Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президентлар ҳам йиғлайди

Президентлар ҳам йиғлайди

Ж.Корея собиқ президенти Ли Мён Бак.

Куни кеча Сеул суди Жанубий Кореянинг собиқ президенти Ли Мён Бакни 17 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди. 78 ёшли сиёсатдон порахўрлик, ваколатларни суиистеъмол қилиш ҳамда давлат маблағини талон-торож этишда айбдор деб топилди.

2008-2013 йилларда мамлакатни идора этган Ли Мён Бак аввалроқ мазкур айбловлар бўйича 15 йилга қамалган, аммо бетоблиги боис гаров пули эвазига озодликка чиқарилган эди. Пировардида эса маҳкама собиқ президентга яна икки йил қамоқ жазоси қўшиб берди.

Юксак лавозимда фаолият юритиб, кейинроқ порахўрлик ва бошқа жиноятларда айбланган президентлар талайгина. Қуйида уларнинг айримларини ёдга олиб ўтамиз.

Пак Кин Хе (Жанубий Корея)

Пак Кин Хе (чапда). 

Жанубий Кореяни Ли Мён Бакдан сўнг, 2013-2017 йиллар мобайнида идора этган Пак Кин Хе хонимнинг тақдири ҳам салафи каби кечди.

2016 йилда мамлакатда коррупцияга оид шов-шувли жиноят фош этилди. Президентнинг дугонаси Чхве Сун Силь, гарчи расмий лавозимга эга бўлмаса-да, давлат раҳбари номидан фойдаланиб, йирик компаниялардан товламачилик йўли билан пул ундириб келгани ошкор бўлди. Бунинг ортидан мамлакат бўйлаб президентга қарши оммавий норозилик намойишлари авж олди. 2016 йил декабрда парламент президентни муддатдан олдин лавозимидан бўшатиш – импичмент ҳақида қарор қабул қилди. Кўп ўтмай Пак Кин Хе хоним ҳибсга олинди. Коррупция, ваколатларни суиистеъмол қилиш, махфий маълумотларни ошкор этиш ва парламент сайловига ноқонуний аралашувда айбланган собиқ биринчи раҳбар 25 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Николя Саркози (Франция)

Николя Саркози

Николя Саркози 2007-2012 йилларда Бешинчи республикага раҳбарлик қилган. Ваколат муддати тугаши ва дахлсизлик мақоми бекор қилиниши билан унга қарши коррупция, фирибгарлик ва сайлов кампанияси тартибини бузиш бўйича айбловлар илгари сурилди.

Тергов идорасига кўра, 2007 ва 2012 йиллардаги сайлов кампанияси даврида Н.Саркози Ливиянинг марҳум раҳбари Муаммар Қаззофий ҳамда L'Oreal компанияси эгаси Лилиан Бетанкурдан ноқонуний равишда маблағ олган. Бундан ташқари, собиқ президент лавозимини кўтаришни ваъда қилиб, судья Гилберт Азибертдан терговга оид махфий маълумотларни олишга уринган. Мазкур ҳолатлар бўйича маҳкама жараёни жорий йил октябрда бошланади. Қайд этиш жоизки, бу Франция собиқ президенти коррупцияда айбланиши билан боғлиқ дастлабки ҳолатдир. Тўғри, бунга қадар Жак Ширак ҳам ғазна маблағини талон-торож этишда айбланиб икки йил шартли жазога ҳукм қилинган. Аммо Ж.Ширак президентлик эмас, балки Париж мэри бўлган даврдаги қилмиши учун жазоланган.

Алмазбек Атамбаев (Қирғизистон)

Алмазбек Атамбаев

2019 йил июнь ойида Қирғизистон парламенти собиқ президент Алмазбек Атамбаевни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилди. Собиқ раҳбар коррупция ҳамда жиноий олам етакчиси Азиз Батукаевнинг муддатдан олдин озодликка чиқарилиши бўйича тергов ишига гувоҳ сифатида чақирилди. А.Атамбаев икки марта терговга боришдан бош тортди. Пировардида, собиқ президент тарафдорлари ҳамда Қирғизистон ҳуқуқ идоралари ходимлари ўртасида қуролли тўқнашув рўй берди. А.Атамбаев икки кун давом этган қонли зиддиятдан кейингина ҳибсга олинди.

Эндиликда у қотиллик, оммавий тартибсизлик келтириб чиқариш, ваколатларни суиистеъмол қилиш, ноқонуний йўл билан давлат орттириш каби 10 дан зиёд оғир жиноятларда айбланмоқда.

2019 йил ноябрь ойида А.Батукаевнинг ноқонуний равишда ҳибсдан озод этилишига доир дастлабки маҳкама жараёни бошланди. Барча айбловларни рад этган Атамбаев дастлабки суд жараёнида ҳам қатнашмади.

Кузатувчиларга кўра, «демократия ороли»нинг собиқ раҳбарига нисбатан тергов-суд жараёни кўпга чўзилиши мумкин.

Роберт Кочарян (Арманистон)

Роберт Кочарян

Роберт Кочарян 10 йил (1998-2008) давомида Арманистонни идора этган. 2018 йил июль ойида мамлакат тергов идораси собиқ президентга конституциявий тузумни зўрлик йўли билан ағдариш айбини илгари сурди. Гап шундаки, 2008 йил, президентнинг ваколати муддати тугаётган пайтда унинг буйруғи билан пойтахт Ереванга ҳарбий бўлинма киритилган. Оқибатда оммавий норозилик намойиши қатнашчиларининг 10 нафари ҳалок бўлган.

Р.Кочарян, шу билан бирга, тадбиркор Сильва Амбарцумяндан жуда катта миқдорда пора олишда ҳам айбланмоқда. Собиқ раҳбар 2018 йил июль ойида ҳибсга олинган. Бу орада гаров эвазига озод қилинган, аммо апелляция суди айбланувчини қайта қамоққа олиш ҳақида ажрим чиқарган.

Ушбу жиноий ишга бўйича навбатдаги суд мажлиси жорий йил февраль ойи охирида ўтказилиши режалаштирилган.

Виктор Янукович (Украина)

Виктор Янукович

Виктор Янукович турли йилларда Украина ҳукуматига раҳбарлик қилган, 2010-2014 йилларда президент лавозимида фаолият юритган. 2013 йил охирида мамлакат оммавий норозилик намойишлари домида қолади. Президентнинг Европа иттифоқи билан яқин ҳамкорликка доир битимни имзоламагани кўп сонли аҳоли норозилигига сабаб бўлган эди. Пировардида намойишчилар президент истеъфосини талаб қилади. Киевдаги тўқнашувларда ўнлаб одам қурбон бўлади.  2014 йил 22 февралда Олий рада В.Януковични давлат раҳбари ваколатларидан маҳрум этгач, у Россиядан паноҳ топади. Украина ҳуқуқ идоралари давлатга хиёнат, намойишчиларни ўққа тутиш, порахўрлик каби моддалар бўйича жиноий иш очади. 2015 йил февраль ойида Россияга В.Януковични ҳибсга олиш ва Украинага топшириш бўйича талабнома юборилади. Аммо Россия бош прокуратураси Киев талабини рад этади.

Икки йилга чўзилган маҳкама якунида, 2019 йиль 24 январь куни суд В.Януковични давлатга хиёнат ва бошқа моддаларда айбдор деб топиб, 13 йилга озодликдан маҳрум этди. Маҳкумнинг ўзи эса барча айбловларни уйдирма деб атади. 

Мишел Темер (Бразилия)

2019 йил март ойида Бразилия федерал полицияси собиқ президент Мишел Темерни коррупцияга доир иш бўйича ҳибсга олди. Аввалроқ мазкур мамлакатнинг Дилма Русеф, Лула да Силва каби икки президенти ҳам коррупцияда айбланган.

Мишел Темер

Мишел Темер бир неча жиноий иш бўйича айбланувчи деб эълон қилинган. Улардан бири мамлакатдаги портлар бошқарувига доир. Тергов хулосасига кўра, собиқ президент катта миқдордаги ширинкома эвазига Rodrimar S. A. ширкатига портлар бошқарувини топширган. Собиқ президент, шунингдек, атом электростанцияси қурилиши бўйича шартнома учун ҳам 260 минг доллар пора олганликда айбланмоқда.

Мишел Темер тилхат асосида қамоқдан чиқарилган. Суд унинг барча мол-мулкига тақиқ қўйган. Тергов эса давом этмоқда.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг