Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳаёт ва ўлим орасидаги 35 йил. Аянчли муҳаббат қиссаси

Ҳаёт ва ўлим орасидаги 35 йил. Аянчли муҳаббат қиссаси

Фото: «L'ÉQUIPE»

Абадий 17 март

Бернадетт Адамс «Суғур куни» фильмини ёқтирмайди. Унинг учун ҳаётнинг ўзи ҳудди «суғур куни»дек. Мана 35 йилдирки у турмуш ўртоғи, собиқ футболчи Жан-Пьер Адамсга ғамхўрлик қилиш билан кунини ўтказади.

Франциянинг Кэсарг коммунасидаги унчалик катта бўлмаган уйнинг шинам хонасида шифтга тикилганча ётган қора танли эркак 1970 йилларда Франция миллий терма жамоасининг машҳур ҳимоячиси эди. Унинг ҳаёти 1982 йилнинг 17 мартида тўхтаган. Шундан бери ҳудди ҳайкалдек қотиб қолган, 35 йилллик умр унинг учун фақат ётишдан иборат бўлди.

Ўша куни у унчалик мураккаб бўлмаган тизза пайларини операция қилдириш учун Лион шифохонасига борган эди. У пайтларда Адамс футболчилик фаолиятини деярли тугатган ва Дижондаги мураббийлик курсида таълим олаётган эди. Тиззасидаги оғриқлар тинчлик бермагач, машғулотлар ҳам кўзига кўринмаган Адамс оғриқ қолдирувчи дорилар ёрдамида бир неча ойни ўтказди. Операция қилдириш учун Парижга йўл олганида, Лиондаги таниш шифокор амалиётни унинг клиникасида қилдиришни маслаҳат берди. Тизза операцияси унчалик мураккаб амалиёт бўлмаса-да, тақдир бешафқат бўлиб чиқди. Ўша пайтларда Францияда шифокорларнинг иш ташлаши авж олгани сабабли шифохоналарда мутахассис етишмовчилиги кузатиларди.

Адамснинг ўғиллари Лоран ва Фредерик отасининг термадаги дўстлари – Мариус Трезор ва Алан Жиресс билан.
Фото: Бернадетт Адамс архиви.

Эдуард Эрриот номидаги Лион шифохонасининг анестезиологи баъзан бир пайтнинг ўзида учта (баъзи маълумотларга кўра саккизта) операцияга ёрдам берар, улардан бири кўпинча болалар операцияси бўларди. Хато ҳам айнан унинг беэътиборлиги ва шошқалоқлигидан келиб чиқди. У адашиб Жан-Пьерга икки маротаба наркоз бериб юборади. Аксига олиб жарроҳнинг бошқа ёрдамчиси тиббиёт институтининг тажрибасиз талабаси бўлиб, у футболчининг миясига кислород етишмаётганини ўз вақтида пайқамай қолади.

Бу пайтда Бернадетт ўзи ёқтирган қаҳвани ичиб, ўғиллари – 11 ёшли Лоран ва 4 ёшли Фредерикнинг тўполонларидан завқланиб ўтирарди. Гарчи у турмуш ўртоғи билан охирги марта гаплашганида: «Ҳаммаси яхши бўлади, ҳечам хавотирланманг», – деб тинчлантирган бўлса-да, ўзини алланечук хавотир тарк этмаган эди. Тақдир экан, бу сўзлари эри унинг оғзидан эшитган сўнгги сўзлар бўлиб чиқди. Ҳозир ҳам унинг нимжон қўлини ушлаганида хаёлига ўша куни айтилган энг сўнгги сўзлар яна ва яна келаверади.

I will wait for you (мен сени кутаман)

Эрининг қўнғироғини бир неча соат кутганидан сўнг Бернадетт хавотирлана бошлади ва болаларини уйга ташлаб зудлик билан шифохонага чопди. Шифокорлар мадам Адамсга даҳшатли ҳақиқатни дарҳол айтишга шошилишмади.  Жан-Пьер чуқур кома ҳолатига тушиб қолган эди. Кейинги беш кунни Бернадетт ҳайкалдек қотиб қолган футболчи эрининг ёнида ўтказди. Йиғлади, бақирди, яна йиғлади – Жан-Пьер эса, ҳатто қимир ҳам этмасди.

Кейинги кун, ойлар француз тиббиётининг энг ёрқин вакиллари маслаҳати, кўриги билан ўтди ва футболчи бошқа госпиталга кўчирилди. Якуний ташхис ўта аянчли эди: футболчи миясининг бир қисми қайта тикланмайдиган даражада зарарланган! Кунлар ўтиб, Жан-Пьер мустақил равишда нафас ола бошлади, унга сунъий нафас олдириш аппаратлари шарт бўлмай қолди. Айнан шунинг учун ҳам унинг оиласида танлаш имконияти мавжуд эмас эди.

Жан-Пьер Адамс ўғли Лоран билан.
Фото: Бернадетт Адамс архиви.

– Мен бундай йўл тутишни хаёлимга ҳам келтира олмасдим, – дейди 30 йил ўтгач Бернадетт Адамс. – Эвтаназия қилиш мумкин бўлган вақт келганида, врачлар менга қарашди, мен уларни эшитишни ҳам хоҳламадим. У менинг севимли одамим ахир, – қандай қилиб унинг жони узилишини хоҳлашим мумкин?!

Бироз вақтдан сўнг Бернадетт эрини ўз уйига олиб кетди. Ўшандан бери у турмуш ўртоғига ғамхўрлик қилишдан тўхтамайди. Кечалари қони яхши айланиши учун ётган жойидан қўзғатади. Кундузлари овқатлантиради, ювинтиради, соқолини олиб қўяди, кийимларини алмаштириб, янгиликлардан айтиб беради ва биргаликда мусиқа эшитади...

Францияда 70-80-йилларда машҳур бўлган «Шербур соябонлари» мелодрамасида жаранг сочган қўшиқ ҳали-ҳамон ёдида. Ўшанда улар тўй маросимида бу мусиқага рақсга тушишган эди. Энди эса, унинг мавзуси ва сўзлари умуман бошқа маънони англатаётгандек.

If it takes forever I will wait for you

For a thousand summers I will wait for you

Till you're back beside me, till I'm holding you

Till I hear you sigh here in my arms

Уйқудаги паҳлавоннинг уйи

Жан-Пьер ётган хонадаги вақт гўёки тўхтаб қолгандек. Унинг ёнига кимдир кирса, яна соатлар ишлаб кетади. Кўпинча уни кўришга аллақачон катта одамларга айланган болалари келиб туради. Уларнинг каттаси Лоран меҳрибон, хушчақчақ ва кучли отасини яхши эсласа, кичиги кўпроқ унинг суратларидан билади. Ҳозир Жан-Пьер ва Бернадеттнинг набиралари ҳам бор. Улар гапирмас боболарини қўлидан ушлаб, очиқ, лекин ҳеч нарсани кўрмайдиган кўзларига тикилиб нималарнидир ўйлашади. Бернадетт бу ҳовлини «Уйқудаги паҳлавоннинг уйи» деб атайди. Мана 35 йилдирки у ҳеч кимга Жан-Пьерни тасвирга туширишга ёки суратга олишга йўл қўймайди. У эрини бошқаларнинг хотирасида мана шундай ҳолатда қолмаслигини жуда-жуда хоҳлайди. Лекин меҳмонларга собиқ футболчининг олдинги суратларини мамнуният билан кўрсатади. Бу Францияга Сенегалдан эндигина сузиб келган 10 ёшли Жан-Пьер, буниси – ўсмирлик чоғидаги сурати, бу унинг биринчи профессионал жамоаси – «Ним», буниси эса, уни мухлисларга танитган «Ницца». Бу суратда терма жамоадаги шериги Мариус Трезор билан: енгилмас «стопперлар» жуфтлигини мухлислар «қора танли соқчилар» деб аташарди.

Жан-Пьер Адамс ва Мариус Трезор –
Франциянинг «қора танли соқчилари».
Фото: Бернадетт Адамс архиви.

Адамс Франция футболи тарихида ўзига хос из қолдирди. У терма жамоа либосида расмий ўйинларда 22 марта майдонга тушган. Мамлакат футбол федерацияси ҳам унинг хизматларини унутгани йўқ. Доимий равишда унинг оиласини моддий қўллаб-қувватлайдиган ташкилот тез-тез хайрия учрашувлари ҳам ташкил этиб туради.

Лион клиникаси бўйича суд иши 10 йилдан ортиқроқ давом этган бўлса-да, айтарли натижа бермади. Бир ойлик ҳибсда сақлаш ва унча кўп бўлмаган жарима (ҳозирги кундаги курсда 900 евро атрофида) адашган анестезиолог учун етарли деб ҳисобланди.

Яхшиямки дастлабки йилларда Бернининг ота-онаси ёрдамга келди. Ахир улар бир пайтлар дилбар қизларини қаёқдаги қора танли сенегаллик қочоққа тегаётганида тиш-тирноғи билан қарши чиқишган эди. У пайтларда ирқий бағрикенглик тушунчасини Европада ҳам ҳеч ким қабул қила олмасди. Вақт ўтиб, Жан-Пьерни яхшироқ билишганидан сўнг нафақат унга кўникишди, балки меҳрибон, қувноқ ва турмуш ўртоғини ҳурмат қиладиган бундай йигитни жуда ёқтириб қолишди.

Жан-Пьернинг ўғиллари Лоран ва Фредерик
хайрия учрашувида.
Фото: ogcnice.com

Қувончдан ўлишни хоҳлайман...

– Ўзимни ёлғиз ҳис қилмайман, мен учун Жан-Пьер мутлақо тирик, – дейди Бернадетт. – Биламан, у мени эшитмайди, лекин у билан доим суҳбатлашаман, турли янгиликларни айтаман. Балки қайсидир лаҳзада у мени тушуниб қолар. Баъзида, у сесканиб кетади. Масалан, ит ҳурганида ёки эшик тақиллаганида. Демак нимагадир умид қилса бўлади.

Унинг учун вақт тўхтаб қолиши, шунчаки мажозий маънода эмас. Жан-Пьер Адамс деярли етмишга кирди. Бошида эса бир нечтагина оқ сочи бор, холос.

Бернадетт Адамс уйқудаги паҳлавоннинг уйида.
Фото: Бернадетт Адамс архиви.

Бернадетт Адамс дунё илм-фани ҳақидаги янгиликларни диққат билан кузатиб боради. У бир кун келиб замонавий тиббиёт Жан-Пьернинг миясини қисман бўлса-да қайта тиклай олиш даражасига чиқишига ишонади. Аммо уни ҳаётда кўпроқ бошқа нарса ташвишлантиради:

– Ҳаммасидан ҳам мен ундан олдин ўлиб кетишдан қўрқаман. Мен Жан-Пьерга ҳар куни, ҳар соатда керакман. Акс ҳолда, у ўлиб қолади, ахир у ҳудди ёш боладек. Агар мен ғамхўрлик қилмасам, ким унга қарайди? Ўғилларим? Мен ундай бўлишини хоҳламайман, чунки бу менинг тақдирим.

– 35 йилдан бери битта орзум бор. У ҳеч бўлмаса 5 дақиқага ҳаётга қайтса, менга ана шу вақт ҳам етарди. Яна у билан гаплашиш, тафтини ҳис қилишни хоҳлайман. Шундан кейин бемалол, қувончдан ўлсам ҳам майли... 

Жан-Пьер ва Бернадетт Адамс янги туғилган ўғли билан.
Фото: Бернадетт Адамс архиви.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг