Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

255 миллион сўмга 15 мингта «UZ» домени. Бир шахсга бунча домен нимага керак?

255 миллион сўмга 15 мингта «UZ» домени. Бир шахсга бунча домен нимага керак?

Бунча доменни нима қилади?

Фото: «Sum.edu.pl»

Ушбу ҳафтада ғалати ҳолат кузатилди. Одатда бир йиллик ўсиши 5 мингтадан ошмайган «UZ» ҳудудида бир кунда 15 минг (!) домен рўйхатдан ўтказилди. Уч йиллик кўрсаткич  — бир кунда! Фантастика. Ўзи ростданам бу рўй бердими? Ахир, қандай қилиб? Келинг, вазиятни ойдинлаштиришга уриниб кўрамиз.

21 декабр куни «UZ» домени маъмурияти «бир ҳафта ичида UZ ҳудудида 15 мингта домен рўйхатдан ўтказилиб, рекорд даражадаги ўсиш кузатилгани» ҳақида хабар тарқатди.

Аммо маълум вақт ўтиб бу хабар ўчириб ташланди. Маълумотни кўпгина интернет нашрлар тарқатишга ҳам улгурди.

«UZ» домени маъмурияти 15 минг домен бир ҳафта ичида рўйхатдан ўтказилди, деб маълумот тарқатган бўлса-да, аслида улар бир ҳафта давомида эмас, бир кунда расмийлаштирилган. Буни қуйидаги статистика маълумотидан кўриш мумкин:

21 декабр куни 15 мингдан зиёд домен рўйхатга олинди.
Скрин: «cctld.uz»

Уч ҳарфдан иборат барча комбинациядаги бўш доменлар сотиб олинган

Аввало, «cctld.uz» сайтида 21 декабр куни рўйхатга олинган доменларни кўздан кечирамиз. Бу санада «UZ» доменидаги уч ҳарф/рақамдан иборат комбинациядаги барча бўш доменлар (!) рўйхатдан ўтказилган («UZ» ҳудудида уч символдан иборат доменлар бошқа қолмади).

«UZ» ҳудудида уч символдан иборат доменлар бошқа қолмади.
Скрин: «cctld.uz»

Доменларни катта эҳтимол билан бир киши (жисмоний шахс) сотиб олган. Чунки 15 минг доменни кўпчилик бир кунда сотиб олиш учун минглаб шартномалар тузилиши лозим. Бир регистраторнинг бир кунда буни амалга оширишининг эса имкони йўқ.  Бир шахснинг битта шартнома орқали 15 минг доменни сотиб олиши эса қийин эмас. Харидорнинг жисмоний шахс экани шу доменларнинг барчасини рўйхатга олган регистратор — «SUVAN NET» статистикасида кўриниб турибди. Бир ҳафта олдин рейтингда пастроқда турган ушбу регистратор ўша 15 минглик харид эвазига «Жисмоний шахслар томонидан энг яхши рўйхатга олувчи» сифатида яққол пешқадам бўлиб олган:

«SUVAN NET» бир кунда етакчига айланди.
Скрин: «cctld.uz»

Бу билан қоида бузилмадими?

«UZ» доменидаги домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга кўра, ҳар қандай жисмоний ва юридик шахс миллати ва яшаш жойидан қатъи назар, «UZ» доменидаги домен номини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга. Домен номларини рўйхатдан ўтказиш Рўйхатдан ўтказувчи билан ариза берувчи ўртасидаги шартнома асосида амалга оширилади.

Низомда бир шахснинг қанча домен сотиб олиши бўйича чегара қўйилмаган. Лекин низомнинг 75-бандида домен номидан фойдаланишда тақиқланувчи ҳолатлар кўрсатиб ўтилган. Унда, «киберсквоттинг», яъни учинчи шахс ҳуқуқларини бузган ҳолда фойда ёки бошқа турдаги афзалликларга эга бўлиш, шунингдек, «домен греббинг», яъни кўп сонли домен номларининг бир шахс томонидан домен номини рўйхатдан ўтказишда ва фойдаланишда сарф этилган ҳақиқий харажатлардан анча юқори нархда потенциал манфаатдор шахсларга уларни қайта сотиш... тақиқланиши қайд қилинган.

Бир шахснинг 15 минг доменни сотиб олишини нима кераги бор?

«SUVAN NET»да битта доменни бир йилга рўйхатга олиш нархи — 17 минг сўм. 15000 х 17000 = 255 000 000 сўм! (Шу нархга битта автомобил рақами сотиб олаётганлар топилаётган бир вақтда, бу харидни сумма жиҳатидан ҳайратомуз деб бўлмайди.)

Табиийки, 255 миллион сўм сарфлангани билан харидор 15 минг доменнинг ҳар бирига сайт ярата олмайди. Унда бунча домен унга нимага керак? «Facebook» фойдаланувчиларидан бири бу ҳолатни «киберсквоттинг» деб баҳолаган бўлса, бошқаси Ўзбекистонда ҳам доменларнинг эркин савдосига рухсат берилиши (юқорида келтирилган тақиқлар олиб ташланиши) ҳақидаги миш-мишлар тарқалганига ишора қилган: 

«Яқинда эркин савдо бошланармуш».
Скрин: «Facebook»

Маълумотларга кўра, .com доменида еттита ҳарф/рақамдан иборат комбинациялар тўлиқ банд қилиб бўлинган. Кўпгина давлатлар доменларида ҳам бу ҳолат кузатилади. Сайт очмоқчи бўлганлар, узууун ҳарфли бўш домен қидиришга мажбур бўлади. Қисқа ҳарфлардаги доменлар банд қилингани учун, агар у бизнес учун жуда ҳам зарур бўлса, уни эгасидан каттароқ суммага қайтадан сотиб олиши керак бўлади.

«UZ» ҳудудида доменлар танқислиги шу пайтгача кузатилмаган, ҳали ҳам жозибадор домен номлари исталганича топилади. Фақат ушбу ҳафтадаги «оммавий» харид туфайли, уч ҳарфдан иборат доменни энди рўйхатдан ўтказа олмайсиз. Вақт ўтиши билан UZ доменида ҳам қисқа ва чиройли доменлар танқислиги юзага кела бошлайди. Бу табиий жараён.

Энди агар Ўзбекистонда ҳам доменларнинг эркин савдосига рухсат берилса, ўшанда 15 минг доменни рўйхатдан ўтказиб олган кишидан ўзингизга мос доменни келишув асосида сотиб олишингиз керак бўлади (масалан, 17 мингга олинган доменни 100 минг ёки унданам қимматроққа). Шу жиҳатдан, 15 минг доменга 255 миллион сўм сарфлаган харидорни келажакда фойда олиш учун сармоя киритган, деб ҳисоблаш мантиққа зид келмайди. 

Ўтган йили ҳам шунақа бўлганмиди?

Бу ерда яна бир масала бор. «SUVAN NET» регистратори статистикасида ўтган йили ҳам шу каби катта сакраш кузатилган. Ва айнан декабр ойида! Лекин негадир бир ой ичида статистика яна ортга қайтган (доменларни бир ойга сотиб олиш мумкин эмас):

Ўтган йили ҳам шу каби катта сакраш кузатилгандими?
Скрин: «cctld.uz»

Бу статистика хатоликмиди, ёки ўтган йили ҳам айнан шундай ҳолат бўлганми, аниқ айта олмаймиз. Чунки юқоридаги скрин 21 декабр куни олинганди, кеча эса «cctld.uz» сайтидаги айнан ушбу бўлим статистикаси ўзгариб қолган:

«Девор қани?» Нега статистика икки кунда ўзгариб қолди?
Скрин: «cctld.uz»

Хуллас, бу ерда ҳам қандайдир жумбоқ бор. «Иван Василевич ўз касбини ўзгартиради» филмида Бунша савол берадию: «Девор қани?» 

Тасодифни қаранг!

Қизиғи, 20 декабр санасида «Xabar.uz» сайтида «Кеп қолинг, сайтимни сотаман!» мақоласи чиққан, унда UZ ҳудудида доменлар сони ўсиши суст кетаётгани, Миллий контент ривожланишида интернетда бизнес-лойиҳаларга янада кўпроқ қулайликлар яратилиши зарурлиги таҳлил қилинганди. Бир кун ўтиб, биратўла 15 мингта домен рўйхатдан ўтказилиши — қизиқ тасодиф бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг