Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Кеп қолинг, сайтимни сотаман!

Кеп қолинг, сайтимни сотаман!

Хорижда сайтларни сотишга мўлжалланган онлайн-аукционлар жуда кўп.

Фото: «Telderi.ru»

«UZ домени» ҳудудида сайтларни очиқ сотишга мўлжалланган онлайн-аукционлар қачон пайдо бўлади?

Бутун дунёда бўлаётгани каби, Ўзбекистонда ҳам аҳоли анъанавий ахборот манбаларидан (ТВ, радио, матбуот) унинг «рақамли» муқобилларига ўтмоқда. Zenith агентлиги таҳлилига кўра, 2009 йилдан буён интернетда ўтказиладиган вақт уч баробарга ошган (кунига 48 дақиқадан 149 дақиқага) ва 2019 йилга бориб интернет бутун дунёда оммавийлиги борасида телевидениени ортда қолдиради. Табиийки, реклама бозорининг интернет йўналишидаги улуши ҳам ошиб боради.

Маҳаллий мутахассисларимиз таҳлиллари бўйича, Ўзбекистоннинг умумий реклама бозори $25 млн.ни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 3 млн. аҳолига эга Арманистонники билан тенг. Ва бу сумманинг атиги 7-8 фоизини интернет реклама ташкил этади.

Ушбу маълумотлар, аввало, бизда ҳали реклама бозори яхши шаклланмаганини, иккинчидан унинг интернетдаги улуши паст эканини англатади. Интернетдаги улушнинг пастлиги эса ҳали миллий контентимизнинг тараққий этмаганини (айниқса, бизнес ва даромад келтирувчи манба сифатида), «UZ домени» барқарор ривожланишга чиқиб улгурмаганини кўрсатади.

15 миллиондан ортиқ интернет фойдаланувчилари эҳтиёжини қондиришга UZ ҳудудидаги 36 минг домендан иборат ресурслар (катта қисми ресурс сифатида шаклланмаган ҳам) етарлими? Кўпгина мамлакатлар билан солиштирилганда, бу камтаргина рақамга айланади.

Миллий контент ривожланишида интернетда бизнес-лойиҳаларга янада кўпроқ қулайликлар яратилиши ҳал қилувчи рол ўйнайди, назаримда. Чунки, қанчалик фойдали ресурслар яратилмасин, келажакда уни ушлаб туриш, ривожлантириш учун молиявий таянч бўлмаса, лойиҳа ўз-ўзидан таназзулга учрайди.

Ҳар йили қанчадан-қанча домен номлари очилади, ресурслар яратилади. Уларнинг катта қисми бир-икки йил ҳам яшай олмай, ўз харажатлари гирдобида йўқолиб кетади. Бундай муваффақиятсизлик иккинчи бор шу ишга қўл уришга кўпчиликни чўчитиб қўяди. Кимлардадир ғоялар бор, аммо буни молиявий таъминлашга кучи етмайди. Кимлардир сармояга эга, лекин истиқболли ғоя етишмайди.

Хорижда интернет-лойиҳаларни, сайтларни сотишга мўлжалланган онлайн-аукционлар, махсус сайтлар жуда кўп. Бизда эса бунақаси ҳали йўқ. «UZ домени»да яхши ресурс яратиб, маълум аудитория тўплаб, аммо кейин уни молиявий таъминлай олмай ёпилиб кетаётган сайтлар қанча. Нега шундай ҳолатда сайтни ҳеч бўлмаганда қилинган харажатларини қоплаш мақсадида сота олмайди, унинг муаллифи? Чунки буни қаерда эълон қилишнию, қай тартибда сотишни билмайди у. Қолаверса, одатда сайт сотувга қўйилганида унинг домен номи ҳам қўшиб савдога қўйилади. Аммо бу билан «UZ домени»даги домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари бузилмаслиги («киберсквоттинг», «домен греббинг» каби ҳолатлар бор) керак.

Сайтларнинг очиқ савдолари мавжуд бўлиши, қайсидир даражада, ғоя муаллифларининг бирор янги ресурс яратишга чўчимасдан қўл уришини таъминлайди.

Сайтларнинг очиқ савдолари мавжуд бўлиши, қайсидир даражада, ғоя муаллифларининг бирор янги ресурс яратишга чўчимасдан қўл уришини таъминлайди. Чунки сайтни молиявий тарафдан ушлаб тура олмаган тақдирида, камида қилинган харажатларни қоплаш учун уни сотиб юборади. Ёки оммабоп сайтлар яратиб, уни сотиш орқали фойда олиш тажрибаси ҳам интернет-бизнеснинг тараққий этишига хизмат қилади. Ўз-ўзидан UZ ҳудудидаги доменлар сони ҳам кескин ошиб боради, миллий контент ресурслари кўпаяди. Молиявий имкониятидан келиб чиқиб, кичикроқ бўлса-да тайёр лойиҳалардан  йирик лойиҳалар яратиш мақсадида бўлган тадбиркорлар учун ҳам бу (ҳаммасини «нол»дан бошлашдан кўра) қулайлик туғдиради.

Сайтларнинг очиқ савдоларга қўйилиши тажрибаси бизда йўқ, аммо катта аудиторияга эга ресурсларнинг олди-соттиси амалга оширилаётгани қулоғимизга чалиниб туради. Албатта, ҳозирча бундай келишувлар расмий характерга эга эмас ва очиқ эълон қилинмайди. Бу нимадан далолат? Сайтларнинг онлайн савдоларига талаб бор, аммо аниқ тартиб-қоидалар мавжуд эмас. Эртами-кечми бу босқични албатта босиб ўтамиз. Аммо, қачон? Бу – бошқалар ўтиб бўлган йўлнинг ўзи келишини кутиб туришимиз ёки унга қараб ўзимиз илдамроқ ҳаракат қилишимизга боғлиқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг