Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хоразмга Бош прокурорнинг «боши бориб, оёғи келгани» йўқ...

Хоразмга Бош прокурорнинг «боши бориб, оёғи келгани» йўқ...

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Кеча Хоразм вилоятига янги прокурор тайинлангани, уни фаолларга Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан таништирганига оид хабар  берилганди.

Кейинроқ аён бўлдики, мамлакат бош қонун посбони Хоразмга фақат янги прокурорни таништириш учунгина боргани йўқ. Аксинча, шундоғам тиғиз вақтини сиқиб-тежаб, қатор хайрли ишларга фурсат топди. Яъниким, қадимий  гўшага қадами етгани ҳамоно охорли костюм-шим ва бўйинбоғни кўчабоп кийимларга алмаштириб, Урганч туманидаги 2-сектор ҳудудида фаолият кўрсатаётган «Қоромон Баракати» фермер хўжалиги даласига йўл олди. Ҳозир пахта мавсуми, ҳар бир кун ғанимат. Теримчилар эгатдан бош кўтармайди, «ақлли гаплар»га-ку, кўпам тоби йўқ. Буни яхши англаган нуфузли меҳмон меҳнаткашларнинг кўп вақтини олмади: яратилган шарт-шароитлардан ташқари ютуқлардан кўра кўпроқ  муаммолар ҳақида сўради, уларнинг ечими бўйича мутасаддилар қатъий кўрсатмалар бергач, илғор теримчиларга қимматбаҳо совғалар улашди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Сўнг Хивадаги «Болалар шаҳарчаси»да бўлиб, тарбиячи ва тарбияланувчилари билан мулоқот қилди. Тарбияланувчилар-ку, ҳали гўдак, ким  йўқлаб келганини билмаслиги аниқ. Бироқ тарбиячилар ким-ким - Бош прокурор келганидан бироз шошиб-ҳаяжонланишди, «нима камчилар бор?» деган саволга жавоб беришга ҳатто истеҳолага қилишди. Буни тўғри тушунган 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси (генерал-майор) бу ердаги шароитларни янада яхшилаш, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш лозимлигини тагдор оҳангда сектор раҳбарларига уқтирди. Сўнг тарбияланувчиларга ўқув қуроллари, қишки кийим-кечаклар ва қимматбаҳо совғалар ҳадя этиб, бир дунё қувонч улашгач,  кейинги манзил - вилоят ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказига  йўл олди.

Беморлар ҳолидан хабар олишда хўб савоб бор. Улардан хабар олиш асносида қўлдан келганча ёрдам беришнинг ажри-чи? У ёғини Ўзи билади. Ниғматилла Йўлдошев шу маскандаги кўнгли яримларининг суҳбатини олгандан кейин марказни айланиб, куз-қиш мавсумига тайёрлик  масаласида қатор камчиликлар борлигини дарров илғади. Ва шу ернинг ўзидан мезбонларни «сизлаб», масъулларни «тузлади». Бош раҳбарининг икки қоши ўртасида тугун пайдо бўлиши қандай оқибатларга олиб келишини яхши билган маҳаллий прокурорлар дарҳол ишга киришди. Ажабмаски, кечанинг ўзидаёқ мазкур муассасага замонавий кондиционерлар келтирилган бўлса...

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Урганч туманидаги «Улли ҳовли» хусусий сайёҳлик корхонаси ва Урганч шаҳридаги «Ипак йўли групп» МЧЖга қилинган қадам ранжида ҳам фойдадан ҳоли бўлгани йўқ. Замонавий тадбиркорлик субъектлари фаолиятида кутилмаган муаммо кўндаланг бўлиши табиий. Самарадорликка эришишда тажриба катта аҳамият касб этади. Шу учун бундай тадбиркорлик субъектлари тез-тез амалий ёрдамга эҳтиёж сезади.  Ечим эса сектор раҳбарлари билан фаол ҳамкорлик қилишда!

Куз-қиш мавсумида фаолияти муҳим бўлган Урганч туманидаги «Кўмиртаъминот» МЧЖга ташриф юқорида қайд этилган манзиллардан бошқачароқ кечди. Кўмир ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишган Н. Йўлдошев аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, корхонани янада ривожлантиришга катта зарурият борлигини айтди. Кўмак керакми? Марҳамат - биз тайёр.  Гап орасида бугунги ташриф корхона раҳбарларига имтиёз эмас, масъулият юклашини чиройли  усулда  ўтган меҳмон кўмирнинг сифатини назоратга олиш, унинг нархи барқарорлигига эътибор қаратиш зарурлигини билдирди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бу орада, юқорида таъкид этилганидек, вилоят фаолларига янги прокурор таништирилди. Сўнг  Бош прокурор вилоятдаги барча прокуратура органлари ходимлари билан алоҳида гаплашиб олишга ҳам улгурди. Алоҳида мулоқотда прокурорлар масъул бўлган секторлар фаолиятини тубдан кучайтириш масаласи кўндаланг қўйилди. Шунингдек, пандемия шароитида эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари»ни юритиш бўйича қўйилаётган талаблардан келиб чиқиб, вилоят ва туман, шаҳарлар прокурорлари зиммасига қатор вазифалар юклатилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг