Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Зангиотадаги шифохонада майитлар муаммосига ойдинлик киритилди

Зангиотадаги шифохонада майитлар муаммосига ойдинлик киритилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ижтимоий тармоқларда Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида вафот этганларнинг жасади берилишини қариндошлари муассаса эшиги олдида узоқ вақт кутиб қолаётгани тўғрисида видео ва матнли ахборотлар тарқалмоқда. Ушбу ҳолат бўйича Республика патологик анатомия маркази директори, ССВ бош патологоанатоми, профессор Ражаббой Исраилов қуйидагича изоҳ беради:

— Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида жорий йилнинг 1 август кунидан бошлаб патологик анатомия бўлими фаолияти ташкил этилди. Эндиликда, ортиқча оворагарчиликларга йўл қўймаслик, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мазкур шифохонада вафот этганларнинг майитини қариндошлари ушбу бўлимдан олиб кетишлари мумкин. Бундан аввал майит Республика патологик анатомия марказига олиб бориларди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 28 мартдаги «Коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган ёки гумон қилиниб, вафот этган беморлар жасадини дафн этишда хавфсизликни таъминлаш бўйича вақтинча қоидалар»га асосан, ўлим содир бўлган бўлимда 2 соат сақланиб, шундан сўнггина патологик анатомия бўлимига олиб келинади. Кейин мурда рўйхатдан ўтказилиб, 3 фоизли хлорли эритмада зарарсизлантирилади, мурданинг диний эътиқодига кўра, ювилиб (кафанланиб ёки кийинтириб) қариндошларига топширилади. Табиийки, бу амалиётлар ўтказилиши учун ўртача 3-4 соат вақт талаб этилади. Бу вақтда қариндошлар муассаса эшиги тагида кутиб қолмоқда.

Шунингдек, тарқатилаётган видео, матнли хабарларда «Коронавирусдан вафот этган мурдаларни олиб кетишда навбат кутувчилар шунча бўлса, уларнинг сонини статистика нега кам беряпти?» деган мулоҳаза ҳам мавжуд.

Патологик анатомия бўлими эшиги олдида кутиб турган одамлар кўплигининг сабаби аслида бир нафар мурдани олиб кетиш учун камида 4 нафар қариндоши келади, бу эса ўз-ўзидан фуқароларнинг ваҳимага тушишига сабабчи бўлмоқда. Қайд этиш жоизки, статистика маълумотларини сохталаштиришдан ҳеч ким манфаатдор эмас.

Маълумки, Зангиота туманидаги юқумлик асалликлар шифохонасида нафақат коронавирус билан касалланганлар, балки бошқа турдаги ўткир инфекция ва пневмония билан оғриган беморлар ҳам даволанмоқда. Коронавирусдан вафот этганлар статистикасида фақат «COVID-19» диагнози вирусологик текширувда тасдиқланганлар сони берилади, лекин бу шифохонада пневмония ва бошқа инфекцион касалликлардан ҳам вафот этаётганлар бор. Табиийки, улар коронавирус статистикасига киритилмайди.

Шунингдек, ушбу шифохонадаги патологоанатомик бўлими янада такомиллаштирилиб, кечки навбатчиликни ҳам ташкил қилиш ва тунги вақтларда майитни қариндошларига топшириш имконини яратиш режалаштирилмоқда.

Зангиота шифохонаси атрофида тобут ташийдиган машиналар нархларни 700 мингдан бошлаб кўтариб юборган» деган хабарларга эса, қуйидагича изоҳ бериш мумкин. Жасадларни етказиб бериш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика патологик анатомия маркази зиммасида эмас. Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси дарвозаси олдида дафн этиш маросимини ташкил қилувчи хусусий ташкилотлар жасадни ташиб беришни таклиф қилишмоқда. Уларнинг ўз хизматлари учун белгилаган нархларини назорат қилиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика патологик анатомия маркази ваколатига кирмайди, — дейди Ражаббой Исраилов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг