Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент сайловига тайёргарлик бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланди

Президент сайловига тайёргарлик бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланди

Бугун, 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев олиб борди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури ва Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид қатор низомлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури батафсил муҳокама қилинди ва тасдиқланди.

«Дастурдан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда илк бор Сайлов кодекси асосида ўтажак Президент сайловига тайёргарлик кўриш борасида қадамба-қадам амалга ошириладиган ишлар ўзининг батафсил ифодасини топган. Бажариладиган вазифларнинг ижро муддати ва масъул ижрочилари  аниқ кўрсатилган», дейилади хабарда.

Асосий тадбирлар дастурида сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, ушбу жараёнда ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш, сайловга тайёргарлик жараёнини коронавирус пандемияси шароитини ҳисобга олган ҳолда ўтказиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартибини белгилаб берувчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш тартиби, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибига доир низомлар қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга биноан энди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари сайлови уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг