Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

90-йилларнинг экран юлдузи Мўттига нима бўлган? (видео)

90-йилларнинг экран юлдузи, Мўтти ва бошқа образлари орқали машҳур бўлган Шерали Ҳожиев билан суҳбат.

Одамларга кулги улашган Сотти Сагатович ва Мўтти эсингиздами? Улар ичакузди ҳангомаларни намойиш этарди. Сотти Сагатович ролида машҳур кулги дарғаси, комик актёр ва режиссёр Эргаш Каримов, Мўтти бўлиб эса ёш актёр, сўз устаси Шерали Ҳожиев гавдаланарди. Уларнинг дуэти ўзига хос, қалбларга яқин бўлиб, кулги шинавандаларини сел қилиб юборарди. «Телевизион миниатюралар театри» ёпилгач, Эргаш Каримов кўринмай қолди. Шерали Ҳожиев кўплаб фильмларда суратга тушди, аммо кейин «ғойиб бўлди». Биз уни топиб, соғинчли суҳбатга тортдик...

– Сиз ўз вақтида жуда машҳур бўлгансиз, лекин кейинги йилларда кўринмай кетдингиз. Бирор лойиҳа ёки ижод билан бандмисиз? Эҳтимол ҳаётингизнинг маълум босқичида жимжитлик бўлгандир? Ҳозирги кунда нималар билан машғулсиз?

– Мен «Ўзбекистон» телерадиоканалининг «Табассум» радиожурналида муҳаррир ва бошловчиман. Бу радиоканал телевидение ташкил этилмасдан аввал пайдо бўлган, «Табассум» узоқ йиллардан буён халқ меҳрини қозониб келади. Устоз санъаткорлар Наби Раҳимов, Эргаш Каримов,  Суръат Пўлатовлар ишлашган. Жуда улу­ғ санъаткорлар бор эди.

– Диас Раҳматов...

– Ҳа, Диас Раҳматов... «Табассум» радиожурнали меҳрини қозонган эди улар.

Менинг бугун, Аллоҳга шукр, эл назарига тушиб, Шерали Ҳожиев бўлиб, ҳозир ҳам ўзбек телерадиоканалида юришимга сабаб, ўша устозлар тарбиясидан, деб ўйлайман. Бахтим кулиб, Эргаш Каримовнинг эътиборига тушган эдим. Эргаш ака, янги кўрсатув тайёрлаймиз, деганлар. Мен Жўқи бўлиб чиқаман, сени Тўқи қилиб оламан, дегандилар.

Талабалик йилларимда Ёзувчилар уюшмасининг шеърият кечаларига бориб юрардим. Ўшанда кўплаб ёзувчи ва ҳажвчилар билан танишганман. Анвар Обиджон билан ҳам таниш эдим. Эргаш акага шу ҳақда айтдим. «Анвар акангга айт, шу Жўқи, Тўқини ёзиб беринг, мен Эргаш аканинг шогирди бўламан, дегин», дедилар. Мен Анвар акага учрашиб, бу ҳақда айтдим. Анвар Обиджон рози бўлдилар-да, «Менинг бир қаҳрамоним бор, Сотти Сагатович Суннатов, шу Соттига Мўттини қўшамиз», дедилар.

– Демак, Анвар Обиджоннинг ғояси экан-да бу?

– Ҳа, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг муаллифлигида ёзилган.

Шерали ака, «Маъруф ва Шариф» фильми катта муваффақият қозонган эди. Одамлар турнақатор навбатда туриб, чипта олишган. Кейин сизнинг иштирокингиздаги бошқа фильмлар ҳам чиқди. Машҳур эдингиз. Ҳозир ўша пайтларни соғинасизми? Мўттини, Эргаш Каримов давридаги томошаларни қўмсайсизми?

– Албатта, соғинаман, қўмсайман. Мен «Маъруф ва Шариф», «Хўроз қочди»,  «Чўнтак»,  «Олтин бола» фильмларида бош ролларни ўйнаганман. Аммо устозлар Наби Раҳимов, Эргаш Каримовлар «бўлар-бўлмас кинода ўйнайверма», деб тайинлашарди. Мухлиснинг назаридан қолмагин, дейишарди. Мана, охирги пайтда битта сценарийни қўлимга беришди. Мен рози бўлмадим, сабаби сценарийдаги воқеалар маъқул келмади.

Эргаш Каримов ҳақида сўз очдингиз. Сиз шу инсоннинг этагидан тутиб, элга танилдингиз. Устозингизнинг умри охиригача ёнида бўлдингизми? Адашмасам, 72 ёшда...

– Йўқ, 74 ёшда эдилар. Эргаш ака жуда ҳалол, пок одам эди. Босиб ўтган йилларини, болалигини кўп гапирарди. 1997 йили «Телеминиатюралар театри»га кўп актёрлар олинди. Мениям чақиришди. Ўшанда Ўзбекистон ёшларининг «Камолот»и  аввал жамғарма,  кейин ижтимоий ташкилотга айланди. Ундан олдин Ўзбекистон иттифоқи эди. Мен ана шу Ўзбекистон иттифоқи қошидаги «Мўтти» театрида ишлардим.

Хуллас, 1997 йили театрга актёр олинганда мениям таклиф қилишди. Қабул қилиндим. 1997, 1998, 1999 йилларда ёмон бўлмади.

Хўш, бугунги кунингиз қандай ўтяпти? Ижод, ишлар, лойиҳалар... Шерали Ҳожиевнинг бир куни ҳақида эшитайлик.

– Ҳозир мен бир нарсадан жудаям шодман, Анваржон. Мен Аллоҳ бизга инсонларни хурсанд қилишдек ишни берганидан шодман. Бугун «Табассум» учун сценарийлар ёзаман. Китоблар, латифалар ўқийман. Миниатюралар билан танишаман. Уларни саралаб оламан. «Табассум»нинг актёрлари келади. Дастлаб улар ўз таассуротини айтади, «О-о-о, Шералижон, яхши нарсаларни топибсиз, ажойиб бўлибди», дейишади. Эшиттириш ҳар якшанба куни радио эфирга кетганида мухлислардан қўнғироқлар бўлиб, раҳматлар эшитамиз. «Биз «Табассум»ни эшитдик, яхши нарсалар берибсиз» деган гаплар бизни шод қилади. Асосий ишимиз шу!

Қаҳрамонингиз Мўттининг ўзига хос имиджи бор эди. Ҳозирги қиёфангизни унга содиқлик деса бўладими?

(кулиб юборади) Ҳа, энди... яхши ниятлар бор. Янги лойиҳа тайёрлаяпмиз.

Кўча-кўйда мухлислар кўп саволлар беришади: «Нимага ижод қилмаяпсиз? Биз сизнинг мухлисингиз эдик, нега жимсиз?» дейишади. Ҳамкасблардан ҳам Шерали Ҳожиев ҳозир қаерда, нима учун кўринмайди, деб жуда кўп сўрашар экан. Биз яхши ният билан мухлислар кўнглини шод қиладиган бир чиқиш қилиш истагидамиз.

– Буни Мўттига қайтиш деб тушунсак бўладими?

– Йўқ, ўша Мўттининг янгича қиёфаси. Ўзгача имиджи.

– Назаримда, сиз ёлғиз қолиб кетгандайсиз. Ўзаро дардлашадиган, ҳасратлашадиган, фикрлашадиган яқин дўстларингиз борми?

– Албатта, бор. Бизнинг ижод соҳасида, инсон сифатида, ўтириб-турадиган дўстларимиз бор. Инсон одатда гапирганда, ўзини мақташни истайди, аслида яхши гапнинг шайдоси, ширин гапнинг гадоси бўлади.

Бир куни Эргаш акам билан Сирдарёга тўйга бордик. Ўшанда мен эндигина шогирд бўлиб тушганман. Бир йигит келди. «Эргаш ака бизнинг уйга борсинлар. Онам касал, бир кўриб келсинлар», деди. Мен ёшлигимга бориб, «Бормайдилар», дебман. Тўйнинг охирида ўша йигит яна келди. Эргаш ака менга имлади. «Шерали, бу йигит нима деяпти?» деб сўради. Мен унинг онаси касал эканлигини, уйга таклиф қилаётганини айтдим. «Чақир бу ёққа», дедилар. Кейин у билан гаплашдилар.

Мен шундай ҳамкасбларни биламанки, санъаткор бўла туриб ҳатто саломингизга алик олмайди. Лекин Эргаш ака бошқача одам эди. Мен тақдиримдан нолимайман. Беадад шукрлар бўлсин. Ношукур, ҳасадгўй одам ҳам эмасман. Ҳамиша ҳавас қиламан. Саҳналарнинг чеккасида ижод қилаётган бўлсам ҳам, мен бахтлиман. Ҳар ким мукофотини олади. Мен шундай одам боласи эришмаган бахтга муяссар бўлдим.

Устозим Эргаш Каримов билан ўша йигитнинг уйига бордик. Онахон инсульт олган, ётиб қолган экан. Ҳеч қаери ишламайди. Ҳалиги бола югуриб келиб, устозни қучоқлаб олди. «Эргаш ака, онамнинг бир қўли ишлаб кетди», деди. Эргаш Каримов мени кўришга келади, дегани учун. Устоз ана шунақа яхши инсон эди. Мен яхши одамларнинг даврасидан, яхши инсонларнинг суҳбатидан ўзимни четга олиб қочмайман. Биров ҳурмат қилиб чақирса бораман, лекин ўшанда биз шунчалик машҳур бўлдикки, одамлар бизнинг вақтимизга қараб тўй кунини белгилашар эди. Биз шофирконликмиз, қишлоғимиз асли Кулё эди, кейин Талисафед бўлди. Раҳматли дадам бизнинг санъаткор бўлишимизни унча хушламаганлар. Лекин машҳур бўлганимиздан кейин хурсанд бўлганлар. Агар Аллоҳнинг тўғри йўлидан адашмасанг, розиман, дегандилар. Адашмадик, Аллоҳга шукр.

Дадам уста-дурадгор эдилар. Бир одам келиб, ўғлингиз менинг тўйимга келиб бир хизмат қилсин, дебди.  90-йиллар эди. Дадам мен билан гаплашди. «Ўғлим, Комил акангнинг тўйида бир хизмат қилиб бер», дедилар. Хўп, дедим. Тўйнинг қачонлигини сўрадим.  «Сиз айтган куни», – деди тўй эгаси. «Хўп, мен айтган куни бўлса, тўйингизда хизмат қиламан», – дедим. Сизга ёлғон, худога рост. Ўша тўйни бир йил олдин белгиладик. Кутди шу киши. Кўряпсизми, қандай одамлар бор. Ўша одам шунчалик ҳурмат қиладики, ҳозир ҳам мени кўрса, югуриб келади.

– Шерали ака, Талисафед ҳақида... «Маъруф ва Шариф» киносида Ҳожибой Тожибоев бу қишлоқ аҳли олдига чиқиб, уларни кулдиролмайди. Ўша жараён қандай суратга олинган, одамлар шунақа хўмрайиб ўтиришганми? Ё лавҳа монтаж қилинганми?

– (кулиб юборади) Ҳа, шундай қилиш кераклиги айтилган. Ўзбек халқи жуда яхши халқ. Биз халқимизни доимо ҳурмат қилишимиз керак. Биз халқимизга ёмонлик қилишни ҳеч кимга, ҳеч қачон йўл бермаслигимиз керак. Дунёда тенги йўқ халқ. Битта тимсоли ўша. Фильмни суратга олишда, «ана шундай ўтирасизлар» дейилгани учун ҳам кулмай ўтиришган.

Раҳматли Наби Раҳимов менга айтиб қолди: (овозини ўхшатиб) «Шерали, сизлар шу ерда туғилганмисизлар?..» Ҳа, деб тасдиқладим. «Бу ер харитада йўқ-ку?» дейди. «Сиз келдингиз, энди тушади-да», – дедим. 1993 йил эди. Одамларнинг ҳурматини қаранг, «Эртага бизникига», «Индин бизникига», «Пешинда бизникига...» дейишади. «Маъруф ва Шариф»нинг съёмкаси билан бир ой юрган бўлсак, деярли ҳар куни пешинга, кечга, баъзида бир пайтнинг ўзида иккита хонадонда қўй сўйлиб, санъаткорлар кутиб олинган. Наби аканинг ўзлари битта хонада ўтирардилар. «Бунчалик санъатни яхши кўради-я, бу халқнинг пешонасидан ўпай», – дерди раҳматли. 94 йил эди, Андижонда «Тилла бола»ни суратга олаётган эдик. «Шерали, тўй бор эди, томсувоққаям юрасизларми?» – деди Наби ака. «Мен ҳар куни тўйга бораман. Одамлардан бир сўм сўрамайман. Нимани беришса, шуни оламан», – дедим. «Эртага маҳалла кўзи ожиз болани ўйлантираётган экан, Исамат Эргашев, сен, мен борамиз», – дедилар. «Бўпти», – дедим.

Бордик. Тўйда Наби акам. Исамат Эргашев гапиришди. Кейин мен чиқдим. Андижон халқи ҳам санъатни яхши кўради. Чўнтакларим пулга тўлиб кетди. Мен маҳалла аҳлига айтдим: «Сизлар ҳиммат қилиб, бу йигитни уйлантиряпсизлар, менга қистирган пулларингизни ёшларга бераман», деб келин-куёвга топширдим. Яна сўз беришди, гапирдим. Пул йиғилди. Чўнтагимнинг бир тарафини кўрсатиб, «шу томонни бераман», дедим. Наби акам даврага чиқди-да, «Сенга ким бундай таълим берган?» – деди. «Устозим Эргаш Каримов», – дедим. «Кафтингни оч, – деди. – Устозингга, ота-онангга раҳмат. Илоҳим, ҳеч қачон ёмонлик кўрмагин. Мен саксон тўртга кирдим. Сен мендан ҳам узоқ яша. Сени ҳамиша дуо қиламан. Яхши боласан», – деди. Ана ўша санъаткорлар, асл санъаткорлар халқнинг меҳр-муҳаббати билан яшайди.

– Ижодкор адабиётга яқин бўлади. Ҳозир қайси китобларни ўқияпсиз?

– Агар ижодкор ҳақиқий бўлса, адабиёт биринчи галда туради. Биринчи галда деганим, бу – шоир, шеърият, бизни тўғри йўлга бошлайдиган ҳар қандай асар. Ёлғон гапирмайман, мен бизга манзур китобларнинг деярли ҳаммасини ўқиб тураман. Ҳар якшанба «Табассум» радиожурнали эфирга кетади. Ҳар сонида янги асар берилиши керак. Ана шу асарларни ўқийман, саралайман.

– Издошларингиз, изингиздан кетаётган фарзандлар, шахсий ҳаётингиз ҳақида ҳам гапирсангиз.

– Фарзандларим, Аллоҳга шукр, ҳаммаси турли соҳаларда. Айнан менинг йўлимдан эмас. Шундан ҳам хурсандман...

Зикир Муҳаммаджонов билан сафарларга борганмиз. У киши санъаткор эди, инсон эди. Қувониб, тўлиб-тошиб юрарди. Мен 7-қаватда, домда яшардим. Бир куни «Шерали, Шерали» деган товуш келяпти. Битта қўшним ҳовлиқиб чиқди. «Театрда чиқадиган катта актёр бор-ку, ҳалиги генерал Раҳимовни ўйнаган, ўша Зикир ака келибдилар», – деди. Югуриб тушдим. «Ассалому алайкум, уйга юринг», десам, «Лифтинг ишламас экан-да, 7-қаватга чиқолмадим», дедилар. «Зикир ака, нима хизмат?» – десам, «Бир қариндошимиз тўй қилаётувди, шунга айтиб келувдим, бир хизмат қилиб берасанми, дегандим, борасанми?» дедилар. «Э-э-э, сиздек одам тўйга айтади-ю, мен йўқ дейманми?» дедим. Шундай инсонлар бизга ибрат бўлди, чиройли ишлари билан ибрат бўлди. Зикир ака инсонпарвар, халқпарвар, юртпарвар инсонлардан бири эди. Бетакрор санъаткорлиги, овозининг жарангдорлиги, сўзларининг одамларга таъсири, одамларнинг қалбига етиб бориши кучли эди. Аммо ўзи жудаям камтар инсон эди. Зикир ака билан Қашқадарёга, давлат кўрсатмасига кўра, пахтакорларга хизматга борганмиз. Пул ёки бошқа бирор хизмат учун эмас.

– Мухлисларга тилакларингиз?

– Устозларни эсладик, яхшиларнинг руҳи ҳамиша шод бўлсин.

Ким дўсти худо, ёғилгай раҳмат-у, нури худо.

Ким душман-у худо, ёғилгай, ланъату, қаҳру, ғазаби худо.

Дўсту худо бўлайлик, раҳмату нурга муяссар айласин худо. Аллоҳнинг меҳри билан, севгиси-ю, ишқи билан ҳамиша пури нур бўлсин. Мунаввар бўлсин. Лаблардан табассум-у, чеҳралардан кулги аримасин. Бу Ватан, бу замин, бу осмон тинч бўлсин. Ҳар бир хонадонда яхшилик бўлсин. Яхшилик дунёда ҳамиша ғалаба қозонсин. Яхшилик ҳамиша тантана қилсин. Ёмонлик йўқолсин. Тинчлик барқарор бўлсин. Мухлисларга фақат яхшиликни истаб қоламиз.

Анвар Намозов суҳбатлашди.

(Матнни Озода Муродова оққа кўчирди)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг