Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Замонавий Хитой давлати 70 ёшда. Тошкентда ўтган тантанали маросимда бош вазир Абдулла Арипов қатнашди

Замонавий Хитой давлати 70 ёшда. Тошкентда ўтган тантанали маросимда бош вазир Абдулла Арипов қатнашди

Тошкентда Хитой Халқ Республикаси ташкил этилганининг 70 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Дипломатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маданият ва санъат намояндалари жам бўлган қабул маросимида Ўзбекистон ҳукумати номидан бош вазир Абдулла Арипов иштирок этди.

Тадбирда сўз олган ХХРнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним 70 йил ичида мамлакат тараққиётга эришиш учун ғоят машаққатли йўлни босиб ўтганини қайд этди.

Дипломат Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолатини юксак баҳолади. Қайд этилишича, икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашда давлат раҳбарлари учрашувлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Цзян Янь хоним Хитой Ўзбекистонни дўст давлат деб билиши, икки мамлакат тараққиёт бўйича муштарак қарашларга эга эканини таъкидлади.

«Биз ХХР раиси Си Цзиньпин ҳамда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган келишувларини ҳаётга татбиқ этиш йўлида биргаликда саъй-ҳаракатларда давом этамиз», – деди ХХР элчиси.

Қабул маросими доирасида ХХРнинг 70 йиллигига бағишланган фотокўргазма ҳам ташкил этилди. Фотосуратларда 1949 йил 1 октябрь – замонавий Хитой давлатига асос солинган санадан ҳозирга қадар бўлган тарих акс этган.

Эслатиб ўтамиз, Хитой Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 27 декабрда тан олган. 1992 йил 2 январда дипломатик муносабатлар ўрнатилган.

1992 йилда имзоланган Савдо-иқтисодий битимга кўра икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилади.

Хитой Ўзбекистоннинг савдо шериклари орасида энг юқори ўринлардан бирини эгаллайди. Мамлакатимизда мазкур давлат капитали иштирокидаги 786 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 95 таси тўлиқ Хитой сармояси асосида ташкил этилган.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг