Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Галатасарой» Шомуродовни сотиб олмоқчи, аммо «Ростов» жуда катта пул талаб қилмоқда

«Галатасарой» Шомуродовни сотиб олмоқчи, аммо «Ростов» жуда катта пул талаб қилмоқда

Фото: Спорт-Экспресс

Туркиянинг «Галатасарой» клуби Ўзбекистон миллий жамоаси ва Россиянинг «Ростов» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродовни сотиб олмоқчи. Бу ҳақда россиялик журналист Нобел Арустамян хабар бериб ўтди.

Хабарга кўра, «Галатасарой» скаутлари Россия чемпионати доирасида кечган «Ростов» — «Крилья Советов» (1:0) учрашуви вақтида стадионда бўлган ва Элдор Шомуродовнинг ўйинини кузатиб борган. Эслатиб ўтамиз, Шомуродов ушбу учрашувда ягона голни киритиб, жамоасига ғалаба келтирган эди.

Бироқ «Ростов» раҳбарияти ва мураббийлар штаби Элдор Шомуродовни сотмоқчи эмас. Жамоа бош мураббийи Валерий Карпиннинг таъкидлашича, фақат жуда катта маблағ — эллик миллион евро таклиф этилган тақдирда ушбу трансфер ҳақида ўйлаш мумкин.

«Шомуродовга жиддий клублар қизиқиш билдирмоқда? Биз — клуб президенти ва мураббийлар штаби аллақачон ўз фикримизни билдириб бўлганмиз — «Ростов» ҳеч кимни сотмайди. Аммо эртага 50 миллион (евро) таклиф қилишса, шахсан ўзим қайсидир футболчини қўлидан етаклаб олиб бориб беришим мумкин», — дейди Карпин.

Нобель Арустамяннинг хабар қилишича, айни вақтда Элдор Шомуродовни сотиб олишга «Галатасарой»нинг қурби етмайди. «Ўзбек форвардининг нархи жуда ҳам баланд. Боз устига «Ростов» ҳам уни сотмоқчи эмас», — дея ёзади Арустамян.

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов жорий мавсум Россия чемпионатида умумий ҳисобда 5 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол урди ва битта голли узатмани амалга оширди. Бироз вақт муқаддам Шомуродовга Россия чемпионатининг етакчи клубларидан ҳам қизиқиш борлиги айтилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг