Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Пак Бён Сокни қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Пак Бён Сокни қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни Корея Республикаси парламентининг Миллий Ассамблея Спикери Пак Бён Сок бошчилигидаги делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Делегация таркибида мамлакатимизга спикердан ташқари Жанубий Корея парламентининг давлат бошқаруви, молиявий сиёсат, саноат, савдо, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, экология, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари, маданият, спорт ва туризм каби устувор йўналишлар бўйича қўмиталарига аъзо 6 нафар депутат ҳам келган.

Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда парламентлар муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари фаол алмашинувлар давом этаётгани, кенг кўламли Ўзбекистон-Корея ҳамкорлиги жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди. Жорий йил бошида икки мамлакат етакчиларининг онлайн-саммити муваффақиятли ўтказилди.

Пак Бён Сок самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президентига Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда глобал иқтисодий вазият мураккаб бўлиб турган бир пайтда ўзаро савдо ҳажми сақлаб қолинишига эришилаётгани таъкидланди. Кореянинг етакчи компания ва банклари иштирокида умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд янги инвестиция лойиҳалари тайёрланди. Умуман, Корея Республикасининг мамлакатимизга инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошди.

Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши курашда кореялик шериклар томонидан катта амалий кўмак кўрсатилгани учун миннатдорлик билдирилди.

Миллий Ассамблея Спикери ва депутатлари мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги фаол саъй-ҳаракатлар учун, шунингдек, Сеулнинг Корея ярим оролидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги ҳаракатлари, Янги шимолий сиёсатни амалга ошириш доирасидаги минтақавий ташаббуслари қатъий қўллаб-қувватланаётгани учун Ўзбекистон Президентига самимий ташаккур изҳор этдилар.

«Корея Республикаси – Марказий Осиё» ҳамкорлик форуми доирасидаги яқин мулоқотни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданият, гуманитар алмашинув соҳаларидаги қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг