Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Reestr.uz энди фақат «справочник» бўлиб қолмайди» — Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази бўлими бошлиғи

«Reestr.uz энди фақат «справочник» бўлиб қолмайди» — Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази бўлими бошлиғи

Фото: Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази

 

Бугун Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази бўлими бошлиғи Дониёр Максумов билан Reestr.uz сайтини ривожлантириш, нега бунга эҳтиёж туғилгани, жамоа ўз олдига қандай мақсадлар қўйгани ҳақида суҳбатлашдик.

– Айтинг-чи, республикамизда ахборот тизимларининг ягона базасини яратиш бизга нима беради?

– Вазирлар Маҳкамасининг “Электрон ҳукумат тизимини янада ривожлантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг ўз фаолияти бўйича жамоатчилик олдида электрон ҳисобот бериши тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида ҳукуматимиз томонидан бизнинг олдимизга иккита масала қўйилди. Шулардан бири, республикамиздаги барча давлат ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилаётган ахборот тизимларининг ягона базасини яратиш. Яъни қайси давлат ташкилотларида нечта ва қандай ахборот тизимлари жорий қилинган, уларнинг рўйхатини юритиш, мониторингини олиб бориш, самарадорлигини ўрганиш ва ҳоказо. Шунингдек, бир хил вазифани бажарувчи такрорий ахборот тизимлари жорий этилишининг олдини олиш эвазига яратилишига кетадиган ортиқча харажатларни тежаш.

Республикада жорий этилаётган ахборот тизимларининг ўзаро боғлиқлигини (интеграциясини) таъминлаш, уларнинг яратилишида ягона ёндашув асосида унумли технологиялардан фойдаланиш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ва давлат стандартларига риоя этишни таъминлашга асос бўлади.


Ахборот тизими деганда ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ҳамда ундан фойдаланиш имконини берадиган, ташкилий жиҳатдан тартибга солинган жами ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситалари тушунилади, яъни бу – маълум бир соҳани автоматлаштиришга қаратилган дастурий таъминот.


Ахборот ресурси деганда эса ахборот тизими таркибидаги электрон шаклдаги ахборот, маълумотлар базасини тушунишимиз лозим.


– Билишимизча, Reestr.uz сайти аввалдан бўлган. Янги талқинини яратишдан мақсад нима?  

– Биласизми, эндиликда давлат ташкилотлари ўз ахборот тизимини жорий этишдан олдин маълумотларини Reestr.uz сайтига жойлаштириб бориши ва ахборот тизимига тегишли лойиҳа-техник ҳужжатларини мазкур сайт орқали электрон шаклда келишиши лозим бўлади.

Ҳозирги кунгача бу сайт фақат «справочник», яъни маълумотнома вазифасини ўтаб келди. Унда ташкилотнинг фаолияти, мониторинги, таҳлили, назорати масалалари кўзда тутилмаган. Агар анъанавий тартибда кўрадиган бўлсак, давлат ташкилотининг ўзидаги ахборотни шу реестрга қўйиши учун базаси бор, уни юритади, лекин мавжуд ҳолати тўлиқ эмас. Хўш, биз нимага интиляпмиз? Биз унинг нафақат базасини юритиш, балки автоматлаштиришга ҳам эришмоқчимиз. Бу тизим йўлга қўйилса, жуда кўп оворагарчилик, қоғозбозлик, вақт, ҳаттоки молиявий харажатлар тежалишига бир омил бўлади. Ўзаро ахборотлар алмашинувида эса анча енгиллик беради.

– Яхшироқ англашимиз учун жараённи мисоллар билан тушунтириб берсангиз... 

– Албатта. Тасаввур қилайлик, туризм соҳасида республикага ташриф буюрган туристларни рўйхатга оладиган ва уларга интерактив онлайн хизматлар кўрсатадиган ахборот тизими яратиладиган бўлса, аввал, белгиланган тартибда мазкур тизимнинг паспорти, концепцияси, сўнгра техник топшириғи ишлаб чиқилади. 

Паспортда тизимнинг номи, мақсади, вазифалари ва унинг давлат органлари ёки хорижий мамлакатларнинг қайси мутасадди идоралари ахборот тизимлари билан интеграциялашганлиги ва лойиҳанинг умумий қиймати кўрсатиб ўтилади.

Концепцияда мазкур ахборот тизимининг самарадорлиги, жорий этилишида қайси хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганлиги ҳамда келгусида такомиллаштириладиган бўлса, истиқболдаги вазифалари нимадан иборатлиги келтирилади.

Паспорт ва концепциянинг ишлаб чиқилиши “нимани?”, техник топшириқ “қандай қилиб?” деган саволга жавоб беради ва бунда ахборот тизимини ишлаб чиқишнинг техник ечимини кўрсатиб берадиган механизм ёритилади.

Техник топшириқни қурилиш соҳаси мисолида тушунтирадиган бўлсам, қурувчига маълум бир турдаги бинони қуриш керак, деган талаб қўйилса, унинг техник топшириғида тайёргарлик жараёни (лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш), пойдевор яратиш, гидроизоляциясини таъминлаш, деворларини қуриш, томини ёпиш, сув ўтказиш ва чиқариш босқичларини инобатга олиш ҳамда бино қурилишида унинг характеристикаси, қаватлар сони, баландлиги, архитектураси, қандай қурилиш ашёларидан фойдаланиши каби талаблар қўйилади.

Ахборот тизимида ҳам техник топшириқ худди шу тартибда ишлаб чиқилади. Барча техник ҳужжатлар белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилгач, ташаббускор томонидан дастурчиларни жалб этган ҳолда ахборот тизимлари яратилади, синовдан ўтказилади ва амалиётга жорий қилинади.

Кўряпсизми, ҳар бир жараёнда марказга қоғозлар, хатлар кўтариб, неча марталаб мурожаат этишга тўғри келяпти. Демак, мазкур техник ҳужжатларни кўриб чиқиш босқичларида анъанавий ёзма келишувлардан воз кечиб, замонавий электрон келишувга ўтиш орқали давлат ташкилотларида жорий этилаётган ахборот тизимлари ва ресурслари ҳамда улар базасида шаклланаётган интерактив хизматларнинг ўз вақтида ва сифатли жорий этилишига эришамиз.

– Яқин-яқингача маҳалладан оддий маълумотнома олиш учун қанча овора бўлганларим ёдимга тушди. Доимий ҳужжатлар билан ишлайдиган ташкилотларга ҳам осонмас. Демак, ҳадемай эшикма-эшик қоғоз кўтариб юришлар ўтмишда қоларкан-да?..  

– Электрон ҳукуматимиз айнан шу мақсад сари қадам қўйган. Бундан 5-6 йил олдин шошилинч, тезлаштирилган ҳолда ишлаб чиқилган Reestr.uz сайти шу вақтгача фақат маълумот олиш вазифасини ўтаган бўлса, энди у орқали давлат ташкилотининг паспортини, концепциясини, техник топшириғини электрон қабул қилиш, онлайн келишиш, масофадан хулоса бериш ва жорий этиш мумкин. Шунингдек, ташкилотнинг ахборот тизимини таҳлил қилиш, онлайн назоратини олиб боришни ҳам йўлга қўйяпмиз.

– Ушбу дастур қачондан амалиётга жорий этилади?

– Дастурий таъминот бўйича барча ишларни яқин кунларда якунлаймиз ҳамда ахборот тизимлари ва ресурслари сони кўп бўлган давлат идоралари билан ҳамкорликда синовдан ўтказамиз. Насиб бўлса, келаётган ойда тўлақонли ишга туширамиз. Ўйлайманки, тизим йўлга қўйилгач ўз самарасини беради ва ҳужжатлар келишувининг автоматлаштирилган бизнес жараёнини ўз ичига қамраб олади.

– Қарши бўлмасангиз, янги тизимнинг афзаллик жиҳатлари билан ҳам қисқача танишсак...

– Эндиликда реестрга қўшилган ҳар бир ахборот тизими паспортига ID рақам берилади. Ихтиёрий ахборот тизими бўйича ташкилотлар доирасида қидириб топиш ва мақсадли фойдаланиб келинаётганлари тўғрисида таҳлилий маълумотларни олиш имконияти яратилади. Бунда: ахборот тизимларининг фаол ҳолати идоралараро эканлиги, улар қандай маълумотларни бошқариш тизимларидан фойдаланаётганлиги, қандай сервер қурилмаларини қўллаётгани, мазкур тизимларни ўз кучи биланми ёки ташқи дастурчи компанияларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқаётганини таҳлил қилиб, республикада ахборот тизимларини яратиш, жорий этиш ва такомиллаштириш белгиланган сиёсатни янада ривожлантириш имконини беради.

Шу билан бирга, ахборот тизимлари ва ресурсларининг ягона реестрида техник ҳужжатлар электрон киритилишининг ҳар бир босқичи қандай амалга оширилиши тўғрисида йўриқнома белгилаб берилади. Муҳим жиҳатларидан яна бирига тўхталсак, буюртма бераётганда ҳар бир давлат ташкилотининг шахсий кабинети бўлади. Ягона идентификация тизими – One.ID орқали шахсий кабинетга кирганда, ахборот тизими паспортига тегишли саволномалар: бу ахборот тизимими ёки ахборот ресурси, мавжуд тизимми ёки янги, ўз ичида шахсий маълумотларни қайта ишлайдими-йўқми, каби саволларга жавоб берган ҳолда электрон тўлдирилади.

Агар тизим янги бўлса, барча келишиш жараёнларидан электрон шаклда ўтиш талаб этилади. Ҳозирги пайтгача амалиётга жорий қилинган ва ишлаб турган бўлса, унда шарт эмас, маъқуллаб қўйса, автоматик тарзда реестрга қўшилиб боради.

– Бунда айнан қайси жараёнлар автоматлаштирилади?

– Эътиборли жиҳати ҳам шу. Бунда қайсидир бири эмас, балки барча жараёнлар автоматлаштирилади. Масалан, паспорт қисмида биз саволномани тўлдиришни шартли равишда тўрт қисмга бўлганмиз.

Биринчи босқичда: қисқа номи, юридик манзили, масъул ходимлари, мақсади, вазифалари, қачон жорий қилиниши каби маълумотлар тўлдирилади.

Иккинчи босқичда: қандай хизматлар кўзда тутилгани, қайси ахборот тизимларини ўз ичига олиши, давлат ташкилотлари билан интеграцияси, яъни боғлиқлик жойи ва ҳоказолар киритилади.

Учинчисига ўтганида: бу тизимнинг қачон жорий этилгани, мутасадди идоралардан ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ экспертизадан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар тўлдирилади. Тўртинчи қадамда ахборот тизимининг ўрнатилган ёки ўрнатиладиган сервер қурилмаси техник параметрлари киритиб борилади: тизим қаерда жойлашади, сервер хизмати қаерда кўрсатилади, маълумотлар базаси, ҳимоя воситаси, электр таъминот манбаини таъминлашда қандай қурилма ва технологиялардан фойдаланяпти кабилар.

Барча маълумотлар тўлиқ киритилгач, давлат ташкилоти раҳбари томонидан маъқулланади ва электрон портал орқали экспертизадан ўтказиш учун марказга юборилади. Марказ оператори томонидан маълумотлар текширилиб, электрон хулоса тақдим этилади ва ID рақам берилган тартибда давлат ташкилотининг шахсий кабинетига келиб тушади. Демак, автоматлаштириш тизимининг энг афзаллиги вақтни, қоғозни, харажатларни тежаши, ортиқча асабийлашишларнинг олдини олишидир.

– Энди тизимга маълумотларнинг киритиб борилиши устидан назорат ўрнатиладими? Ушбу вазифага кимлар масъул бўлади?

– Тизимда аудит вазифасининг жорий этилиши манбага киритилган ахборот тизимлари ва реестрларининг паспортлари, концепцияси, техник топшириқ лойиҳалари устидан назорат қилиш ва мониторинг олиб бориш, ахборот тизимлари амалиётга жорий этилгач эса, улар самарадорлигининг таҳлилини олиб бориш имконини яратади.

Мазкур вазифа ваколатли давлат идораларига берилади ва улар томонидан ҳар бир техник ҳужжатнинг келишиш жараёни, маълумотларнинг ўз вақтида киритиб борилиши, республикамиздаги ахборот тизимларининг ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилувчи органдан экспертизадан ўтказилгани, тизимлар самарадорлиги: тизим жорий этилиши натижасида вақт тежалиши, харажатлар қисқариши, инсон омили камайтирилгани, қоғоз тежамкорлиги ва бошқалар кузатиб борилади.

Шоҳида Исроилова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг