Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Вирус қандай «сюрприз»лар тайёрлаб қўйганини билмаймиз» – профессор саволларга очиқчасига жавоб берди

«Вирус қандай «сюрприз»лар тайёрлаб қўйганини билмаймиз» – профессор саволларга очиқчасига жавоб берди

Фото: Xabar.uz

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Отабеков «Xabar.uz»га интервью берди.

— Ён-атрофимиздаги давлатлар билан солиштирганда бизда коронавирус билан боғлиқ вазият қандай?

— Бугун ҳамма кундалик статистикадан хабардор. Ҳозирда республикамиз бўйлаб кунига 600 га яқин бемор қайд этиляпти ва биз касалланиш бўйича Ҳамдўстлик давлатлари ичида ўрта даражада турибмиз. Лекин умумий аҳоли сонига нисбатан оладиган бўлсак, кўрсаткичимиз анча яхши. Бироқ бу зинҳор хотиржамликка ёки ўта саросимага тушишга асос бўладиган ҳолат эмас. Қолаверса, Ўзбекистонда қайд этилаётган беморлар статистикаси ҳар куни 3 маротаба янгиланиб, аҳолига етказиляпти.

Касалланганлар нафақат ҳудудлар, балки ёшга қараб, касб-корлар бўйича ҳам рўйхатга олиняпти. Муҳими, беморларни даволашда дунё ҳамжамияти эътироф этган тактика қўлланиляпти. Яъни жуда енгил кечганда амбулатория-поликлиника шароитида, ўрта оғирликда саралаш пунктларига жойлаштириш ва даволаш, оғир ва ўта оғир ҳолатларда эса тўғридан-тўғри шифохонага ётқизиш.

Айни пайтда беморларнинг мурожаат қилиши ёки шифохонага ётқизилиши борасида ҳеч қандай муаммолар йўқ, 50 мингдан ортиқроқ шифо ўринлари бўш турибди. Бундан кўриниб турибдики, эпидемик вазиятимиз ваҳима қиладиган ҳолатда эмас. Аммо касаллик қайд этилишда давом этар экан, бу қайсидир даражада одамларимизни ҳушёр тортишга, сергак бўлишга ундаши керак. Чунки вирусни юқтириш эҳтимоли юқтирмасликдан юқори.

Касаллик қўзғатувчиси атрофимизда айланиб юрибди, у тез юқувчан ва кимлардадир енгил ўтяпти. Бироқ ёндош касаллиги бор одамларда анча жиддий кечиб, ҳатто ўта салбий оқибатларга олиб келаётганини Ўзбекистон амалиётида ҳам кузатиб турибмиз ва буни ҳеч биримиз эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак.

— Одамлар орасида тарқалган «Бу кетишда яна қатъий карантин жорий этиларкан», деган гап-сўзлар қанчалик асосли? Наҳотки, вазият яна жиддийлашаётган бўлса?..

— Тўғри, ижтимоий тармоқларда карантин тадбирлари айнан 15 октябрдан яна кучайтирилар экан, деган гап-сўзлар юрибди. Лекин бу мутлақо асоссиз маълумот. Негаки, бизда бу даражадаги аниқлик билан, яна бир ой олдин хулоса бероладиган «иқтидор» эгаси йўқ.

Энди уни асоссиз дейишимга сабаб, мана, биз ҳар томонлама ўйлаб, вазиятни ўрганиб, баҳолаб карантин тадбирларини юмшатдик. Одамлар жамоат транспортларидан фойдаланяпти. Ҳамма ишга чиқяпти, мактаблар, боғчалар фаолияти тикланяпти. Одамлар кўчада бемалол юрибди. Шахсан мен карантин чекловларини кескинлаштириш сабабини кўраётганим йўқ…

Масаланинг яна бир томони, яъни айни вазиятда энг муҳими, тиббиёт тизими шай ҳолатга келтирилди: керакли миқдорда дори-дармон, асбоб-ускуналар, тестлар, шифо ўринлари тайёрлаб қўйилди. Мутахассисларимиз ҳам ҳар томонлама етилди. Мисол учун, нафақат юқумли касалликлар шифохоналари, балки бошқа профилдаги — терапия, хирургия, болалар хасталиклар бўйича тиббиёт муассасалари ҳам коронавирус билан шуғулланиб кўрди. Ҳаммаси шу касалликка чалинганларни даволаш ишида иштирок этди. Эътиборлиси, марказ билан ҳудудлар телекўприги шаклланди. Айтайлик, телемулоқот орқали маслаҳатлашув тизими йўлга қўйилди. Хорижлик мутахассислар келди, бизникилар ҳам уларнинг тажрибаларини ўрганишди. Ўзбекистонда сал кам 70 мингта шифо ўринлари яратилди. Ва, минг шукрки, ҳозирда уларнинг 50 мингдан кўпи бўш турганини кўриб ҳам, чеклов тадбирини кучайтиришга асос йўқ дея оламиз.

Ўзи бундай тадбирлар қачон қилинади, қачонки, касаллик сони кескин ортиб кетиб, унинг жилови қўлдан чиқарилса, муассасалар тегишли тайёргарлик кўрмаган ва бир жойда қотиб қолган ёки ожизлик ҳолатига келган бўлса…

Энди масаланинг иккинчи томони, биз карантин чекловлари кескинлашмас экан, деган фикрга бориб, ўзимизни бемалолгарчиликка зинҳор ундамаслигимиз лозим.

Масалан, кўча-кўйда кўрамиз, 30-40 фоиз одамгина ниқобларни тўғри тақиб, тўғри ишлатиб юрибди. Лекин орамизда белгиланган талабларга беписанд қараб, амалдаги қонунларни менсимайдиган одамлар ҳам кўп. Дока ниқобни ияги, даҳани ёки қулоғига илинтириб қўйганлар қанча. Бу яхши эмас. Улар бу қилиқлари билан қонунни писанд қилмаётганини билдиради ва мен бундайларга қайсидир даражада раҳмим келади. Негаки улар касалликни юқтириб олиши юқори бўлган хавф гуруҳига киради. Коронавируснинг нечоғлик жиддий эканини эса бу дардни бошидан ўтказганлар, яқин инсонини йўқотганлар жуда яхши билишади.

— Хабаримиз бор, сиз ҳам шу касалликка чалиниб, уни енгиб ўтдингиз...

— Тўғри, мен ҳам коронавирус билан 21 кун олишдим. Унгача 4 ой давомида одамларга коронавирус амалиёти, унинг клиник белгилари, ташхисоти, даволаш бўйича нималарни айтган бўлсам, ҳаммасини ўз кўзим билан кўриб, ўз танамдан ўтказдим. Ва шунга амин бўлдимки, биз ҳали бу касалликнинг асоратларини яхши билмаймиз, беморларнинг ҳаммаси соғайиб кетади деган фикрдан ҳам йироқмиз. Яна шуни англадимки, кимки қўрқса, тушкунликка тушса, унга қарши курашмаса, тавсияларга риоя этмаса, бу дардга енгилади.

Баъзан одамлардан «Мен коронавирусга чалиниб бўлдим, энди ниқоб тақмасам ҳам бўлади» деган гапларни эшитяпмиз. Энди тасаввур қилинг, Ўзбекистонда 50 мингдан зиёд одам коронавирус билан касалланди. Уларнинг бари кўчада ниқобсиз ёки ўрнатилган тадбирларга риоя қилмай юрса, бу вазиятни жиддий ўзгартириши мумкин. Ахир, тузалиб чиққан одамлар ҳам маълум бир муддат вирусни ташқарига чиқариб туришади.

Унинг ҳали 10-20 йилдан кейин қанақа асоратлар беришини ҳам билмаймиз. Бу биз учун нотаниш касаллик қўзғатувчисидир. Шундай экан, биз у билан ҳазиллашмайлик.

Давлатимиз раҳбари, тиббиёт ходимлари бежизга уни кўринмас ёв, яширин душманга қиёсламаяпти, демак, ҳали унинг имконияти, қирралари, жиҳатларидан бехабармиз.

Шифохонада ётганимда, кўпчилик менга «3-4 ой телевидениеда тинимсиз гапирганингизда, сизга ишонмагандим. Энди бу ерда тавбаларимга таяниб ётибман. Ўшанда тавсияларингизга амал қилмаганимга афсусдаман», дейишди. Ҳеч бир ҳаракатсиз, фақат ўйлар гирдобига ботган ва кўз юмган одамларни кўрдим у ерда. Шундай экан, биз бу касалликка беписанд қарамаслигимиз керак. Майли, ўша кўчада ниқобсиз юрган одамлар ўз саломатлигига бефарқдир, соғлиги уларни қизиқтирмас, бироқ сизу бизнинг саломатлигимиз билан ўйнашишга уларнинг ҳаққи йўқ.

— Шу ўринда ҳамюртларимизда нега унда улар назорат қилинмаяпти, деган савол туғилиши мумкин...

— Тўғри айтасиз, энди қаранг, 34 миллион аҳолимизнинг, майли, 15 миллионини фаол деб олсак, соҳада назорат қилувчи ходимларимизнинг умумий сони мингдан сал зиёдроқ. Улар ҳар қанча уринмасин 15 миллион одамни назорат қилолмайди. Демак, бизда жамоатчилик назорати бўлиши керак. Бир-биримизга эътироз қилиш, танбеҳ бериш, эслатиб қўйиш кабиларни ўргатишимиз даркор. Мен уришиб, сўкиб, койиб беринг деган фикрлардан жуда йироқман. Лекин «Кечирасиз, шу дока ниқобингизни тўғри тақиб олинг» дейишни ўрганишимиз шарт.

Ҳаммамиз ўзбекчилик деган гапни кўп эшитганмиз. Нега қозоқчилик, қирғизчилик, туркманчилик ёки русчилик дейилмайди. Чунки биз ўз бефарқлигимизни мана шунга ўхшаш сўзлар билан ҳимоялашга уринамиз. Аммо биз одамларни тарбияга чақириб, ўрнатилган тартибга риоя этишни ўргатишда нафақат назорат қилувчи органлар, балки давлатимизга ҳам ёрдам беришимиз керак.

Менинг бир актёр дўстим бор, бир куни у «Гапиравериб, тилим терлаб кетди» деганди… Қаранг, тарғиботни кимлар қилмади. Тиббиёт ходимлари ёнига барча соҳа вакиллари қўшилди: журналистлар, актёрлар, шоирлар, зиёлилар, ўқитувчилар... Шундай бўлса-да, бизда беэътибор одамлар кўп. Демак, уларга таъсир қилиши мумкин бўлган барча имкониятларни ишга солишимиз лозим. Биз бошқаларни, яъни ўзимизни, оила аъзоларимизни, ёши улуғ, ёндош касалликлари бор бобо ва бувиларимизни ҳимоя қилиш ҳақида ўйлашимиз зарур. Уларнинг аксарияти бу касалликдан қаттиқ азият чекяпти. Кўпчилиги ҳаётдан кўз юмаяпти. Шуларни кўз олдимизга келтиришимиз даркор.

— Сизнингча, коронавирус инсониятни қачонгача таъқиб этади?

— Биласизми, балки, бу касаллик қўзғатувчиси биздан умуман кетмас, эҳтимол, у одамзод билан бир умрга қолиш учун келгандир... Бир пайтлар эпидемиология фани оталаридан бўлган олим — Виталий Беляков «Юқумли касалликлар қолиш учун келади», деган фикрни айтганди. Балки, биз бора-бора коронавирусни ҳам грипп ёки оддий респиратор касаллик сифатида кўриб, билиб, яшаб юраверадиган ҳолатга келармиз. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, эрта-индин касаллик тугайди, ҳаммамиз эркин, боягидек, 2000-3000 одамни йиғиб тўй қиламиз, катта-катта тадбирлар, йиғинлар ўтказамиз, деган фикрлардан ўзимизни тийиб туришимиз керак.

Негаки, биз бу вируснинг бор қирраларини билмаймиз, қандай «сюрприз»лар тайёрлаб қўйганини ҳам тасаввур қилолмаймиз.

— Унда вирус чекинмай туриб мактабларнинг очилиши қанчалик тўғри? Бундай қарорга келиш осон кечмагандир?..

— Мен бу қарорни жуда тўғри деб биламан. Ахир, фарзандларимизни бир умр уйда қамаб ўтиролмаймиз-ку. Кейин мактабдан оладиган кўникмаларни ҳеч қачон уйда беролмаймиз. Эътибор қилсангиз, биз болалар ва невараларимиз билан фақат битта мазмун ва йўналишда гаплашамиз. Яъни кўпроқ уларнинг эркинлигини чеклашга қаратилган: уни қилма, овозингни чиқарма, уришма, талашма ва ҳоказо. Мактаб эса нафақат таълим маскани, балки фарзандларимиз камолотида ҳам муҳим рол ўйнайдиган бўғиндир.

Мисол учун, бола эрталаб мактабга бориш масъулияти билан уйдан чиқиб кетади. Дарсни ўзлаштириш жараёнида кимлардандир ўзишга бўлган ҳаракат — интилишни пайдо қилади, ўқитувчилар томонидан берилган топшириқларни уйга келиб бажариш орқали эса жаворгарлик ҳисси уйғонади. Мактабда ниманидир баҳслашиб, талашиб олиш асносида ўз шахсини ҳимоя қилиш кўникмаси шаклланади, тенгқурларини ёндан кузатиб, ўзига озгина оро бериш, солиштириш жараёнида бошловчилик, лидерлик хислатлари ортади. Тан оламизми-йўқми, лекин булар ҳеч бир оилада берилмайди. Тўғри, бола отасига ўхшаб дўхтир, онасидек ўқитувчи бўлишни ният қилар, лекин мактабнинг муҳити бошқа. Бу улуғ даргоҳнинг бизга берадиган инъоми катта. Албатта, мактабда мулоқот кўпроқ бўлгани учун касалликлар аниқланиши, очилганлари қайтадан ёпилиши мумкин. Майли, нима қиламиз, илож қанча. Лекин болаларимиз уйда қолса, жуда кўп нарсани йўқотиши аниқ.

Кўп бора таъкидлаганимиздек, болаларда бу касаллик жуда енгил ўтади. Ҳеч қанақа асоратлар бўлмайди, чунки аксариятида ёндош дардлари йўқ. Демак, улар коронавирусни осон енгишади. Фақат бу борада ота-оналаримиз, ўқитувчилар сал сергак бўлишса бас. Бирорта касаллик белгиси бор бола қулоқ тинчи учун мактабга юборилмаса, ўзида кичик аломатни сезган ўқитувчи мактабга бормаса, ўқув даргоҳларидаги эрталабки фильтрлар, махсус барьерлар тўғри ва фаол ишласа. Ҳар бир ходим фаолиятига масъулият билан ёндашса, ҳаммаси яхши бўлади…

Лекин мен аниқ биламан, мактаб ва олий ўқув юртлари онлайн таълимга ўтиб, болаларимизда ўқув даргоҳларида бевосита таълим олиш имкониятининг бир мунча чегаралангани ортидан ҳали ёшларимизнинг ақлий камолот нуқтаи назаридан қанча орқага кетганини исботловчи далиллар пайдо бўлади. Эҳтимол, ҳозир қайсидир институтлар, марказлар бу борада изланишлар олиб бораётгандир. Шунинг учун мен мактаблар очилишини тўғри деб ҳисоблайман. Бироқ, албатта, эпидемияга қарши талабларни бажаришга қодир ва тайёр мактабларгина очилиши зарур.

Ҳозирда барча муассасалар жуда жиддий назорат остига олинган, мутахассислар уларнинг тайёрлиги ҳақида фикр бергач, ҳолат ўша вилоятлардаги кенгашлар томонидан муҳокама қилинади ва депутатлар яхшилаб ўргангач, у ёки бу мактабларнинг очилишига рухсат берилади.

— Барчамизга маълум, куз фаслида турли юқумли касалликлар авж олади. Сизнингча, коронавирус бу мавсумда ўзини қандай тутади, яъни унинг хатарли тус олиш эҳтимоли борми?

— Нам ва салқин ҳаво вируслар учун доим қулай шароит ҳисобланган. Демак, куз-қишда коронавируснинг авж олиш эҳтимоли йўқ эмас. Лекин ҳар бир манзил ва маконнинг эгаси бўлганидек, ушбу мавсумларда асосан грипп, парагрипп, ўткир респиратор касалликлар, рейно сингари бир қанча ҳаво-томчи йўли билан юқадиган хасталикларга дуч келамиз. Аммо биз бир нарсани билмаймизки, бу вируслар коронавирус инфекцияси билан қандай чиқишади? Яъни улар битта муҳитда ўзларини қандай тутишади? Бир-бирига антагонист — қарама-қаршими ёки синергист — қўллаб-қувватловчими?

 Маълумки, грипп, парагрипплар, рейно сингари инфекциялар аллақачон одамлар вирусига айланиб улгурган, коронавирус эса ҳайвонлардан келиб чиққан. Агар улар қарама-қарши бўлса, бошқа вируслар коронавирус бўйича эпидемик вазият мураккаблашиб кетишига ҳисса қўшмайди. Мабодо синергист бўлса, унда аҳвол жиддийлашиши мумкин.

Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратсак, табиатдаги маълум бир муҳитда икки хил микроорганизм бир пайтнинг ўзида гегемон бўлолмайди. Бундай хислат фақат одамларга хос. Масалан, бир хонадонга кирган одам икки хил ният қилиши мумкин: бири яхши, бири ёмон. Лекин микроорганизмларда бундай ғирромлик йўқ. Улар ўз табиатига хос хислатларга содиқ. Демак, ҳозирги коронавирус эгаллаб турган манзилга бошқа вируснинг кириб келиши ва уни сиқиб чиқариши эҳтимолдан анча йироқ ҳолат. Шу боис коронавирус касаллигининг ўзи кетиш хоҳишини пайдо қилмагунча, унга қарши эҳтиёт чораларимизни қўллашимиз керак.

Шоҳида Исроилова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг