Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Буйраги хаста инсонларга COVID-19 қанчалик хавфли?

Буйраги хаста инсонларга COVID-19 қанчалик хавфли?

Дилфуза Акромхўжаева.

Очиғи, коронавирус мавзуси ҳаммани чарчатди. Кимлардир у ҳақидаги маълумотлардан тўйган бўлса, кимлардир бу дард қолдирган асоратлардан, айрилиқлардан ҳамон ўзига келолгани йўқ… Кўчага чиқсангиз, бозорга тушсангиз, худди ҳаёт изига тушиб кетгандек, аммо Худо кўрсатмасин-у, шифо масканларига бориб қолсангиз, аҳвол ҳамон жиддийлигига гувоҳ бўласиз...

Бугунги суҳбатдошимиз Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказининг даволаш ишлари бўйича бош шифокор муовини, олий тоифали нефролог, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Дилфуза Акромхўжаева сурункали буйрак касаллигига чалинган беморларда COVID-19 қандай хатар туғдириши ва диализга эҳтиёжи баландлар нималарни билиши кераклиги ҳақидаги саволларимизга жавоб берди.

– Буйраги хаста беморларга коронавирус қандай хавф солади?

– Сурункали буйрак касаллиги бор беморларнинг COVID-19 га чалиниш эҳтимоли жуда юқори. Хўш, нима учун? Чунки улар асосий касалликлари, масалан, қандли диабет, гипертония, семизлик, атеросклероз кабилар билан ҳам оғриган бўлади. Шу боис бу гуруҳга кирувчи беморлар коронавирусга чалинса, жиддий асоратлар кузатилиши, ҳатто, ўлим хавфи юзага келиши мумкин.

Айниқса, ушбу беморларимиз орасида доимий тарзда сунъий буйрак ўрнини босувчи терапия оладиганлар, буйрак трансплантациясини бошидан кечирганлар  коронавирусни жуда оғир ўтказишади. Бизга маълумки, физиологик шароитда иммун тизими туғма ва орттирилган иммунитет ҳисобига танадаги турли яллиғланиш жараёнларини назорат қилиш орқали ҳимоялайди. Сурункали буйрак етишмовчилиги бор беморлар қонидаги доимий уремик токсинлар гемодиализ йўли билан ҳам тўлиқ чиқмаслиги сабаб уларнинг иммун тизимида уремик интоксикация туфайли ўзига хос чуқур патологик ўзгаришлар юзага келиб, иммун фаоллик пасайиши эвазига иммунотанқислик ҳолати кузатилади. Бу эса ўз навбатида иккиламчи опортунистик инфекцияларнинг жадал ривожланиб кетишига яхши шароит яратиб беради. Устига-устак, беморлар ёндош хасталиклардан ҳам азият чекишади. Айнан юрак ишемик касаллиги, гипертония ва бошқа дардлари сабаб бизнинг беморлар COVID-19ни оғир ўтказишга мойилдирлар.

Ҳозирги вақтда коронавирус юқтирганларнинг кўп қисми олдин буйраги билан боғлиқ шикояти бўлмаса-да, ушбу хасталик тизимли тусда кечаётгани, яъни асосан майда калибрли қон томирларни жароҳатлаб (васкулит ва тромботик микроангиопатиялар), ўткир буйрак етишмовчилиги асорати юзага келяпти, яъни уларда буйраклар функциясининг ўткир бузилиши кузатиляпти. Натижада беморлар қайси профил ва қаерда ётишидан қатъи назар, сунъий буйрак аппаратига эҳтиёж ортиш муаммосига дуч келмоқда. Оддий тушунтирадиган бўлсак, энди COVID ни даволадик деб турганда қўққисдан буйрак тўхтаб қоляпти ва диализга муҳтожлик юзага келяпти.

Ўзи сурункали тарзда диализга тушган касалларимизни шундоқ ҳам бу муолажадан узиб бўлмайди. Улар диализни бир умр олишади. Мана, қанчалик мураккаб ва муаммоли вазият бу…

– Биламизки, COVID-19, аввало, нафас аъзоларини зарарлайди. Лекин унинг бошқа аъзоларни, жумладан, буйракни қандай асоратлаши ҳозирча жумбоқ, тўғрими?..

– Очиғини айтаман, мен коронавирус бўйича мутахассис эмасман, лекин беморларимиз асосан тизимли касалликлар «исканжа»сида бўлгани учун ўз хулосаларимни келтириб ўтишим мумкин.

Билсангиз керак, қизил югурдак (красный волчанка) деган сурункали тизимли хасталик бор. У асосан бириктирувчи тўқима ва қон томирларни зарарлайди, ревматологик касаллик ҳисобланади. Бу дардда тизимли, яъни аутоиммун жараён кечади. «Ауто» – ўз иммун тизими, ўз тўқимасига қарши ишлайди дегани. Натижада нима бўлади? Ўша тўқима ва аъзо функцияси издан чиқади. Ҳар қандай аутоиммун касалликда иммун механизм – антиген-антитана механизми юзага келади. Қизил югурдакда асос ревматология бўлса ҳам, қаранг, нечта аъзо зарарланади: тери, буйрак, юрак, жигар, томир, хуллас, ҳаммаси бирин-кетин тизимли ишдан чиқади.

COVID-19 ҳам шунга ўхшаш кечяпти. Вируснинг кучлилигидан жараён жуда тез ривожланяпти ва кимлардадир ўпканинг, бошқаларида жигар, юрак, буйраклардаги нозик томирларнинг зарарланиши, тромблар ҳосил бўлиши, яъни геморрагик синдромлар кузатиляпти. Мана шундай аутоиммун жараён ҳисобига ўткир буйрак етишмовчилиги ҳолатлари ҳам келиб чиқаётган бўлиши мумкин. Лекин, юқорида таъкидлаганингиздек, бу касаллик ҳали биз учун янги, яъни жумбоқ.  Илмий изланишларнинг эса энди-энди илк хулосалари айтиляпти.

– Ўз соҳангиздаги беморларга коронавирус профилактикаси бўйича қандай маслаҳатлар бера оласиз?

– Сурункали буйрак касаллиги билан назоратда турувчи беморлар имкон қадар коронавирусга чалинмасликка ҳаракат қилишлари зарур. Маълумки, COVID-19 инсондан инсонга ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Шундай экан, вируснинг оғир асоратларига мойил кимсалар, жумладан, кекса ёшдагилар, диализ муолажасини олувчилар, буйрак трансплантациясини ўтказганлар ва бошқа сурункали касаллиги борлар, албатта, барча профилактик чораларни қўллашлари шарт: оммавий ахборот воситалари томонидан узлуксиз тарзда бериб борилаётган мутахассислар тавсияларини амалда қатъий қўллаш, яъни ўз-ўзини изоляция қилиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш даркор.

– Мабодо беморингиз коронавирусни юқтириб олган бўлса-чи?..

– Борди-ю, сурункали буйрак касаллиги бор ва диализ олиб юрадиган бемор COVID-19га чалиниб қолган тақдирда ҳам муолажасини тўхтатолмайди. Ўзи бундай беморлар ҳафтада уч марта диализ олиб туришади. Ушбу жараёнда битта хонада 10 – 14 нафаргача бемор 4 соат давомида диализ олиб ётади. Хўш, агар улардан бирида коронавирус аломатлари аниқланса, қандай чора кўрилади? Аввало, касаллик аломати сезилган ёки бироз иссиғи чиққан бемор зудлик билан диализ марказига телефон қилиб, мутахассисларни огоҳлантириши ва COVID-19га тест топшириши даркор. Агар натижа ижобий чиқса, у юқумли касалликлар шифохонасидаги махсус гемодиализ бўлимига ўтказилиб, ўша ерда муолажасини давом эттиради. Шунга қарамай, муолажа вақтида ва хавфсиз жойга етгунча тиббий ниқобини ечмай, қўлларига тез-тез ишлов бериб туриши шарт.

Энди сурункали касаллиги бор-у, лекин диализ даврига етиб келмаган беморларда коронавирус аниқланса, улар COVIDга ихтисослаштирилган жойларда даволанишади. Ҳозирда у ерларда ҳам нефрологлар, бошқа тор доирадаги  малакали ихтисослашган мутахассислар онлайн ёки офлайн тарзда ўз маслаҳатларини бериб келишяпти.

– Бугун COVID-19 сабаб бошқа ўлим кўрсаткичи юқори бўлган касалликлар четга сурилиб қолди. Шундай эмасми?..

– Тўғри айтасиз. Биласизми, нега шифокорларимиз одамларга D витамини ва қоннинг қуюқ ва суюқлиги жуда муҳимлигини тинмай эслатишяпти деб ўйлайсиз? Бу сурункали буйрак касаллиги бор беморларимизга ҳам тааллуқли. Чунки қон босими доимий юқори бўлиб юрадиганлар, чин маънода бўлмаса-да, барибир сурункали буйрак касалига киради, агар доимий тарзда шифокор тавсияларига амал қилмай, асосий қон босимини бир меъёрда ушлаб турадиган препаратларни ўз вақтида қабул қилмаса, нишон аъзолар бўлмиш юрак, мия, буйрак, қон томирлар функцияси аста-секин пасайиши мумкин. Демак, бу борада соғлом турмуш тарзига амал қилиш ва соғлом овқатланишнинг ҳам ўрни катта.

Яна аҳолимиз ҳар хил маълумотларга таяниб, уларни нотўғри тушуниб, шифокорлар буюрган ва айни пайтда саломатлиги учун жуда муҳим бўлган қон босимини меъёрлаштирувчи, қондаги қанд миқдорини пасайтирувчи дорилар қабулини тўхтатиб қўяётган экан. Йўқ, зинҳор бундай йўл тутмаслик керак, ахир ўзларига жабр бўлади-ку. Аксинча, уларни мутахассис буюрган тартибда қабул қилишлари, лаборатор таҳлиллар назоратига эътибор қаратишлари, ўз вақтида шифокор кўригига боришлари шарт. «Э, дори кўпайиб кетди» деб ёки фақат коронавирусни ўйлаб асосий хасталикларини эсдан чиқариб қўйиш яхши эмас.

Ҳаётнинг бу каби оғир синовларини, яхши ва ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳозирги вазиятни ҳам тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашса, бу қийинчиликлар албатта ўтиб кетади. Биз шифокорлар эса ушбу мураккаб даврда халқимиз саломатлиги йўлида ўз билим ва кучимизни асло аямаймиз!

Шоҳида Исроилова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг