Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўзимизники» – бу кимники?! Карим Баҳриев монополистлар ва уларнинг луқмасига дош бера олмаётган нафс ҳақида

«Ўзимизники» – бу кимники?! Карим Баҳриев монополистлар ва уларнинг луқмасига дош бера олмаётган нафс ҳақида

Карим Баҳриев.

«Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди. Иқтисодиётда бу ҳаёт-мамотимиз», — деди 2020 йил 28 май куни иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев ва рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши курашиш борасида мутлақо янги тизим яратиш лозимлигини таъкидлади.

ДАРҲАҚИҚАТ...

Аллоҳ бу дунёни мутаносибликда ва улкан бир мувозанатда яратгандир. Кун ва тун, яқин ва узоқ, ой ва қуёш, оқ ва қора, иссиқ ва совуқ... Улардан бирининг яккаҳокимлиги фалокатдир. Сўнгсиз тун ёки адоғи йўқ кун бўлмайди, тинимсиз иссиқ эритиб юборади ёки сўнгсиз совуқ музлатиб адо қилади. Яратганнинг тарозуси бор ва тарозуда икки палласи бор. Ҳар нарса мувозанатдадир. «Ёлғизлик ярашар ёлғиз Аллоҳга», қолган бирор нарсанинг яккаҳокимлиги ҳаёт учун ҳалокатлидир. Сиёсатда ҳам, иқтисодиётда ҳам, жамиятда ҳам.

Монополия эса яккаҳокимликдир, рақобатни йўқотувчидир.

Президент Ўзбекистон бозор иқтисодиётига қатъий ўтиши жараёнида рақобат масаласи принципиал аҳамиятга эга эканини таъкидлади: «Мени ташвишлантирадиган масала шуки, корхоналаримиз ташқи рақобатга бардош бера оладими? Четдан товар кириб келса, юртимизда ишлаб чиқарилган худди шундай маҳсулот унга рақобатчи бўла оладими? Маҳаллий маҳсулотларнинг таннархини пасайтирсак, хориждан ўзлари олиб кетишади».

Синоат шундаки, монополия ҳолатида таннарх пасаймайди, чунки маҳаллий монополист маҳсулотнинг нархини арзонлаштириш учун янги технологияларни қўллаш, модернизациялаш ўрнига унинг маҳсулотига рақобат қиладиган хориждан кириб келаётган маҳсулотни таъқиқилашни ёки унга катта бож солишни талаб қилади, токи маҳаллий халқ қиммат нархда унинг маҳсулотини сотиб олсин. Ҳолбуки, ўша хорижий ишлаб чиқарувчи божларсиз ҳам транспортга, транзит харажатларга, экспорт солиқларига пул сарфлаб, олиб киради, унинг маҳсулоти шундоқ ҳам қимматга тушади.    

Давлат халқ учун бўлса, сиёсатнинг асл мақсади халқнинг фаровонлиги бўлса, халқ учун маҳсулотнинг сифати ва арзонлиги асосий аҳамиятга эгадир – нега халқ хорижнинг ўн карра сифатли ва уч баробар арзон маҳсулоти ўрнига «ўзимизники» бўлган саккиз карра сифатсиз ва уч марта қиммат маҳсулотни олиши керак?! «Ўзимизники» – бу кимники?!

Халқ фаровонлиги учун истеъмолчи ҳуқуқлари устувор бўлиши керак. Ш.Мирзиёев бунинг ягона йўлини англайди ва таклиф қилади, бунинг учун «монополиядан чиқариш, рақобатни таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича якдил йўналишимиз бўлиши керак». Бу «ҳаёт-момот» масаласи экани юқори минбардан айтилаётган ишни амалга ошириш наҳотки шунчалар мушкул?!

Бугунги кунда 31 та товарлар гуруҳи ва 82 турдаги хизматлар бозорида 245 та корхона монопол ҳолатда сақланиб қолмоқда. Шунча саъи-ҳаракатлар билан бор-йўғи 19 хил маҳсулот ва хизматлар бўйича 70 та корхонани монополистлар реестрдан чиқариш ҳолатига келтирилди, яъни шунча гап-сўзлар билан корхоналарнинг бешдан бирини бироз тебратишга қурбимиз етди. Ш.Мирзиёев сўрайди: «Қачон рақобатга тайёр бўламиз?!»

НЕГА МОНОПОЛИЯЛАРНИ ЕНГИБ БЎЛМАЯПТИ?

Президент монополизмга барҳам беришни талаб қилмоқда. Халқ ҳам монополистлардан шикоятлар қилмоқда. Президент ва халқ бир мақсадда экан, нега монополистларни енгиб бўлмаяпти?!

Мутахассислар йўқлиги айтилади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиган тизим зарурлиги айтилади ва ҳоказо. Назаримизда, асосий сабаблар – сиёсий ироданинг заифлигида ва коррупциядадир. Нафс монополистларнинг луқмасига дош бера олмаяпти.

Ўтган йилда истеъмолчилардан тушган 11 мингдан ортиқ шикоятларнинг 50 фоизи коммунал ва транспорт, 25 фоизи савдо, қолган 25 фоизи молиявий хизматлар ва бошқа соҳаларга оид бўлган. Бунга асосий сабаб — монопол корхоналар ўз манфаатига мослаб ҳужжатлар ишлаб чиққан бўлиб, уларда истеъмолчилар манфаати тўлиқ инобатга олинмаган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг тили ва тиши йўқдай.

Иқтисодий монополизмни тугатишга сиёсий монополизмни тугатиш орқали эришиш мумкин, сиёсий ҳуқуқлар таъминланиши ва ҳурфикрлик монополизмга ва унинг асоси бўлган коррупцияга қарши курашиш имконини яратади. Бу – ҳалол сайлов тизими, эркин сайланадиган, турли сиёсий қарашларга очиқ, рақобатли парламент демакдир. Бу – ҳаққоний жамоат назорати ва фуқаролик жамияти мавжудлигидир. Бу эркин оммавий ахборот воситалари ва сўз эркинлигидир. Бу мустақил ва фақат қонунга кўра ҳукм чиқарадиган судлардир.

Агар монополистларга қарши бир-икки фикр айтган депутат таҳдидга учраса, монополистни таъқиб қилган журналистлар «итваччалар» деб аталса ва бу ҳақорат жазосиз қолса, бугун юксак минбарда «рақобат шароитини яратиш, монополистларга барҳам бериш» ҳақида нутқ ирод этилиб, эртасига эрталабдан ҳукумат «маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилиш учун» хориждан кириб келадиган автомобилларга, маиший техникаларга, қандолат маҳсулотларига ва ҳатто пойабзалга янги ва катта божлар кириш қарорлари имзоланса, вазият ўзгармайди.

Худди бугун коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурлари, йўл хариталари, қарорлар имзоланиб, эртасига юксак лавозимли сенаторлар, депутатлар, мансабдорларни даромади албатта декларация қилиниши лозимлар рўйхатидан чиқаришга оид қонун таклиф этилгани каби.  Номи монополиядан чиқариш деб аталадиган қўмита ҳам номи коррупцияга қарши курашиш деб аталадиган қўмита каби гунгу кўр бўлиб тураверса, вазият ўзгармайди.

НОТАБИИЙ «ТАБИИЙ МОНОПОЛИЯ»

Монополиянинг энг кўп учрайдиган тури «табиий монополия»дир. Айтишларича, табиий монополиянинг мавжудлиги «рақобат етишмаслиги», яъни, бир неча рақобатдош фирмаларнинг мавжудлиги битта фирманинг мавжудлигидан кўра кам фойда келтирадиган вазиятлар билан изоҳланади. Ҳали-ҳануз шўролар мафкураси таъсирида бўлган мамлакатлар каби Ўзбекистонда ҳам энергия, иссиқлик ва газ билан таъминлаш давлатнинг мажбурияти сифатида белгиланиб, иқтисодиётнинг энергетика тармоғини ташкил этишда давлат устун мавқега эгалигича қолмоқда. Бу соҳаларга хусусий секторни киритиш керак. Лекин бу жараён шаффоф ва ҳалол бўлиши шарт. Соҳани тасарруф этиб турган гуруҳлар ўз яқинлари учун ўта «хусусий», оилавий корхоналар тузиб олиши монополиянинг янги бир ниқоб остида сақланишига олиб келади.

Бугунга келиб, халқаро тажрибани ўрганиб, рақобатни олиб кириш мумкин бўлган монополия соҳаларига хусусий сектор учун йўл очиш ва шу орқали рақобат муҳитини шакллантириш лозим, давлат-хусусий шериклик механизмларини транспорт, энергетика, йўл, коммунал, тиббиёт, таълим каби соҳаларга татбиқ этиш керак.

СЎЗ ВА АМАЛ...

Бугуннинг энг катта фожиаси сўз ва амал ўртасидаги ҳалокатли жарликдир. Бир томондан, монополистларга қарши «қўмиталару комиссиялар» тузилиб, «қатъий қарорлар» чиқарилиб, «йўл хариталари» тасдиқланиб ётган бир пайтда, иккинчи томондан монополистлар «импортга солинадиган акциз солиқлари жорий этиш» ёки борларини «янада ошириш» таклифларини киритишдан тўхтамаяптилар. Ёдимизда, қўшни республикалар билан чегаралар очилиб, дўстлик ва қардошлик ришталари тикланиши  баробарида халқ автомашиналар, музлатгич ва чангютар машиналар, қандолат маҳсулотлари уларда арзонлигини англаб қолди ва мамлакатга олиб кира бошлади. Ичкаридаги монополистларнинг маҳсулотлари касод бўла бошлади. Улар нафсларини тийишлари, ишлаб чиқаришни модернизация қилишлари, рақобат шароитига ўрганишлари керак эди. Лекин булар дарров четдан бу маҳсулотларни олиб киришни чеклайдиган қарор чиқартиришга эришдилар. Бу кетишда қачон рақобат шароити жорий этилади?!

Янги мисол: бензин масаласи. Яқиндагина жаҳонда нефт нархи тушгани туфайли, хориждан кириб келаётган бензин нархи арзонлашди. Ҳайдовчиларимиз «Ўзбекнефтгаз» маҳсулотини эмас, чет эл бензинини сотиб ола бошладилар. «Маҳаллий ишлаб чиқарувчи» дарҳол айрим тайёр нефть маҳсулотларининг импортига солинадиган акциз солиғи ставкаларини «қайта кўриб чиқишни» сўради, яъни халқ сотиб олаётган хориж бензини қимматлашишини истади. Монополистлик шароитини яна чўзишни талаб қилди. Ҳукуматнинг рақобат шароитини яратиш истаги нима бўлди?! Халқ фаровонлиги эмас, монополист ташкилот «фаровонлиги» устун қўйилса, орзу қилинган кунлар олислаб бораверади.

Кучли жамоатчилик норозилиги ижтимоий тармоқларга қалқиб чиққач, бу лоббистлик қарори имзоланмади. Аммо монополист тинч ўтиргани йўқ, халққа ва ҳукуматга дағдаға қилди – 80-рақамли бензин энди умуман ишлаб чиқарилмаслигини эълон қилди, ундан бир-икки минг сўм қиммат бензинни олишга мажбур қилмоқчи бўляпти. Ишлаб турган заводлар тўхтамайди, амалда ўша бензинни бир-икки октан қўшиб, энди юқори нархда сотишади.

«Агар бизнинг нефть ва нефть маҳсулотларимиз нарх туфайли шу турдаги импорт маҳсулотлар билан рақобатга кириша олмаётган экан, демак, уларда ишлаб чиқариш бўйича катта муаммолар бор. Яъни бу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бизга қимматга тушяпти», — деди бир депутатмиз.

Энергетика соҳасида ускуналарнинг аксарияти шўро давридан қолгани сир эмас ва бу, масалан, электр ишлаб чиқаришни 20% қимматлаштиради. Агар технология янгиланса, электр 20%га арзонлашади. Ишлаб чиқарилган электрнинг 30% узатиш тизимининг эскирганлиги туфайли йўқ бўлади, демак узатиш тизими янгиланса (масалан, хусусий инвесторлар киритилса), яна нарх учдан бирга арзонлашади. Агар электрчилар «чапга» улаб берган, соққаси чўнтакка кетаётган линиялар қирқилса, пули соҳага тушса, коррупциянинг пайи қирқилса, яна 30% нарх тушади. Биз ҳозир шу сабаблар туфайли уни уч баробар қимматга оляпмиз.

Модернизация қилиш, соҳада монополияни тугатиш, рақобат шароитини киритиш ўрнига, муаммоларни ҳал этиш учун ҳар гал электр нархи оширилади.

«У – САНГА, БУ МАНГА, НИМА ҚОЛДИ ҲАСАНГА...»

Энг аввало, ишлаб чиқарувчиларга имтиёзларни тўхтатиш керак. Ш.Мирзиёев маърузасида айтилишича, масалан, имтиёздан фойдаланиб ишлаётган 23та ёғ-мой корхонасида янги иш ўринлари етарлича ташкил этилмаган. Аксинча, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида рақобат муҳити яратилгани натижасида сўнгги 4 йилда парранда гўшти етиштириш 100 минг тоннадан 205 минг тоннагача, балиқ 65 минг тоннадан 122 минг тоннагача кўпайган. «Рақобат бўлса, аҳолининг танлаш имконияти ва сотиб олиш қобилияти ошади, одамлар рози бўлади», – деди Шавкат Мирзиёев.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари», «Ўзбекистон темир йўллари», «Ўзбекнефтегаз», «Ўзчармсаноат» ва ҳоказо миллат ва давлат номини ўзига тиркаган кўплаб монополист ташкилотлар, ўз лоббисига эга қатор хусусий монополиячилар имтиёзи бекор қилинмас экан, рақобат шароити ҳеч қачон юзага келмайди. Имтиёзи бор билан имтиёзи йўқ қандай рақобат қилади?!

Оммавий бўлмаган имтиёз ҳамиша кимгадир афзаллик бериши баробарида кимгадир зарар етказади. Бу табиий қонуниятдир. Кўриб ўтганимиздек, агар кимдир солиқдан озод қилинса, бошқа бир солиқ тўловчига оширилади, чунки бюджетнинг даромад қисми камайишига кўл қўйилмайди. Ёки, дейлик, банклар кимгадир имтиёзли кредит беришга мажбурланса (масалан, «ёш оилаларга» ёки «арзон уйларга»), бошқа бировларга, яъни мижози бўлган халққа кредит фоизини оширади, чунки банк ҳам зарарига ишлай олмайди. Имтиёз олганнинг ҳисобини фоизи ошган кредит эгаси тўлайди. Адолат бўлса иқтисод ривожланади, акс ҳолда пароканда бўлади. 

Биз сабабларини бошқа ёқдан излаётган жуда кўп муаммоларимизнинг – қашшоқликнинг, ишсизликнинг, технологик қолоқликнинг асосий сабабчиси монополистик тизимнинг ҳукмронлиги ва бу ҳукмронликка йўл очган коррупциянинг мавжудлигидир. Бу иқтисодий ҳолат сиёсий, маъмурий ва ижтимоий ислоҳотларсиз тузалмайди.

Сир эмас, яқин ўн йилликларимизнинг асосий муаммоси – аҳоли таркибида меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг аҳоли умумий сонида юқорилиги — 60%дан юқорилиги бўлади. Аслида бу афзалликдир. Чунки бутун ривожланган дунёда ишлайдиган аҳоли камлиги ва таъминланиши керак бўлган вояга етмаганлар ва кексаларнинг кўплиги катта муаммо бўлиб, пенсия ёшини кўтаришга уринишлар бўлди ва қаршиликка учради. Бизда эса ишлашни истовчилар ва ишлаш ёшидагилар кўп. Бизга уларни ишлатадиган иқтисод лозим.

Улкан табиий бойликларимиз ва моддий ресурсларимиз мавжудлиги ҳолатида ишсизларнинг кўплиги ва уларнинг хорижда сарсон-саргардонлиги сабаби аҳолининг тез ўсиши эмас, юксак монополизм ва коррупциядир. Коррупция иқтисодий қувватимизни емирмоқда, тадбиркорликка қизиқишни сўндирмоқда ҳамда ишлаб чиқариш кучларини заифлаштирмоқда.

Шавкат Мирзиёев «қора кунлар» деб атаган чорак аср давомида бизда ғайритабиий иқтисод ҳукмронлик қилди, яъни ялпи ички маҳсулотнинг катта қисми яширин иқтисод соҳасида тасарруф қилинди. Коррупциялашган мансабдорлар мамлакатни ривожлантириш, иқтисод соҳаларини ўстириш эмас, ўз бойликларини кўпайтириш ҳаракатида бўлдилар. Оқибатда бизнес ривожланмади, сармоядорлар кирмади ёки келганлари ҳам юртни тарк этди, контрабанда ҳажми ошди, яширин ишлаб чиқариш кўпайди, солиқлар бюджетга эмас, «откат», «қисм» бўлиб чўнтакларга кирди. Иқтисоддан чўнтакка ва четдаги ҳисоб рақамларига олиб қўйилган маблағлар иқтисодда очиқ ишлаганда, минглаб-миллионлаб ишчи ўринлари яратиларди. Бугун уларнинг бир қисми шаффоф бўлмаган «тендерлар ғолиби» ўлароқ, юртга қайтаётгани ҳам сир эмас.

Иқтисодни ривожлантиришни истаган мансабдор 700 миллиондан то 1 миллиард долларгача сарфлангани айтиладиган, ҳар куни концерт ва мажлис ўтказса ҳам, ўзини оқламайдиган Форумлар саройи қурмасди, бу пулга минглаб одам ишлайдиган, пахтани ўзини сотмай, қайта ишлайдиган 10та тўқимачилик корхонаси қурарди ёки деҳқонларнинг ва фермерларнинг маҳсулотини қайта ишловчи 100та завод барпо этарди. Умуман катта қуришлар, «аср лойиҳалари» ва улкан трассалар мўмай коррупция манбаларидир.

Спортнинг ривожини ўйлаган раҳбарнинг қизи «откат»лардан Роналду, Ривалдоларга тўлаган 6-7 миллионлаб еврога қишлоқларда юзлаб футбол майдонлари қуриш ва футболчилар етиштириш мумкин эди. Монополистик иқтисодиёт ва уни юзага келтирган ва яшашига имконият берадиган монополистик сиёсий тизим Ш.Мирзиёев орзу қилаётган ва даъват этаётган янги ислоҳотлар натижасида ўзгариши керак.   

ДАРВОҚЕ...

Монополияни енгиш, халқ фаровонлигини ошириш учун нималар қилиш керак? Жавоб юзада кўриниб турибди ва қайта-қайта таъкидланмоқда.

Аввало, алоҳида маҳсулот турлари олдидаги юқори божхона тўловлари ва сунъий ўрнатилган нотариф тўсиқлар олиб ташланиши керак. Бу маҳаллий корхоналарни рақобат ҳолатига дучор қилади ва уларнинг халқ ва истеъмолчилар устидан ҳукмбардорлигини тугатади. Акс ҳолда хориж автомашиналарини катта бож туфайли киритмаётган бир-икки корхона машина харидорларини талашда давом этади, нима экишда ва кимга сотишга эркин бўлмаган фермер ва деҳқонлар қийналади, маиший техника, қандолатчилик маҳсулотлари, пойафзал ва ҳоказо маҳсулотлар оладиган харидорлар сифатсиз ашёни қимматга олишда давом этадилар...

Иккинчидан, алоҳида компанияларнинг якка тартибда олган имтиёзлари – солиқ ва божлардан озод қилинишлари ёки кам тўлашлари, имтиёзли кредит олишлари, моддий заҳираларга якка эгалик қилишлари бекор бўлиши лозим. Акс ҳолда тадбиркор, моҳир, ҳалол бизесменлар эмас, маккор, олғир ва қаллоб бизнес эгалари афзалликка эришадилар. Улкан коррупция шу нуқтада ўрнашади. Бу иқтисодимизнинг рақобатбардошлигини сусайтиради.

Учинчидан, «табиий монополиялар»нинг нотабиий монополияси тугатилиши шарт. Масалан, энергетика, транспорт, коммунал хизмат соҳаларида бир неча бор эълон қилинган монополиядан чиқариш ниҳоят амалга оширилиши лозим.

Умид қиламизки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу соҳадаги мажлисда баён қилган даъватлари иқтисодни ва сиёсатни жиддий ислоҳ қилишга туртки бўлади.

Карим Баҳриев,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жамоатчилик кенгаши раиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг