Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Маънавият кимга керак – бозорчига, ёшларга...амалдоргачи?

Маънавият кимга керак – бозорчига, ёшларга...амалдоргачи?

Маънавият шукр ва сабр деганими?

Бу ҳақда аввал ҳам ёзган эдим. Билмадим маънавият сўзини ва унинг моҳиятини тушуниб олгунимча яна қанча ёзаман.

Эсингиздами бундан уч йиллар олдин соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова бир нутқида бозорчи хотинларда маънавият бўлмайди, деган фикрни айтиб маломатларга қолиб кетганди. Шунда «Маърифат» тарғибот жамияти аъзоси Феруза Азимова танқидларга муносабат ўлароқ шундай чиқиш қилган эди:

«Маънавият» ўзи нима ва нима учун керак? Ким учун керак? Қачон ва қаерда керак? Маънавият – очлик, йўқчиликка гўзал сабрни, жаҳлу нафсни тийиш ва енгишни, хуллас барча иллатларга қарши тура олишни кўрсатади, ўргатади. Уни чин маънода, борлиғича ҳис қила олмайдиганлар, англаб етмаганларгина инкор этади, паст баҳо беради, аҳамиятсиз кўради.
Э.Боситхонованинг озгина силлиқланмасдан ошкор этилган фикрида айнан «маънавият» сўзи иштирок этгани учун ҳам турлича талқин этилмоқда, мунозарага учрамоқда. Жиддийроқ қаралса, мамлакат хотин-қизларининг ҳимоячиси бўлган бу раҳбар аёл аслида «Бозорчи аёлларда маърифат йўқ, маънавият йўқ. У бозорчи. Шу сўзга мос бўлмаслиги учун Хотин-қизлар қўмитаси нима қилди? Мен топшириқ бердим, бозорда Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотини тузасизлар, бозорда алоҳида хона қилиб беради. Бозорда ишлайдиган аёлларни ўша ташкилот хонасига олиб кириб, маърифий суҳбатлар ўтказилади», дея ўзига хос ва мос ташаббус билан чиққанлигининг нимаси ёмон, қўрқинчли ва ваҳимали. Ушбу фикрлар билан худдики, мамлакат бозорларини сел босди... Жиддийроқ, таҳлилий қаралса, бундай ёндашувга эҳтиёж ва зарурат юқори ҳам ҳатто».

Биз ҳам маънавиятга эҳтиёж юқори эканлигини инкор қилмаймиз, аммо маънавият фақат бозорчи аёлларга керакми эди? Қолаверса, ушбу ташаббус бозорларда қандай давом эттирилмоқда?
Майли, маънавиятли инсон қотиллик қилмайди, шунинг учун ҳам маънавиятли бўлмоқ керак деган ғояни илгари сурайлик, лекин биз маънавият деб қанча кўп гапирганимиз билан қотилликлар камаймаяпти.

Тўғри, маънавиятли одам борига қаноат қилади, шукр қилади. Лекин адолатсизликка шукр қила оладими? Агар у ростдан ҳам маънавияти етук инсон бўлса? Миндей ўйлаб қарасам маънавият фақат оддий халқ учун керакдек. Одий халқ сабр қилиши керак, оддий халқ шукр қилиши керак, оддий халқ яхши яшаш учун йўл қидириши керак.

Биз ёш бўлмаганмизми?

Жуда кўп кузатамиз. Кўчада биронта одам ножоиз қилиқ қилса дарров маънавиятчилар бонг уради. Маънавият тарғиботи кучайган пайтлар «чириган ғарб» деган тушунчалар маънавият сўзи билан ёнма-ён турди. Маънавият тарғиботчилари ўз чиқишларида «чириган ғарб»даги ёт унсурларни ёшлар онгидан тозалашмоқчи бўлди. Яъники, турли бақир-чақирлардан иборат қўшиқларни айтмаслик, миллийлигимизга мос бўлмаган кийимларни киймаслик, ўзгача фикрламаслик, доимо итоатда бўлиш сингдирилди, сингдирилдики оқибатда мустақил фикрлайдиган ёш авлодни йўқотдик ёки ҳаддан ортиқ ўзгача бўлишга интилиш кучайди. Яна «маънавият» деганда фақат битта нарсани тушундик, бир хил кийинган ёшлар, қўли кўксида ёшлар, сипо ёшлар... «Чириган ғарб» деганда сочини ўстирган ёшлар, йиртиқ шим кийган ёшлар, бақир-чақир қилиб қўшиқ айтадиган ёшлар, сочини алламбало турмаклайдиган ёшлар. Гўёки биз ёшларимизда шу нарсаларни чегараласак ҳаётимиз чиройли бўлади, гўёки биз ёш бўлмаганмиз. Ҳаддан ортиқ уларнинг ўткинчи ўзгачалигини чегаралашга киришиб кетганимиздан асосий эътибор берадиган жиҳатларимиз унутилди. Қисқароқ қилиб айтганда, жамиятнинг чиркин томонларини, виждонсизликни, ноҳалолликни сиполик ортига яширмоқчидек бўлдик. Ва бу ёндашув ғарбга нисбатан, ғарб ҳаётига нисбатан одамларда нафратни уйғотди. Лекин бугун интернет имкониятлари туфайли кўраяпмизки, ғарбда керак бўлса биздан одамийроқ, биздан инсонийроқ одамлар ҳам кўп экан. Айниқса, қонун устуворлиги, инсон омили тамоили устун эканлигини кўрдик. Ва айнан маънавиятчилар айтган «чириган ғарб» ривожланган давлат эканлиги «фош» бўлгач, эҳтимол маънавият сўзи ўз қадрини йўқота бошлаганди.

Маънавият тарғиботчилари нимани унутди?

«Маънавият ва маърифат» марказининг иш фаолиятини сайтига кириб кузатсангиз маънавиятни тарғиб қилишда китобхонликка кўпроқ урғу берганини кўришингиз мумкин. Улуғ алломаларнинг туғилган кунлари, масалан, «Баҳор келди сени сўроқлаб», «Давлат рамзларига ҳурматсизлик жамоатчиликда норозилик уйғотди», «Заҳириддин Муҳаммад Бобурга эҳтиром»... барчаси мана шундай руҳдаги тадбирлар. Бундай ёндашув мактабларда, мактаб дарсликларида ҳам бор. Демак, маънавият деб бонг урганимиз билан унинг туб моҳиятини англаб ета олмаётганимизга сабаб ёндашув нотўғри. Маънавиятчилар кириб бораётган аудитория нотўғри. Масалан, ҳар бир ўқув даргоҳида, умуман олганда, ҳар бир идорада маънавият ходими ишлайди. Айтайлик, олий таълим муассасаларида «маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор», мактабларда «маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари», деган лавозимлар бор. Агар маънавиятчилар ростдан ҳам яхши ишласа ўша олийгоҳда порахўр бўлмаслиги керак. Ахир қиёфа рисоладагидек бўлиб ички дунё тарбияланмай қолсачи? Маънавиятчиларимиз унутган нарса айнан мана шу инсоннинг ички қиёфаси. Инсоннинг виждонсиз, ҳаромдан қўрқмайдиган бўлиши унинг ички қиёфасини кўрсатади, ички қиёфанинг бу кўриниши ташқи қиёфадан кўра зарарлироқ.

Лукизм

Қизиқ пародокс. Маънавиятчилар ҳаммадан бир хилликни талаб қилиш орқали масалан, йиртиқ шим кийган одам ёмон, сочини турли рангга бўяган одам ёмон, деган фикрларни айтиш асносида лукизм, яъни одамларнинг қиёфасига қараб муомала қилишга ўргатди. Аслида ҳақиқий комил инсон (маънавиятли) бошқаларнинг кийими, сочи билан иши бўлмаслиги унинг қалбини биринчи ўринга қўйиши керак. Аммо бизда акси бўлди, ижтимоий тармоқларни кузатсангиз одамларда сал ўзгачароқ кийинган ёки ўзгачароқ қиёфадаги одамларнинг санъати, иш фаолияти, иқтидори эмас, қиёфаси танқид тошлари остида қолиб кетмоқда. Бу эса лукизм, дейилади. Яъни инсонни фақат қиёфасига қараб баҳолаш, йиртиқ шим кийдими демак ёмон одам, сакраб рақсга тушдими демак ёмон одам... яна қайтариб айтаман порахўр амалдорларнинг, баъзи порахўр мактаб директорининг, порахўр домланинг барчаси жуда тартибли ва меъёрида кийинади.

Маънавиятли инсон ватанпарвар бўлади(ми)

Ватанпарвар деган тушунчамиз ҳам ўзимизга хосу мос. Яъни ҳар қандай шароитдаям ватанни ташлаб кетмаслик. Бу худди уруш даврида оддий аскарларни олд қаторга қўйишдек гап. Ватанни севиш ҳақида кўп гапиришади, аммо ватандан бездираётган бемаънавият юлғичлар, адолатсизликлар ҳақида умуман гапиришмайди. Гўёки Ўзбекистонда халқнинг ҳаётини реал яхшилашдан кўра, маънавият деган ғоявий қурол орқали ватанни севишга ўргатишмоқчидек.

Маънавиятчилар тунги клубларни ишғол қилиши мумкин, бозорлардаги аёллар оғзини пойлаши мумкин, биз маънавият деганда фақатгина шу нарсаларни тушуниб қолдик, маънавиятни ҳар жойга тиқиб шу қадар сийқасини чиқаришдики... Аммо маълум қавм борки умуман уларга маънавият тегишли эмасдек. «Маънавият бир четга суриб қўйилса, – дейди бир мақоласида таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев – янги бойлар хайр-саҳоват, мурувват йўлини қўйиб, ҳою ҳавасга, тутуриқсиз харажатларга бериладилар, бемаъни урф-одатларни ўйлаб топадилар ва шу ишлари билан ном қозонадилар. Дунё дунё бўлиб, пул, бойлик юзага келганидан бери ҳеч бир бойвачча «Бўлди, мол-мулким ошиб-тошиб кетди, бошқаларга ҳам қолсин», деган эмас. Маънавиятли киши, агар унинг атиги бир кунлик ризқидан бошқа ҳеч вақоси бўлмаса ҳам, шукр қилади, шу ризқни оғзига солаётиб, бошқалар тўғрисида ҳам ўйлайди. Бундан англашиладиган хулоса шуки, эндиликда дунёни куч, бойлик, қурол-яроғ, дўқ-пўписа эмас, имон-эътиқод, фаҳм-фаросат, ақл-идрок, таълим-тарбия билан мужассамлашган маънавият қутқаради.»

Мана энди муддаога етиб келдик. Яъни миллиард-миллиард пулларни ўмараётган талон-тарожчилар асл маънавиятсизлардир. Ваҳоланки, уларнинг биронтаси сочини сариққа бўямайди, жамоатчилик жойида хохолаб кулмайди, ёки тўйларда сакраб-сакраб ўйнамайди, сипо кўринади, сипо кийинади, аммо порахўр –данғиллатиб тўй қилади, фарзандини пора эвазига ўқитади. Маънавиятчилар томонидан гўёки бундай текис ва силлиқ одамлар ёмон ишлар билан шуғулланмайди, деган писмиқ ғояни онг остимизга тиқиштирилдики, оқибати ҳамон одамларнинг ўзгача кийимини муҳокама қилишдан бўшамаяпмиз.

Бизда маҳалла деган тизим бор, қадриятлар бешигисан маҳалла, дейишади. Ўша маҳалла фаоллари ёшларнинг юриш-туришини назорат қилади, яъни ёшларни маънавиятга чорламоқчи бўлишади. Аммо кўчада сал ўзгачароқ кийинган ёш маънавиятсизми ёки сипо, чегарадан чиқмай кийинган бўлса-да халқнинг пулини талон-тарож қилаётган маҳалла раисими, кийиниши ўзининг шахсий иши бўлган ўша ёш хафлироқми ёки халқнинг ҳаққи бўлган пулни ўмарган мўмингина, қобилгина, тартибли кийинган маҳалла раисими?

Маънавий ҳақ нима?

Тасаввур қилинг талабалардан маънавиятли бўлиш талаб қилинадию аммо домла пора сўрайди, талаба пора билан ўқишга кирган бўлади, пул берса баҳосини олади. Ғурбатлардан безиб алоҳида яшашни истаган эр-хотинга маҳаллани талон-тарож қилаётган раиснинг насиҳат ўқишга ҳаққи борми?
Масалан, йўл тузатилиши керак бўлган пулни талон-тарож қилинганини кўриб турган маънавиятчи ёшларга тўғрисўзлик ва ҳалоллик ҳақида гапиришга-чи? Ёки садоқат ҳақида гапираётган амалдор ўзи порахўрлик қилиб хоинлик қилаяптими, унинг ҳам маънавий ҳаққи йўқ. Ёки маънавият ҳақида гапириб турган одам ўзи данғиллатиб тўй қилаяптими, маънавият ҳақида гапиришга ҳаққи йўқ. Умуман, ёшларга насиҳат қилишдан  олдин ҳар бир масъул шахс ўз маънавияти ҳақида ўйлаб кўрса маънавият сўзининг тоши бўлармиди?
Маънавият нима деган саволга ҳар ким ҳар хил жавоб беради. Кимдир қадрият дейди, кимдир одоб-ахлоқ, яна кимдир аждодларимиздан қолган мерос дейди... лекин ҳалигача маънавият қаерда ишлайди, қаерда ишламайди мана шу саволга жавоб йўқ. Ва мени ўйлантирадигани нега ҳар бир ишхонада маънавият билан ишлайдиган ходимлари бўла туриб порахўрлик авж олмоқда,таниш-билишлик кучаймоқда, халқ мулкини ўзлаштирмоқда ва негадир ўша ердаги маънавиятчилар бу жиноятларни кўриб гунг ва кар.  «Маънавият асослари» китобида маънавият инсон руҳий ва ақлий оламини ифодаловчи тушунча, деб белгиланган. Яна у кишиларнинг фалсафий, ҳуқуқий, илмий, бадиий, ахлоқий, диний тасаввурларини ўз ичига олади, дейилган экан.

Сиз ҳамма жойда бўлишингиз керак

Демак, сиз маънавиятчилар аёллар, болалар, ўсмирлар билангина шуғулланманг! Сиз порахўрларни тўхтатинг, сиз ахлоқи бузуқ ўзидан блогер кашф қилиб ёшларни орқасидан эргаштираётган«дин воиз»ларини тўхтатинг, сиз телевидениеларда маъни-мазаси йўқ сериалларни ишлаб чиқараётган сериалчиларни тўхтатинг, хорижга оилавий ишлашга кетаётган мигрантларни тўхтатинг. Лоақал ўзингиз ишлаётган ташкилотдаги бирорта мансабдор порахўрни тўхтатинг. Агар сиз ишлаётган жойда бизнинг қолипдан сал чиқиб бошқача кийинган, аммо ўзи юриш туриши, ҳалоллиги билан эътибор қозонган бўлса ўша одамни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатинг. Кийими-чи дейсизми, кийинишини ўз ҳолига қўйинг, ўзининг шахсий иши, лекин унинг ҳалоллиги, виждонлилиги дунёларга татийди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг