Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Ҳақиқат ва мифлар: махфий тил, касбу кор, қиз олиб қочиш, барон ва бошқалар...

Ҳақиқат ва мифлар: махфий тил, касбу кор, қиз олиб қочиш, барон ва бошқалар...

Фото: «Xabar.uz»

Самарқанднинг маҳобатли обидалари соя солган қадимий кўчаларидаги ширу шакар лаҳжа билан бежанган манзарани лўлиларсиз тасаввур қилиш қийин. Зиёратгоҳлар, бозор-жойларда ҳар қадамда учрайдиган лўлиларга эътибор билан қарасангиз, улар орасидан машҳур ҳинд киноактёрлари қиёфадошларини топишингиз мумкин.


Биринчи мақола: Саводсиз қолаётган лўли болалари: Айбдор ким, ҳарф танимаган ота-онами, анъаналарми, мактабми ёки ишсизлик?


Тарихдан бир шингил

Лўлидан чиққан олим, тарих фанлари номзоди Хол Назаров марказий осиёлик лўлиларнинг келиб чиқиши ҳақидаги манбаларни ўрганган. Жумладан, академик Баранников лўлиларнинг асл ватани Ҳиндистон деб, ушбу миллатнинг Ҳиндистондан Эронга ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотларни келтирган. Этнографлар Снесаров, Троицкаялар ҳам шу фикрни бошқа далиллар асосида қўллайдилар.

Хол Назаров узоқ йиллар давомида лўлиларнинг турли этнонимлари, халқ ривоятлари, машғулотлари, маданиятидаги қирраларни ўрганиб, Ўрта Осиё лўлиларининг келиб чиқишини Ҳиндистон билан боғлайди. «Ноқулай тарихий шароит лўлиларни ўз юртини ташлаб чиқишига сабаб бўлган», дейди олим. Улар, табиийки, маданийлашган, бой юртга йўл олиши керак эди. Ўрта Осиё бу талабга жавоб берарди. Назаровнинг фикрича, Ҳиндистондан лўлиларнинг Ўрта Осиё ва бошқа давлатларга эмиграцияси эрамизнинг Х асридан бошланган. ХIV аср охирида Темурнинг Ҳиндистонга юриши бу жараённи тезлаштирган.

Тарихчи олим Ҳофиз Шерозий ғазалларида, Бобурнинг «Бобурнома»си, Абул Ғозийнинг «Шажараи турк» асарида лўлилар ҳақида ёзилганлигини таъкидлайди. XVIII асрда битилган Мир Муҳаммад Амин Бухорийнинг «Убайдуллонома»сида Убайдуллохоннинг вазири лўли экани эслатилади.

Баронга салом айтинг!

Лўлилар мавзуси билан сафарга отланар эканман, таҳририятдаги қақажон қизлар: «Баронга салом айтинг» дейишди. Барон ҳақидаги гаплар аслида лўлилар атрофидаги мифлардан биридир. Ўзим самарқандликман, мавзу менга азалдан таниш, биламан – ҳеч қанақа барон йўқ. Лўли маҳаллалари бошқаруви Ўзбекистондаги бошқа маҳаллалардан деярли фарқ қилмайди.

Самарқандда лўлилар компакт тарзда яшайдиган маҳаллалари бир нечта. «Фидокорлар» маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Аркадий Садиевнинг маълум қилишича, у бошқараётган ҳудуд аҳолисининг 80 фоизи лўлилардан иборат. Маҳаллада 1024 та оила 469 та хўжаликда яшайди.

«Фидойилар» аслида ёнма-ён жойлашган икки маҳалла бирлашишидан пайдо бўлган. Аркадий Садиев асосан аралаш миллатлар яшайдиган «Қумлоқ» маҳалласида узоқ йиллар бошчилик қилган. Маҳалла кенгайганда оқсоқоллик яна унинг чекига тушди. Рус, ўзбек, лўлилар бироз ўзгартириб гапирадиган тожик тилларида ҳам мулоқот қила олади. 

Аркадий Садиев.

Аҳоли маҳалла йиғини раисига қайси масалаларда мурожаат қилишади? Уларни маҳалла йиғинига қайси умидлар етаклаб келади? Идорада бир муддат келиб-кетувчиларни кузатиб, мурожаатчиларни тингладик.

Тўрақул Кўчимов дабдустдан «Бутун оила кўчада қолдик» деб гап бошлади. «Кадстримиз бор, пропискамиз бор, домовойимиз бор. Уйнинг бир томони жарлик, жарлик қулаб кетди. Иккинчи томони ариқ. Ёмғир ёққанда сув тошади ҳар сафар. 3-4 йилдан буён ёмғир ёққанда, уйқу йўқ, бир уй бола-чақани уй босмасин деган хавотир билан тонг оттираман», дейди у.

Маълум бўлишича, март ойи бошларидаги кучли ёғинлардан кейин Турақул ака яшаётган Ғижвудон кўчаси, 52-уй яроқсиз деб топилиб, муҳрлаб кетилган: «Бир-икки кун у-бу эшикларда юрдик. Лекин қачонгача? Мажбур бўлдик, яна муҳрли қоғозни ўзимиз очиб кириб яшаяпмиз. Лекин хавотиримизнинг чеки йўқ».

Тўрақул Кўчимов.

Аркадий Садиевнинг айтишича, Тўрақул ака оиласи кўчиб ўтиши учун хонадон белгиланган. Лекин бу хонадонни банд қилиб турган одамларни чиқаришда муаммо мавжуд. Аркадий ака, ўрни келганда, ўтган йилларда ўта ташландиқ, ичкарида ҳаммоми, ҳожатхонаси бўлмаган икки қаватли «дом» дан 69 та лўли оиласи «Қорасув» мавзеига кўчирилганини ҳам айтди.

Суҳбат 12 апрелда бўлиб ўтган эди. Орада яна кучли ёғингарчиликлар бўлиб ўтди. Мақола нашрга тайёрланаётганда хабарлашдик. Кўчимовлар оиласи «Қорасув»га ўтказилибди. Фақат ҳозирча палаткада (!) яшашяпти.

Гулзода Саидова эса маҳалла марказига мактабга ўқимаган қизи ва жиянини олиб келган. Улар учун иш сўрамоқчи.

Аввал келганларида қизлар тикув цехига ишга жойлаштириб қўйилган. Бироқ уддалай олишмаган. (Бунда мактабда таълим олмаганлари таъсири борлигини уларнинг ўзлари тан олишди). Энди фаррошлик иши берилишини исташаяпти. Марказда хоналардан биринг эшигига «... аҳоли бандлиги таъминлаш ва камбағалликни камайтириш бўйича шаҳар ҳокимининг ёрдамчиси» деган ёзув пайдо бўлганидан буён ҳар куни иш сўраб келувчилар топилади.

Аммо 74 ёшли Сафар Мирзоев ўз ғами билан эмас, кўчага экиш учун ниҳол олиб беришларини сўраб келган: «Кўчабошиман. Неча марта келдим-кетдим. Эландим ҳам. Ахийри, уришдим ҳам. Дарахт келтириб берамиз, экамиз деб неча марта айтилди. Кўчани тартибга солиш керак. Уйни ичини ҳамма ўзи тартиблайди. Сўнг симёғочларга чироқларни қўйдириш зарур. Ҳокимдан келган одам «қиламиз» деганига ҳам бир ой бўлди, қилмади». 

Сафар Мирзоев.

Мақола эълон қилиниши олдидан суриштирдик: Сафар Мирзоев бошчилик қилаётган кўчада ҳали ниҳол экилмаган...

Маълум бўлишича, маҳаллага болалар пули, ижтимоий ёрдам борасида мурожаат қилувчилар кам эмас. Вақтида туғилганлик ҳақида гувоҳнома олинмаган ҳолатларда (кам эмас) ҳам маҳалла йиғинига мурожаат қилишаркан.

Самарқанд лўлилари ҳаёт тарзи мавзусидаги биринчи мақола эълон қилингач, иккинчиси берилмай турилди. Маҳалла йиғини раислиги сайловлари олдидан холислик тамойилига амал қилдик. Сайлов натижаларига кўра, маҳалла раислигига яна Аркадий Садиевнинг ўзи сайланган. Беш номзод орасидан лўли миллатининг ягона вакили Садри Набиев номзодини ўз хоҳиши билан олиб ташлаган. «Болаларим олий таълимини хорижда давом эттирмоқчи. 3-4 йил уларнинг ташвиши билан бўламан», узрини айтади у.

Касб-кор, яшаш учун кураш

Тиланчи, фолбин, кўзбоғлағич... Тарихда лўлилар касб-кори борасида кўпчилик орасида тарқалган тушунча шу эди. Мақола бошида тилга олинган диссертация муаллифи Хол Назаров билан бундан 20 йилча аввалги суҳбатда «нега бошқа касбларни танлаш мумкин бўлмаган?» деган савол берганман. «Афтидан тайинли ҳунари бўлмаган кичик халқ бўлиб, бошқа бир мамлакатга кириб келиш, компакт тарзда ўрнашиб олиш, умргузоронлик қилиш учун қулай касблар шу бўлган» деган жавоб олганман.

80-йиллар охирларида ҳам Самарқанд маҳаллаларида (лўлиларнинг ўзлари яшамайдиган маҳаллаларда) лўли аёллар эшикма-эшик юриб тиланчилик қилар эдилар. Тўрвахалталар бирда янги, бирда қотган нон, туриб қолган қанд-қурс билан тўлар эди. Бугун шаҳарда хонадонларга кириб борган лўли аёлларни деярли учратмайсиз. Ҳозирда Самарқандда лўли аёллари шифохоналар, зиёратгоҳлар, кўча-куйда тиланчилик қилишади. Садрининг айтишича, самарқандлик лўлиларининг қарийб 60 фоизи тиланчилик билан шуғулланади.

Садри Набиев.

«Тиланчиликдан кунига юз минг сўм топишади, деган гап нотўғри, — дейди Садри. —Тиланчиликдан, келинг 30 минг, 40 минг топса, шуни қандайдир доимий ишдан ҳам топиши мумкин. Лекин, масалан, бориб, бирор жойдан иш топиб берсангиз, шуни қилишмайди», дейди Садри. Кузатувчилар эса, лўлиларнинг аксарияти асрлар оша қонига сингиб қолган ўта эркин кун тартибини ўзгартиришни исташмайди деб ҳисоблашади.

Маҳалла марказидаги 6 нафар ходимнинг фақат биттаси лўли эканига эътибор бераман. У ҳам бўлса фаррош, 29 ёшли Шаҳноза Баҳрамова. Эри вафот этгач, уч фарзандини боқиш ўзига қолган. «Уйимдан томчи томади», зорланиб гапиради у. Маошини сўрайман, «1 миллион 200 минг сўм» дейди-ю, чайналиб қолади. Маълум бўлишича, ишсизликни камайтириш мақсадида битта штатга иккита фаррошни ишга олишган, маош иккига бўлинади. Шаҳноза бир ойда 600 000 сўм олади. Қизиғи, улар икки ой ишлагач, бошқа икки лўли аёл бу иш ўрнини эгаллашади ва Шаҳнозалар яна икки ой ишсиз қолишади...

Лўли аёлларининг қандайдир қисми эрталабдан исириқ тутатиб бозор, дўкон, автобус, шунга ўхшаш кушойишталаб нуқталардан ризқини теради. 

Сиёб бозорида «тақдирингизда бир нарса аён бўлаяпти» дея фол очишга шай лўли аёлларни учратиш мумкин. Айнан шу бозорда ва унинг атрофида кўзмунчоқ, тумор сотиб рўзғорини бутлаётган лўли хотин-қизлар ҳам бор. Шу хилдаги савдо билан Самарқанддаги зиёратгоҳлар атрофида ҳам шуғулланишади. 

Лўли аёли никоҳда «оиламни ўзим боқаман» деб қасам ичиши ёлғон гап, дейди Садри Набиев.

«Эркаклар бировнинг эшигига кириб бориши мумкин бўлмаганидан тиланчиликка аёлларнинг чиқиши шаклланган бўлиши эҳтимоли катта», деб айтганди раҳматли Хол Назаров.

Бугунда лўли эркаклар орасида ишлаб рўзғор тебратаётганлар кам эмас. Жумладан, Россияга, Қозоғистонга муҳожирликка бориб, у ерларда юк ортиш, ободончилик ишларида, завод-фабрикаларда ишлаётган эркаклар бор. Лекин Россиянинг «ҳарбий амалиёти» ортидан муҳожирларга ишнинг камайгани, хусусан лўлилар ҳаётини ҳам четлаб ўтмаган. Қозоғистонда эса ободонлаштириш ишлари деб оилавий тарзда, ҳатто болаларини мактабидан қолдириб бўлса ҳам, жўнаётган ҳоллар кузатилади. Шунингдек, Самарқанддан Тошкентга бориб чиқиндихоналарда ишлаётган оилалар ҳам анчагина. Самарқанднинг ўзида ҳам чиқинди тўдалари орасидан елим идиш ва металл парчаларини ажратиб, қабул қилиш нуқталарига топширадиганлар ҳам асосан лўлилар. Лўлиларни «шаҳарнинг санитарлари» деб атайдиганлар топилади.

Шаҳарда «табоқтарош» деган касб эгалари ҳам азалдан асосан лўли эркаклари бўлишган. Улар ёғочдан ўқлов, элак гардиши, кетмон сопи, ошхона тахтаси, эгар каби ашёларни ясаб бозорга чиқаришади.

Самарқандда 90-йиллардан бошлаб яҳудийлар оммавий равишда Исроилга кўчиб кета бошлагач, яҳудий эркаклари ишлаган пойафзал тузатиш устахоналари лўли ва ўзбек йигитларига қолди.

43 ёшли Соҳиб Мирзаев тўрт ака-ука улғайишган. Бугунда уларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида пойафзал тузатиш нуқтасига эга.

«Москвага 20 йил қатнадим. Асфальтда ишладим, дворникликка ҳам ишладим, тачка ҳам ташидим. Муҳожирлик пулидан иморат кўтардим, 3 та қизимни чиқардим, икки ўғлимни суннат тўй қилдим», дейди у.

Соҳиб Мирзаев.

Соҳиб Сиёб бозоридан «Шоҳи Зинда» зиёратгоҳига ўтиладиган йўлда ишлайди. Айтишича, топиши ҳар хил. Кеча уйга 45 минг олиб кирганини айтади. Бундан ташқари, иш мосламасини ташиш ва омборхона харажати борлигини ҳам таъкидлайди. «Ният қилганман, тушлик учун пул кетказмадим» (Рамазон ойи эди).

Пойафзал таъмирловчи уни милиция бўлимига олиб боришганини гапириб берди. «Биттаси келди, ман чек ёзиб бераман, ҳар ойга 350 минг берасан деди. Ман қанча топаяпман, ўзимни ўзим банд қилиб ўтирибманку дедим. Кейин мени мелисанинг каттасига олиб борди. «Топган одаминг сапожник бўлдими, деб анавини уришди», самимий гапиради Соҳиб.

«3 та келинимиз, укаларимнинг аёллари, ҳув ана, бозор эшиги олдида бодроқ сотаяпти», дейди у. Соҳибнинг ўз аёли эса тасбеҳ сотади. «Лекин фол очмайди, ўқимайди ҳам, қайтарма-пайтарма ҳам қилмайди. 5 мингми, 10 мингми тасбеҳини сотади, бўлди».

Каттақўрғондан тушиб лўлилар ҳаётига кўникиб кетган аёли савдодан бўш вақтларида эрининг олдига келиб туради. 

Садри Набиев миллатда мавжуд дангасалик кайфияти уларни жамиятдан ажралиб қолишига сабаб бўлмоқда деб ҳисоблайди: «Эркакларимизнинг аксари ишлашни хоҳламайди, кулгули жиҳати ҳам, ҳақиқати ҳам шу. Муҳтарам президентимиз фармонларига биноан ҳар бир маҳаллага ҳокимнинг ёрдамчиси қўйилган. Бизнинг маҳаллага Жасур ака бор, бирга ишлаймиз. Мана шу одам билан анча жойга бордик, иш топдик. Бир неча кишини олиб бориб қўйдик, ишлашмади...»

Садри маҳалла ишларига жони дили билан ёрдам беради, миллатдошлари ўзгаришини истайди: «Ҳозир мана Мономарказ очилган. 3 ой ўқиш. Вақтида битта пайвандловчилик учун мен 3 йил ўқиганман. Бу ерга аттестат, диплом керак эмас, паспортнинг ўзи етарли. Бизнинг миллат учун айни асқотадиган ўқиш. Чунки кўпи ўқимаган, аттестат, дипломи йўқ. Тушунтирдим, кўпини ўзим олиб бордим, (бундан бирор шахсий манфаатим йўқ). Лекин миллатдошларимда тушкунлик бордек, ўзларига ишонч йўқолгандек».

Садрининг трактор, булдозер, экскаватор, ҳамма категорияда ҳайдовчилик ҳужжатлари бор. Ҳовлисидаги иморатларни ўз қўли билан кўтарган. Самарқанддаги сайёҳлик фирмасида ҳайдовчилик қилади. (Хорижда ана шу касбларни ўрганишга қизиқиб олий таълим олмагани учун тўртала фарзандини ҳам нуфузли институт, университетларда ўқитмоқчи).

Энди Садри Мономарказда ўзи ўқиб ишга эга бўлишни исботлаб бериш учун минора крани бошқаруви бўйича ўқишга киряпти. Бир жиянини ҳам олган. У ана шу йўл билан маҳалладошлари қалбида ишончни уйғотмоқчи.

«Фидокорлар» маҳалласиги лўлилар орасидан кам сонли бўлса ҳам зиёлилар чиққан ва чиқмоқда.

Лўли миллати вакиллари орасида гиёҳвандлик моддалари ташиш билан боғлиқ жиноятда айбланган эркак ва аёллар ҳам маълум.

Қиз олиб қочиш

«Қиз олиб қочиш» аслида йигит ва қизнинг келишуви билан амалга оширилади (қизни олиб қочиш ҳам миф). Сиёб бозорида аравакашлик қиладиган Жонибек 26 ёшда. У 18 ёшида 16 ёшли қизни «олиб қочган». Бунгача улар бор-йўғи 5-6 ой гаплашиб юришган. «У мактабда ўқимасди. Россиядан келганди. Ўзи ҳам рози эди. Машина олиб келдик-да, ўтқазиб, бир қариндошимизникига олиб бордим. Уй эгаси олдиндан огоҳлантирмайди, кутилмаганда олиб бордим. Одат бу, ажабланишмади. Бир кунда ҳамма қариндошларга овоза бўлди».

Жонибек.

Жонибекнинг ҳозирда бир ўғил, бир қизи бор. Ҳаётидан нолимаслиги, кунига 50-60 минг топиши, байрам олдидан 100 минг сўм топган кунлар бўлишини айтади.

Юқорида тилга олганимиз, Соҳиб Мирзоев уч нафар қиздан кейинги ўғли ҳам унаштириб қўйилган қизни олиб қочган. Ўтган йил март ойида ўғлига синглисининг қизини унаштириб қўйишган. Кузгача бироз йиғиниб кейин тўй қилмоқчи бўлишган экан. Лекин унаштирувдан кўп ўтмай ёшлар қочиб кетишган. «Қиз қўймабди, э-э-э, сен бошқани севасан, бошқа билан юрасан деявергач, қизни олиб қочибди. Биз Каттақўрғонда эдик. Қўнғироқ қилди, олиб қочдим деди. Мен «Яхши қилибсан, 30-40 миллион ёнимизда қолди», дедим.

Маълум бўлишича, қизнинг никоҳ ёшига етмагани бир томон, энг муҳими, тўй харажатларига кучи етмайдиган оилаларда «қиз олиб қочиш» кенгроқ тарқалган. Масалан, 22 ёшли Зуннура 16 ёшида иззат-икром билан тўй бўлиб келган. Биринчи фарзанди туғилиши олдидан ЗАГСдан ўтишган. Унинг айтишича, келинлик остонасига оқ кўйлак билан, тўй бўлиб кириб келиш обрў ҳисобланади, ёшларнинг қочишини бир қисм лўлилар ёқламайди.

Зуннура.

Бироқ «олиб қочиш» ҳоллари ҳамон кузатилади. Бундан ижтимоий муаммолар юзага келаверади. Никоҳ ёшига етмаган қиз ЗАГС бўлмагани сабаб боласини уйда туғади. Бунда болага туғилганлик тўғрисида гувоҳнома берилмайди. Ҳужжати бўлмаган болалар эса яқинларгача мактабга олинмаган. (Эндиликда истисно тарзида ўқувчилар қабул қилинаяпти). Юзлаб лўли болаларининг саводсиз қолгани сабаби ҳам шу.

Исмини айтмаслик шарти билан биз билан суҳбатда бўлган 16 ёшли келин ҳикояси: «5-синфгача ўқидим, кейин қочиб кетмасин деб мактабдан олиб қўйишди. Лекин мактабга бормаганим учун кўчаларда кўпрок юрадиган бўлдим. Қизлар билан фақат шу мавзуда гаплашардик. Шунда маҳалладошим билан учрашадиган бўлдим. Қочиб кетдик. Ярим йил бўлди, ҳомиладорман. Очиғи, пушаймонман».

«Фидойилар» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Гуландом Хўжаева олти йиллик фаолиятида айнан шу иллатга қарши қатор тадбирлар ўтказилгани, ўтказилаётганини айтади.

Гуландом Хўжаева.

«Йиғилишларда тушунтирамиз, хонадонларда бўламиз, мактаб билан ҳамкорликда ишлаймиз. Аммо шунга қарамай, муаммо тугамади. Гарчи олиб кетилган қизга то унинг ота-онаси рози бўлмагунча, яраш оши берилмагунча, йигит қўл теккизмаса ҳам, ота-оналар вояга етмаган қизларини олиб кетишмайди. Қизни олиб қайтиш жуда уят ҳисобланади, орият билан ўлчанади. Лекин 6 йиллик иш тажрибамда фақат битта ҳолатда қизни ота-онаси қайтариб олиб кетишди. Оила обрўли, қизни йигит хотин устига олиб қочган эди. Шу сабабли эл-юртнинг гапига парво қилишмади», — дейди Гуландом.

Одатда олиб қочилган қизга катта тўй берилмайди. Бирор ҳафталардан кейин 10-15 кишилик яраш оши тортилади, холос. Шундан кейин никоҳ ўқилади ва яшаб кетишади.

Маҳалла аёлларини суҳбатга чорлаганимда, ҳатто 13-14 ёшли қизлар қочгани ҳолатини айтилди. Масаланинг яна бир оғриқли нуқтаси вояга етмаган қиз туғруқхонага боролмайди! Уйда туғиш деган гап рамзийлигини тушунтиришди. Туғадиган келин яқин туманлардаги (Ургут, Жомбой) қариндошлар уйига олиб борилади. Ўша ердаги врачлар билан гаплашиб бола туғдирилади.

Туғилгани расман қайд этилмаган болага гувоҳнома бериш сўнгги йилларда бироз соддалаштирилди. Эндиликда ота-оналикни белгилаш учун, қонунда белгиланган ДНК таҳлили эмас, балки иккита гувоҳ олиб келинади ва шу асосда ҳужжат расмийлаштирилади. Шундан сўнгги йилларда 14-15 ёшларгача бўлган кўплаб ўғил-қизлар ҳужжатли бўлишди. ДНК таҳлили қимматлиги (бир ярим, икки миллион сўм атрофида) уларнинг туғилганлик гувоҳномасиз қолишига сабаб бўлган. Бироқ, шу тарзда, дейдик, қариндошлар болалари ўзлаштириб олинмаслигига ким кафолот бера олади, деган савол ҳам ўртага чиқади.

Бугунда махфий тил нега керак?

Ўрта осиёлик лўлиларнинг бари тожик тилида гапиришади. Бу, улар тарихан, энг аввал, тожиклар яшайдиган манзилларга кўчиб келиб, давр ўтиши билан тожиклар тили, дини, урф-одатларини қабул қилгани билан изоҳланади.

Самарқандлик лўлилар тили маҳаллий тожиклар тилидан талаффузида ва баъзи сўзларда унлилар ўрни алмаштирилиши билан ҳамон фарқ қилиб келади. «Самарқандлик лўлилар азалдан тожик тили билан бир қаторда ўрта осиёлик лўлилар учун умумий бўлган яширин, арго тилидан ҳам фойдаланиб келишган», деб ёзганди тадқиқотчи олим Хол Назаров.

Ҳозирда ҳам яширин тил мавжудми? Лўли фаолларидан Садри Набиев қаерда бўлмасин, лўлилигини яширмаслигини таъкидлайди. «Мен тожикларга тожикча эмас, лўлича гапираман. Чунки, тожик ва лўли тилларида 2-3 фоиз талаффуз фарқ қилади. Лўли тили адабий форс тилига яқин. Суҳбатдош менинг тилимни тушунар экан, нима қиламан, ўзимни қийнаб?»

Садри лўлилар бегона бир мамлакатга кириб келгач, ҳаёт тарзи қўшимча янги тил кўринишидаги сўзлар ихтиросини тақозо қилган, деб тушунтиради:

«Масалан, кел дегани — варс, бер дегани — ҳоб, олиб кел дегани — варсон деб айтилади. Бу махфий тил. Тиланчиликка чиққанда, у ёқ-бу ёққа чиққанда, бир бойвачча келдими, хайр қилаяптими, сен ҳам кел, деб чақириб бўлмайди, бирда варс деб қўяди. Лекин бу тожик тилидан 20-30 фоиз махфий тил, буткул махфий тил эмас. Энг керакли, пул ишлайдиган томонларини ўйлаб шу тил ихтиро қилинган».

Ҳозирда бу тилни лўли болалари гўдаклигиданоқ биларкан. Шунингдек, лўлилар орасида юрган тожик, ўзбеклар ҳам қисман ўрганишган. Замондош лўлилар ўзбек тилида эркин гапирадилар. Лўли болалари ўқийдиган мактабларда ўзбек, рус ва тожик синфларида ўқиш учун танлов берилган.

Тўй ва аза

Интернетда тарқалган лўли тўйларини кўриб, уларнинг ҳамма тўйлари шундай дабдабали ўтади, деб ўйлаш хато. Сафаримиз давомида бизга экспертлик қилган фаол лўлилардан Садри Набиев катта тўйларга сабаб — калтабинлик дейди.

«Масалан, муҳожирликда гадойлик қилиб топган пулига катта тўй бериш илмсизликдир. Хўжакўрсинлик. Одамларга кўрсатиш учун тўй қилинади. Иккинчидан, фикр йўқлиги. Дейлик, мен 200 та эмас, 100 та одамга тўй бераман. Қолган пулимни болаларим ўқишига сарфлайман. Ундан қолса, саёҳат қиламан. Билими, фаросати бўлса, болаларимни ўқитай ёки ҳеч бўлмаса, эртага қиш келади, совуқда тиланчиликка чиқмасдан уйда ўтириш учун ғамланайин дейди», таъкидлайди у.

Садри лўли миллати мусулмон эканини қайта-қайта уқтиради. Урф-одатлар исломий. Ҳатто олиб қочилганда ҳам никоҳ ўқилади. Бошқа ҳолатларда 2-3 марта совчи қўяди. Келин янги хонадонга «бисмиллоҳ» деб олиб кирилади. Лўли тўйлари шовқин-суроннинг кўплиги, эркагу аёл, болаларнинг аралаш-қуралаш ўтириши билан характерли. Вақтида, Самарқанд шаҳридаги лўлилар тўйларида «мана ман» деган санъат юлдузлари хизмат қилгани маълум. Ҳозирда эса оддий оилалар бундай тўйларга, ҳатто санъаткорсиз тўйларга ҳам қурби етмайди.

Лўлиларда аза маросимлари ҳам шаҳардаги бошқа мусулмон халқлариники каби. Эркаклар уч кун бел боғлайди. Аёллар «йил оши» берилгунча аза либосида юришади.

Лўлиларда эътироз туғдирган фильм.

Қабристон борасида самарқандлик лўлилар «Шаббона» фильми ижодкорларидан ҳали-ҳамон гиналарини яширишмайди. «Холмурод Назаров (Олим Хол Назаровнинг ўғли) маҳалла раиси эди, шу одамни Тошкентга жўнатдим. Шу кино туфайли. Қайси ақл билан мурда уйда кўмилгани тасвирланган. Алҳамдуллоҳ, бизлар мусулмон» — энди эҳтиросга берилиб гапиради суҳбатдошим. У бошқа миллат вакилларини камситиш ёки мақтаниш истаги йўқлигини айтиб, қиёслайди: «Шу тиланчи аёлларимиз ўзига бироз қараб «бошқа ишлар» қилиши ҳам мумкин эди. Лекин бошидан рўмоли тушмаган, очиқ-сочиқ кийинмаган хотин-қизларимиз «гадой» деган тамғани бўйнига олса ҳам, фоҳишаликдан ҳазар қилади. Бизларда гўдаклар болалар уйларига берилмайди. Ота-оналар қариялар уйларига топширилмайди».

Кейин Садри, Аркадий ака билан Шоҳи Зинда қабристонига йўл олдик. Манзилнинг лўлилар учун ажратилган қисмида Садрининг яқинлари дафн этилган. Тиловат қилинди.

Самарқанд лўлилари бирор бир маданий-ижтимоий марказга бирлашмаган. Улар ораларидан чиққан олимлар, машҳур кишиларни фахр билан тилга оладилар. Фаоллар миллатнинг ягона камчилиги — илмсизлиги деб билишади.

Хол Назаров тадқиқот олиб борган 70-йилларда Ўрта Осиёда 30 мингдан ортиқ лўли борлиги аниқланган. 2000 йиллар бошида  бу рақам 50 мингдан ошган бўлса керак, деганди олим. Ҳозирдаги қиёсий рақамни аниқлаш имкони бўлмади. Ўрта Осиёдаги лўлиларнинг 70 фоизи Ўзбекистонда яшаркан. Бошқача айтганда, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидан бошқа барча вилоятларда лўлилар бор. 

Лўлиларнинг ҳужжатларида уларнинг миллати «лўли» деб қайд этилади. Аммо улар расман ўзбек ёки тожик деб ёзилган ҳоллар ҳам мавжудки, бу лўлилар сонини аниқлашда чалкашликларни келтиради. 

Мустаҳкам Тангриёр, «Xabar.uz» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг