Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лазиз Раҳматов

Эл озодлиги буюк неъмат, шахс озодлиги эса ундан-да улуғроқ!

«Оталик таътили» йўқми?

«Оталик таътили» йўқми?

Фото: «Xabar.uz»

Сўнгги пайтларда оилавий ажримлар, жиноятлар, эр-хотин муносабатларидаги муаммолар кўпайиб бораётгани барчамизни ташвишга солади. Уларнинг олдини олиш учун олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш учун қуйидаги таклифларни билдирмоқчиман.

Биринчидан, фарзандли оилаларга бола тарбияси учун ҳеч қандай имтиёз мавжуд эмас. Агар ота ёки она ишлайдиган бўлса, бир марталик суюнчи пули, она учун иш жойидан тўрт ойлик иш ҳақи миқдорида декрет пули берилади, холос. Ишсизларга эса Вазирлар Маҳкамаси низомининг бандларига мос келсагина икки ёшгача нафақа берилиши мумкин.

Ҳар қандай фарзандли оилага бола уч ёшга тўлгунича энг кам иш ҳақининг икки-уч баробари миқдорида бола пулини жорий этиш керак. Агар иккинчи ва учинчи фарзанд дунёга келса, уларга оналик капиталини тақдим этиш зарур. Чунки ҳозир рағбатлантириш тизими йўқлиги сабабли ёш оилаларга ўртача бир ёки иккитадан фарзанд тўғри келмоқда. Халқаро таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, агар оилада фарзандлар сони учтадан кам бўлса, бу мамлакатда демографик турғунликка сабаб бўлади ва уни ҳал қилиш учун кейинчалик улкан маблағларни сарфлашга тўғри келади. Ҳозир Россияда демографик ўсишни рағбатлантириш учун «оналик капитали»ни тўлаш жорий этилган, ҳар йили юз миллионлаб доллар сарфланмоқда. Уч болали оилаларни кўп болали оила деб тан олиш, уларга ҳар томонлама имтиёзларни яратиб бериш керак. Шу маънода «Болали оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳақида»ги қонунни қабул қилиш вақти етган кўринади.

Иккинчидан, бепуштлик ёки жуфтликлардан биридаги жинсий муаммолар туфайли фарзандсиз оилаларнинг ажралиб кетиши тобора кўпроқ кузатилмоқда: 2014 йилда 7994 та, 2016 йили 7390 та. Шу боис фарзандсиз оилалар учун бола асраб олишнинг афзалликларини кенг тарғиб этиш зарур. Ўзи умуман «Етим болаларсиз мамлакат» акциясини ўтказиш ташаббусини илгари сурамиз. Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган минг-минглаб болаларни оилаларга тарқатиш уларнинг истиқболига ва руҳиятига ижобий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Учинчидан, оилалар мустаҳкамлигини сақлаш мақсадида ҳар йилнинг маълум бир санасини «Оила куни» деб эълон қилиш ва дам олиш куни этиб белгилаш керак. Шу куни узоқ вақт – 75, 70, 65, 60, 55, 50, 45, 40, 35, 30, 25 йил биргаликда турмуш кечирган аҳил оилаларни давлат томонидан мукофотлаш, ёшларда оилага нисбатан масъулият ва меҳр ҳисларини оширишни тарғиб қилиш мақсадга мувофиқ. Фестиваллар ташкил қилиш, оталар, оналар ва болаларга турли-туман совғалар бериш тавсия этилади. Бундай фестиваллар хорижий меҳмонлар эътиборини тортиши билан ҳам ниҳоятда аҳамиятли бўлади.

Ажримлар кўрсаткичи ўсишда шундай давом этса, 10-15 йилдан кейинги вазиятни тасаввур қилиш ёқимли бўлмайди. Ҳар йили 300 минг оила қурилаётган бўлса, ажримлар сони 2017 йили 31930 тани ташкил этди. 2016 йилда бу рақам 29647 та эди. Эркакларнинг катта қисми ажримнинг биринчи йилидаёқ оила қуриб кетаётган бўлса, аёллар чуқур руҳий босим остида қолмоқда. Энг ташвишланарлиси, ҳар йили яраштириш комиссияларига ажрашиш истагидаги 90 мингдан ортиқ фуқаро ариза билан мурожаат қилаётганини назардан қочирмаслик керак. Комиссиянинг куйиб-пишиши билан, ундан ўтса фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан учдан икки қисм аризачининг муаммоси ҳал этилиб, оиласи сақлаб қолинмоқда.

Тўртинчидан, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга жиддий ўзгартириш киритиш лозим. Никоҳдан олдинги тиббий кўрик соғлиқни умумий текшириш билангина чекланиб қолмоқда. Бир парча маълумотнома тақдим этиш билан масала ёпилаяпти. Фикримизча, никоҳдан ўтувчилар учун оилани режалаштириш, контрацепция воситалари, жинсий тарбия ва маърифат, оила қуриш масъулияти, оналик ва оталикнинг нозик сирлари бўйича уч кунлик бепул курсларни ташкил қилиш керак.

Шу билан бирга бундай тиббий кўрик никоҳга ариза беришдан олдин эмас, балки эскидан урф бўлиб келаётган унаштириш маросимидан аввал ўтказилиши зарур. Чунки унаштириб қўйилган ёшлар, гарчи кейинчалик уларнинг бирида оила қуришга монелик қилувчи хасталик аниқланса, ҳатто у тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши аниқланса ҳам, юзхотирчилик туфайли никоҳдан ўтишади.

Бешинчидан, Ўзбекистоннинг дунёга очиқлик ва шаффофлик, халқаро демократик андозаларга амал қилаётган сиёсати Ғарб давлатларининг бир жинсли муносабатларни қонунийлаштириш сиёсати билан тўқнашмоқда. Юртимизда Ғарбнинг бу ахлоқсизлиги илдиз отишининг олдини олишимиз шарт.

Ташқи ишлар вазирлиги дипломатик ваколатхоналар ва хорижга чиқувчи делегациямиз вакилларини «Анъанавий оила институтининг афзаллиги» борасида комплекс қуроллантириши керак. Токи, хорижликларнинг бот-бот янграйдиган саволларига мум тишлаб ўтирмай, ўз миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб, диний ва анъанавий эътиқодларимизга мос келмайдиган бундай номақбул одатларга кескин жавоб қайтаришга тайёр турсин.

Олтинчидан, хорижга чиқувчилар учун ва хорижий фуқароларнинг Ўзбекистонга кириши учун виза тартибининг енгиллаштирилаётгани, хорижга чиқиш стикерини бекор қилишга зўр бериб тайёргарлик кўрилаётгани, интеграция жараёнлари кучаяётгани қатор муаммоларни туғдирмоқда. Охирги вақтларда чет элликлар билан ўзбекистонлик қизлар оила қуриши кўп кузатилаяпти. Уларнинг кўпи кейинчалик ажрашиб, ноқулай аҳволга тушиб қолаётгани, ҳуқуқлари поймол бўлаётганига исталганча мисол топиш мумкин.

Албатта, мутассиб миллатпараст эмасман, аммо космополит ҳам эмасман. Ёшлар иттифоқи ёки партияларнинг «Эркаклар қаноти» гуруҳларини фаоллаштириш, «Биз сизни ҳеч кимга бермаймиз» каби акцияларни ўтказиш керак. Бунда уйланаётган қизга мебел, тўй харажатлари каби ортиқча «солиқ»ларнинг солиниши охир-оқибат уларнинг «тақчиллиги»ни келтириб чиқаришини йигит мардумларга тўққиз пулдай қилиб тушунтириш зарур. Чет элликларга турмушга чиқаётган қизларни тўхтатиб қолишга иродамиз етмаётган экан, ҳеч бўлмаса уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишимиз керакка ўхшайди. Хотин-қизлар қўмитаси ва Бош прокуратура ҳузурида Чет элдаги ўзбек аёлларининг манфаатларини ҳимоя қилиш махсус гуруҳини тузишни таклиф этмоқчиман.

Еттинчидан, «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказини оилалар манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилувчи куч сифатида шакллантиришни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Хотин-қизлар қўмитаси фаолияти бир неча бор ислоҳ қилингани билан кутилган натижага эришилмаётганини бугун сира инкор қилиб бўлмайди. Ривожланган давлатларда бўлгани каби Оила, қариялар ва аёл-қизлар ишлари вазирлигини ташкил қилиш мақсадга мувофиқдай кўринади. 

Саккизинчидан, судларинг иши шу қадар кўпки, ажримлар масаласи синчковлик билан ва алоҳида ёндашув асосида кўрилаётгани шубҳа остида қолмоқда. Бизнингча, судларда ажрашиш ҳақидаги ариза қабул қилинган вақтдан бошлаб ҳозирги олти ой муҳлат ўрнига, бир йиллик «айрилиқ даври»ни жорий этиш керак. Шундан бошлаб эр-хотин алоҳида яшай бошлайди. «Ёлғизлик даври»да икки томон ҳам никоҳни бекор қилишга қаршилик билдирмаса, ишни кўриб чиқиш мумкин. Бир-биридан айро яшаш даврида эр-хотиннинг ажрашиш ҳақидаги қарори қатъийми, бу жараёнда учинчи шахсларнинг иштироки ҳал қилувчи тусга эга эмасми деган саволларга узил-кесил жавоб топиш лозим. Синов даврида улардан бири ярашишга астойдил ҳаракат қилса, суд мажбурий айрилиққа чек қўяди. Бу орқали шошилинч қарор қабул қилишнинг олди олинади.

Тўққизинчидан, бутун дунё мамлакатларида оилада эркакларнинг ролини ошириш, фарзанд тарбиясида уларнинг иштирокини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш тенденцияси кечмоқда. Аксарият давлатларда ҳомиладор хотинни туғруқхонага жойлаштириш, туғруқ жараёнида бевосита иштирок этиш ва чақалоққа барча шароитларни муҳайё қилиш, гўдак парвариши учун 14 кундан олти ойгача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинадиган оталик таътили жорий этилган. Ўзбекистон қонунчилигига ҳам «оталик таътили» деган тушунчани олиб кириш ва қўллаш даври етди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг