Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Муте халқ ўзлигини чапак чалиш орқали ниқоблайди». Сенат сабоқлари

«Муте халқ ўзлигини чапак чалиш орқали ниқоблайди». Сенат сабоқлари

Фото: Президент матбуот хизмати

Турли замон ва маконларнинг ҳам ўзига яраша катта-кичик муаммолари бўлади. Уни ечиш, унга жавоб излаш учун етук салоҳиятга, ақл-у идрок ва тажрибага эга бўлган лидерлар зарур, албатта. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари ана шундай интеллектуал жамоа бўлишига ишонч ҳосил қилишимиз учун, албатта, натижалар кўзга ташланиши керак.

Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи йиғилишида ҳамда Сенатнинг биринчи ялпи мажлисида келажакда қандай иш тутиш ва қандай бўлишимиз борасида ибратомиз фикрларни, кескин танқид ва аччиқ ҳақиқатга амал қилган ҳолда, эътироф этди. Бу аслида, мамлакатимиз равнақи ва халқимизнинг фаровонлиги, олдимизда турган улуғ мақсадларнинг рўёби билан дахлдор масаладир.

Авлодлар қалбига аждодлар табиатига хос қадрулабад туйғуларни сингдириш муаммога ечим бўлишини Президент чуқур ҳис этади. Ватан туйғуси, оила қайғуси фаолиятда бўлган, фуқаролик бурчини англаган, юрт қисматига дахлдорлик ҳисси бор бўлган инсонларга хос. Президент Сенатнинг биринчи ялпи мажлисида ўзлигимизга, теран тарихимизга ҳаракатимизга доир жиддий муаммолар ҳақида ҳам сўз юритди: «Бобур 12 минг кишилик аскарлари билан 100 минг кишилик қўшинни қандай қилиб енгган? Шунчаки бундай ғалаба қилиб бўлмасди, аскарларнинг ватанпарварлиги юқори бўлган. Бугун қуйи палатада ҳам Бобурни эсладим, охирги пайтлар аждодларимизнинг тарихи ҳақида кўп ўқияпман».

Ўз тарихимизни, ўзлигимизни билдириш ўрнига собиқ иттифоқ пайтида таълим тизимида бизга ёд бўлган таълим берилгани борасида куюнчаклик билан сўзлайди: «Бизга эса совет даврида Пушкин, Лермонтовнинг боболарининг хоки қаерда тўкилганини ўқитганлар, холос. Алишер Навоий ёки Бобурларни ўқитишмаган».

Миллатни маънавиятидан, тилидан, адабий меросидан узоқлаштириш уни йўқотишга қаратилган ҳаракатдан бошқа нарса эмас. Бобурнинг ғалабаларида унинг илми балоға, хатоба санъати, яъни воизлик маҳоратининг aҳамияти ҳам катта бўлган. Жанговарликка чорловчи ҳарбий воизликнинг ўрни бўлакча бўлганини, ватанпарварликка даъватни Бобур номи билан боғлиқ ривоятлар ҳам тасдиқлайди.

«Машқда қанча кўп тер тўксанг, жангда шу қадар кам қон тўкасан» – деган машҳур ақидани рус ҳарбий саркардаси Суворов номи билан боғлаб айтиб юрамиз. Ваҳоланки, соҳибқирон Амир Темур тактикасида у синашта ҳол бўлган. Бу аслида, ўз тарихимизни чуқур билмаганимиздан, журъат ва жасорат билан буни эътироф эта олмаганимиздандир. Ундай десак, нима бўларкан, бундай десак, нима бўларкан, қабилида ҳадик ва қўрқув билан яшадик, болаларни ҳам шунга чоғладик. Бунинг боиси мана, Президент таъкидловида акс этди: «Ёки шунча йил ҳарбий мактабларимиз Суворов номида бўлган. Бирорта одам айтмаганки, мустақил бўлганимизга неча йил бўлди, нега мактаб номи Суворов бўлиши керак, деб. Биз Суворов мактабларини Темурбеклар мактабига ўзгартирдик».

Ўз фикрини равон ва эмин-эркин айта олмаслик, воизлик маданияти ва маҳоратини чуқур эгалламаганимизнинг оқибати бу. «Қўй, яхшиси, жим ўтирай, тағин қовун тушириб қўймай, сўзга чечанмаслигимни ҳамма биладику, «оч қорним – тинч қулоғим» қабилида иш тутдик. Натижада сукут бизни кўр-кўрона мутелик бандига боғлаб қўйди. Сукут ҳам зарур ўз ўрнида, албатта. Лекин сукут оқилнинг жавоби, жоҳилнинг ниқоби эканини ҳам унутмаслик керак.

Ўзининг қатъий фикри ва пировард мақсади бўлмаса, одам табиатида мутелик, эргашувчанлик бўлади. У ўзини, ўзлигини чапак чалиш орқали ниқоблайди. Сенатнинг биринчи ялпи мажлисида Шавкат Мирзиёев «30 йилда чиройли қарсак чалишни ўрганганмиз» дейишида ҳам ана шу мантиқ бор. Маҳаллий кенгашлар қанчалик кучли бўлса, албатта, Сенат ҳам шунчалик кучли бўлишини алоҳида таъкидлашида умид руҳи бор.

Ташаббускорлик умиднинг, ташкилотчилик эса ишончнинг маёғи. Бунинг учун воқеликни таҳлил қилиш, ўзига танқидий назар билан қараб, ўзини тафтиш қила олишнинг хосияти катта. Юқорида олқиш ва қарсаклар бўлгани билан қуйидаги аҳволни яхшилаш мураккаблигини давлат раҳбари куюнчаклик билан гапирди: «Лекин пастда на тизим бор, на назорат бор, ҳамма нарса эски тос, эски ҳаммом. Ана шу нарса йўқлиги учун бизда кўп нарсалар «калтак» билан, селектор билан бўляпти. Селектор билан, «калтак», бақир-чақир билан бўлган нарса – вақтинчалик, у доимий эмас».

Дарҳақиқат, «калтак», «бақир-чақир», селекторлар натижа ва самара бермаслиги тайин. Аксинча, у маънавий мезонларга зид бўлибгина қолмасдан, балки маданиятсизликнинг ниш уришига ҳам сабаб бўлади. Бу эса мулоқотнинг калити нутқ билан, муомаланинг калити хулқ билан эканлигини яна бир ёдга солиш кераклигини англатади. Ваҳоланки, нутқий ва хулқий маданиятга эга бўлмаган инсон комил, авлод эса баркамол бўла олмаслиги аниқ.

«Беайб парвардигор» деб ўзимизни овутамиз. Бу хато қилсак бўлаверади дегани эмас, албатта. Гап хато қилишда эмас, балки уни тузатишга киришмасликда. Тангри таоло кечиримли бандаларни хуш кўради мазмунидаги ҳадиснамо ўгитни ҳам биламиз. Иккита инсоннинг қандайдир келишмовчилиги боис бир-бирининг дилини оғритиши ва кечирим сўрашлари бошқа гап. Эл-юртнинг манфаати, халқнинг ишончи, мамлакат равнақи йўлида масъул раҳбарлар йўл қўйган хатони кечириш қандай бўларкан? Бир марта кечиришди, яна кечиришади деган ўй энг хавфли туйғу бўлиб, у масъулиятсизлик ва лоқайдликнинг урчишига, бефарқликнинг илдиз отишига сабаб бўлади. 

Буюк нотиқ Марк Туллий Цицерон «Инсон эркин бўлиши керак, эркин бўлиши учун у қонуннинг қули бўлиши керак», – деб ёзганди ўз трактатларидан бирида. Бунда қонунни муқаддас тутиш, унга ҳурмат ва албатта, уни сўзсиз ижро этиш талаби борлигини, демократик тамойиллар мавжудлигини сезиш қийин эмас. Қонун олдида ҳамма баб-баравар тенг экан, масъуллар, яъни қонунни ишлаб чиқарувчи ва маъқулловчи тизимлар эса икки баравар жавобгар бўлиши тақозо этилади. Шундай масалалар, вазифалар борки, бунга халқимизнинг «эгилган бошни қилич кесмайди» деган нақлини рўкач қилиб бўлмайди.

Кечириш ва кечирмаслик она юртимиз ва халқимиз розилиги, фаровонлиги билан боғлиқ экан, бу ўта жиддий масала. Бу қатъийликни, принципиалликни тақозо этишини Президент ўз нутқида аниқ ва кескин ифода этди. «Энди кечирим билан иш битмайди, қонун олдида жавоб бериш керак!» Мана, бошқарув тизими ҳамда раҳбарлик фаолиятининг бош мезони. Чунки, ҳамма нарсага чидаши мумкин бўлган, лекин адолатсизликка чидай олмайдиган халқимизнинг орзу-истаги, розилиги ҳам ана шу талаб ва ижро билан боғлиқ, аслида.

Халқнинг норозилигига, баъзан сарсон-саргардон бўлишига боис бўлувчи иллат бу порахўрлик экани ҳеч кимга сир эмас. Президент бу масалада ҳам жиддий ва амалий ҳаракатга ўтди: «Бош прокурорга учта йўналишда – қурилиш, тиббиёт ва олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш бўйича қаттиқ топшириқ берганман. Сенаторлар ҳам коррупция қарши курашишда жиддий назорат олиб бориши керак. Чунки коррупция халқнинг ғазабини келтиряпти».

Ўзбекчиликда илтимосга рад жавобини бериш ноқулайдек туюлиши мумкин. Лекин бу ўз ҳаётимизни ва шахс сифатида ўзимизни ривожлантиришимизнинг ҳамда ўзимизни ҳурмат қилишимизнинг асосий белгиси эканини англаш зарур. Асосийси, вақтида сукут сақлаш ёки рад этишни билиш ва амал қилиш ўша онда ноқулай бўлса ҳам, кейинчалик кенг имкониятлар эшигини очади. Иймоннинг озиғи, банданинг ёзиғи ҳам шу билан эмасми, асли. Кўпинча одамлар бизга таъсир ўтказишади, ҳар бир киши ўзига фойда келишини кўзлаб иш тутади. Бу эса одамни асосий мақсаддан чалғитади, узоқлаштиради. Бирон инсонга «йўқ» деб жавоб бериш нормал ҳолат. Биз ҳеч кимга ҳеч нарсадан мажбур эмаслигимизни назарда тутсак, шунинг ўзи кифоя. Шундагина коррупциянинг олдини олган бўламиз.

Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетидаги нохуш ҳолатлар ва 65 фоиз ўқитувчиларнинг аттестациядан ўта олмагани давлат раҳбарини ғааблантиргани бежиз эмас. Чунки, чуқур замонавий билимга эга бўлмаган, коммуникатив компетенцияга, талабаларни фанга, соҳасига қизиқтира олмаган, нутқий маҳорати бўлмаган ўқитувчидан нима кутиш мумкин? Тарбияланган одам тарбия берганидек, таълим олгангина таълим бера олиши айни ҳақиқат-ку! Ўз устида, сўз устида ишлашдан кўра пул ишлаш усуллари ҳақида бош қотирадиган педагогнинг иймони бут бўлармикан.

«Тасаввур қиляпсизми буни? Коррупцияга ботиб кетган, бечора талабалар шунча йил қанақа қилиб чидаб ўқиган, ҳайронман». Президентнинг бу эътирози аксарият таълим муассасаларида ўқув ва тарбия тизимининг қай аҳволга ташлаб қўйилгани ҳақида тасаввур уйғотади.

Ректорлар борасидаги президент эътирозларига эътироз билдириш қийин. Чунки, педагогларнинг коммуникатив компетенциясига қараб иш бермаслик, уларнинг лаёқати, ўз касбига қай даражада меҳри борлигини билмаслик, хизматига яраша рағбатлантирмаслик, бесамар мажлисбозлик, буйруқбозлик, қоғозбозлик, катталарнинг қош-қовоғига қараб иш тутиш каби ҳолатлар баъзи таълим муассасалари раҳбарлари фаолиятида кўзга ташланишини яшириб бўлмайди.

Шу сабаб ректорлар ҳам талабалар ва ота-оналар олдида ўз жавобини бериши кераклиги уқтирилди. «Ректорлар ҳам давлатдан ойлик олади-ку, ахир. Шу сабабли ректорлар ҳам маҳаллий кенгашлар олдида ҳисобдор бўлиши керак, узр билан иш битмайди, қонун олдида жавоб бериш керак ҳамма. Уч йил кечирдик, етади. У давр ўтди. Энди шунчаки кечирим сўраш билан қутулиб қолиш бўлмайди, қонуний чора кўрамиз», – деди президент.

Ҳар бир сергак инсон юртига, юртдошларга эҳтиромли бўлса, дўппини бир чеккага қўйиб, ўзининг иш юритиш тартиби ва таркиби ҳақида жиддий ўйлаб кўриши, тезликда самара берадиган амалий ишларга ўтиши керак. Бу давр талаби, ўзгараётган Ўзбекистоннинг тараққиёти тақозоси.

Президентнинг Сенатдаги чиқишлари зийракликка, холисликка ва одилликка чорлов ҳамда мамлакатимиз ривожига ғов бўлувчи иллатларга кескин, муросасиз курашга даъват руҳида бўлибгина қолмай, эндиликда халқ ишончини оқлашга жазм айлаган депутат ва сенаторларга ҳам масъулият ҳисси ва мажбурият бурчини жиддий англатгани рост.

Бу чорловнинг ёлқинли олови ва ялови эртага президентимизнинг мурожаатномасида акс этиши, ёлқинланиши, порлаши аниқ.

Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари,

Баҳриддин Муқимов,
«Нотиқлик санъати академияси» таълим муассасаси директор ўринбосари

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг