Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Йўловчилааар?! Чиқар ташқаригааа...

Йўловчилааар?! Чиқар ташқаригааа...

Фото: «Аччиқ чой» канали

Тошкент шаҳридаги ойнаванд (дўконга айлантирилган) автобус бекатларининг баъзилари соат 9:00да ҳам ёпиқ, баъзилари дўкон пештахатларидан жой олмаган маҳсулотлар учун омбор вазифасини бажаряпти. Унда йўловчилар автобусни кўчада кутадими? Бекатлар кимга хизмат қилиши керак ўзи? Телеграмдаги каналларнинг бирида шундай оғриқли масала кўтарилди.

Одатда иш куним соат 9 да бошланади. Шунга қарамай, ҳар куни 7.30 да йўлга чиқишга одатланганман. Акс ҳолда Сергели йўлларидаги тирбандликларда (айтганча, бу муаммо бўйича ҳатто петиция эълон қилинди — таҳр.) қолиб, эрталабдан асабни бузиш кимга ҳам ёқарди?

Фурсат топиб, кўпдан бери мени ўйлантирадиган мавзуга аҳамият бердим. Усмон Носир кўчаси бўйлаб аксарият бекатлар дангалини айтганда минимаркетга айлантирилган.

Билмадим, мутасаддилар хавфсизлик нуқтаи назаридан афзал дейишар, замонавий дейишар, ойнаванд дейишар, шаҳримиз кўркига кўрк дейишар!

Аслида булар эмас, энг аввало, йўловчининг манфаати муҳим!

Бекат жамоат жой, бу тадбиркорнинг ери эмас. Масалан, соат 7:45 да «Аския» бозори яқиндаги бекат қулфланган. (Кейин ҳам суриштирдим, 9:00 да ҳам очилмаган экан!) Демак, қачон дўкон эгаси келсагина, йўловчилар бекатга (!) киролади, бошқа пайт эса йўқ, шунақами?!

«Братские могила»даги бекатда ҳам ҳамма ташқарида турибди, ичкаридаги ўриндиқлар эса бўм-бўш!

Келинг, бир дақиқага ўзимизни йўловчилар ўрнига қўйиб кўрамиз. Бекатга келган йўловчи бир соатига, бир йўлга қарайди. У кутган автобус кўриндими-йўқми? Тоқатсизланади. Бу тобда эса у ичкарига кириб, атрофи ойна билан ўраб ташланган бекатдаги ўриндиқда хотиржам ўтира олмайди. Боз устига ташқарини кўрай деса, айниқса, тунги вақтларда ойнани қоплаган реклама плёнкалари дастидан бунинг ҳам иложи бўлмай қолади.

Ойнаванд бекатларнинг эшигини очиш-ёпиш – тўғриси жуда оғир. Бундан айниқса, қариялар ва ёш болалар қийналади.

Ноилож қолган йўловчи бекатга кирмай ташқарида туради. Тасаввур қиляпсизми, йўловчилар учун сиз муҳайё қилган «комфорт» бир зумда ўз аҳамиятини йўқотяпти.

Аксарият бекатлар минимаркетнинг музқаймоқлар тўла аравача музлатгичлари ва ичимликлар учун мўлжалланган совутгичлар билан тўлдирилган. Баъзилари эса дўкон пештахатларидан жой олмаган маҳсулотлар учун омбор вазифасини бажаряпти.

Ишонинг, бу вазиятда бекатга кирган бирон йўловчи сиз қанчалик кутманг, «Ооо, нақадар шинам бекат. Ойнаванд экан, қишда қордан, куздан ёмғирдан асрайди. Шуни қурганларга раҳмат!» демайди. Аксинча, дўконга кириб, ҳеч нарса харид қилмай чиқиб кетадиган харидордек ўзини ноқулай ҳис қилади, яхшими-ёмонми, аввалги бекатини соғинади.

Бекатлардаги дўкон эгаси ҳассага таянганча автобус кутиб турган отахоннинг(суратдаги) ўрнига ўзини қўйиб кўрармикан-а?

Дарвоқе, Тошкент шаҳар ҳокимининг бекатлардаги маркетларни ёпиш ҳақида ўтган йил ёзда янграган таклифи  ҳам таклифлигича қолиб кетди-ёв, деб ёзади пост муаллифи.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг