Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда Афғонистоннинг амалдаги ҳокимиятини тан олиш масаласи кўрилмоқдами?

Ўзбекистонда Афғонистоннинг амалдаги ҳокимиятини тан олиш масаласи кўрилмоқдами?

Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўринбосари Фурқат Сидиқов «Марказий Осиёда аҳил қўшничиликнинг ўрнатилиши ва Ўзбекистоннинг прагматик ташқи сиёсати» мавзусидаги халқаро анжуманда Афғонистон мавзусига тўхталди.

– Афғонистондаги бугунги вазият бизни хавотирга солмаслиги мумкин эмас. Ҳозирда ушбу мамлакатда қандай мураккаб жараёнлар кечаётгани барчага яхши аён. Бундан ташқари, мазкур давлатда кузатилаётган оғир сиёсий-иқтисодий ҳолат яқинлашиб келаётган суронли қиш кунлари ўткир гуманитар инқирозга айланиб, катта қочоқлар оқимини пайдо қилиши эҳтимоли мавжуд.

Бундай қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас. Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан нафақат биз, қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир.

Шу боис Ўзбекистон афғон халқига бор имкониятдан фойдаланган холда кўмаклашмоқда. Биз ўзбек-афғон чегарасини тезкор тарзда қайтадан очиб, ушбу мамлакатга бирламчи зарур бўлган озиқ-овқат, нефт маҳсулотлари ва электр энергияси етказиб беришни қайта тикладик.

Шунингдек, дўстлик рамзи сифатида афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатмоқдамиз. Бу борада биз дунё ҳамжамияти билан яқиндан ҳамкорлик олиб бормоқдамиз ва бундай шерикликни янада фаолроқ давом эттиришга тайёрмиз.

Хусусан, БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг Афғонистонга ёрдам бериш доирасидаги асосий логистик марказини Термизда жойлаштириш бўйича қарор қабул қилинди.

Бундан ташқари БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича бошқармаси томонидан афғон халқи учун юборилаётган гуманитар юклар Термиздан Ҳайратон чегара пункти орқали Мозори-Шарифга етказилмоқда. Сурхондарёда Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами бериш учун БМТ агентликлари билан ҳамкорликда катта карго маркази шакллантирилмоқда.

2021 йил 7 октябрь куни Кобул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон муваққат ҳукумати аъзолари билан музокаралар ўтказди.

Мамлакатдаги мавжуд вазият, Афғонистон халқига гуманитар ва бошқа ёрдам кўрсатиш, шунингдек, энергетика ва транспорт соҳасидаги йирик инфратузилмавий лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, жорий йил 16 октябрь куни Термиз шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон делегацияларининг ишчи учрашуви бўлиб ўтди.

Афғонистон билан «Мозори-Шариф» халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш, «Сурхон – Пули-Хумри» электр узатиш тармоғи ва «Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўлини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тегишли музокаралар олиб бормоқдамиз, – деди вазир ўринбосари.

Тадбирда Фурқат Сидиқов Афғонистондаги амалдаги ҳокимиятни тан олиш масаласидаги саволга ҳам жавоб берди:

— Ҳозирча Афғонистоннинг муваққат ҳукуматини тан олиш масаласи кўрилмаяпти. Биз фақат Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш, юзага келиши мумкин бўлган гуманитар инқирознинг олдини олиш ва ўзаро ҳамкорликни тиклаш бўйича музокаралар олиб боряпмиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг