Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари долзарб масалаларни муҳокама қилдилар

Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари долзарб масалаларни муҳокама қилдилар

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 август куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Давлатимиз раҳбари Матбуот хизмати хабар берди.

Тожикистон етакчиси давлатимиз раҳбари ва биродар Ўзбекистон халқини мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги билан самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор этди.

Президентлар жорий йил 10-11 июнь кунлари Тожикистонга олий даражали ташриф якунлари бўйича қабул қилинган келишув ва битимларнинг амалга оширилишини кўриб чиқдилар.

Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик доирасидаги қўшма кооперация лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш муҳим экани таъкидланди.

Президентлар Афғонистонда ҳарбий-сиёсий кескинлик кучайиши билан боғлиқ минтақавий масалаларга алоҳида тўхталдилар. Ўзаро мувофиқлашувни кучайтириш ва яқин идоралараро алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.

Бундан ташқари, етакчилар жорий йилнинг сентябрь ойида Душанбе шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг