ҳажмини кескин оширади.

Тўққизинчидан, Тошкент, Боку ҳамда Анқара бир-бирининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва халқаро миқёсда тан олинган чегаралар дахлсизлигини қатъий ва сўзсиз қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ушбу сиёсий ирода  Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия форматидаги мулоқотнинг биринчи йиғилиши якунида қабул қилинган Тошкент декларациясида ҳам акс этди.

Демак, уч туркий давлат мулоқотининг мунтазам тус олиши ҳар жиҳатдан манфаатлидир.

С. Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг