Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дорихона очиш ташаббуси қандай ҳолатларда рад этилади?

Дорихона очиш ташаббуси қандай ҳолатларда рад этилади?

Фото:«Afisha.uz»

Дорихона очиш учун қандай жараёнлардан ўтмоқ даркор? Қуйидаги мақолада шу ҳақда сўз юритилади. 

Аптекаларни очиш учун талабгор, биринчи навбатда, дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш лицензиясини олиш учун Давлат хизматлари марказига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этиши керак.

Бунда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

- лицензия бериш тўғрисида ариза;

- йиғим тўланганлигини тасдиқлайдиган маълумотлар.

Дорихона очиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида йиғим (ҳар бир аптека филиали учун алоҳида йиғим) ундирилади.

Ягона портал орқали мурожаат этилганда, талабгорлар томонидан йиғим суммасининг 90 фоизи тўланади, яъни 10 фоизлик чегирма мавжуд.

Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилиниши лозим.

Ариза келиб тушганидан сўнг икки кун ичида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ходимлари жойига чиқиб ўрганиш ўтказади. Бунда, ваколатли идора ўрганиш ўтказувчи шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмининг бош ҳарфлари, ўрганиш ўтказиш санаси ва вақти ҳақида Давлат хизматлари марказини ёзма равишда хабардор қилади ва марказ ходими ушбу маъломотларни талабгорга етказади.

Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги хабарномада лицензия банк ҳисоб рақами реквизитлари ва лицензия берилганлиги учун давлат божи тўлаш муддатлари кўрсатилади ва талабгор белгиланган муддат ичида давлат божини тўлаши шарт.

Лицензия бериш рад этилгани тўғрисидаги хабарномада рад этишнинг сабаблари, қонунчиликнинг аниқ нормалари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган бўлиши керак.

Таҳлилларга кўра, рад этиш сабабларининг энг кўп учрайдиган турлари қуйидагилар:

 Дорихона биноларининг минимал зарур таркиби ва майдони тўлиқ ташкил этилмаганлиги;

– Савдо зали ташкил қилинмаганлиги ҳамда витриналар мавжуд эмаслиги;

– Тайёр дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлаш хонасида (термолябил воситалар учун) совуткич мавжуд эмаслиги;

– Овқатлашниш, махсус кийим, шахсий буюмларни сақлаш учун қўшимча хона ташкил этилмаганлиги ва жиҳозланмаганлиги;

– Дорихона (филиаллар) дизенфекциялар ишларини профилактикасини ўтказиш учун кўчма кварц лампалар билан таъминланмаганлиги;

– Ёз кунлари офтобга қараб жойлашган ойна ва витриналар,офтобдан ҳимояланадиган мосламалар (жалюзи,маркиз ва ш.к.) мавжуд эмаслиги.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун моддий-техника базага, бинога (хонага) қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 12 майдаги 284-сон қарорида белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 31 январдаги фармони билан тасдиқланган Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси»сида 2020 йил 1 сентябрга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлигига ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва давлат хизматлари кўрсатиш тизими билан интеграция қилиш вазифаси юклатилган.

Ҳозирги кунда мазкур хизматни кўрсатиш жараёнида Давлат хизматлари марказлари ходими талабгорга тегишли бўлган маълумотларни қўлда киритади.

Ахборот тизими яратилиб, давлат хизматлари кўрсатиш тизими билан интеграция қилинганидан сўнг, талабгорга тааллуқли маълумотлар автоматик тарзда аризадаги тегишли бўлимларга юклаб олиниши натижасида хизматни кўрсатиш учун сарфланадиган вақт қисқаради.

Адиле Кешфетдинова,
ДХА бош маслахатчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг