Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ургутда Миллий банк ёрдамида очилган корхона маҳсулоти хорижга экспорт қилинади

Ургутда Миллий банк ёрдамида очилган корхона маҳсулоти хорижга экспорт қилинади

Фото: Шерзод Икрамутдинов

Самарқанд вилояти, Ургут туманидаги «Urgut Micro Metal» корхонаси ташкил этилганига кўп вақт бўлмади. 2018 йилда Миллий банк ёрдами билан иш бошлаган корхона фаолияти энди йўлга қўйилмоқда.

Фирма муассиси Шаҳоб Мирбобоев Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан ажратилган 1 миллион 60 минг доллар маблағ эвазига бўш ерга корхона қурди ва тиш чўткаси, скотч, нейлон ва акрил елими ҳамда гигиеник воситалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Эътиборлиси корхонага ускуналар келтириш ва ўрнатиш ҳали давом этаётган бўлса-да, бир томонда ишлаб чиқариш ҳам бошлаб юборилган.

Ҳозирги кунда корхонада 35 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. «Urgut Micro Metal» ва Миллий банк ўртасида имзоланган шартномага асосан йил охиригача яна 60 та иш ўрни яратилиши шарт. Банк кредит бериш асносида худди шундай шарт қўйган эди.

Ҳозирча ишчиларнинг маоши 800 минг сўмдан то 3 миллион сўмгача. Аммо корхонанинг ишлаб чиқариш сурати ошгани сари бу борада ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Масалан, айни вақтда Хитойдан келган мутахассис бутун иш жараёнини кузатиб боради ва бунинг учун хорижий валютада яхшигина маош олади. Бироқ «Urgut Micro Metal» маҳаллий ёшлардан мутахассис тайёрлашни бошлаган ва яқин вақтларда ургутлик ёшлар барча жабҳада ишни ўз қўлига олади.

Ҳозирча «Urgut Micro Metal» тўлиқ қувват билан ишга тушмади. Аммо шунда ҳам корхонада соатига 1140 дона скотч ва 2004 дона тиш тозалаш воситаси ишлаб чқарилади. Маҳсулотлар дизайни устида 3 нафар мутахассиси ишламоқда ва дизайнлар 20 турдан ортади.

Энг муҳими, «Urgut Micro Metal» ишлаб чиқараётган маҳсулотларга яқин хориж мамлакатларидан қизиқиш бор. Қирғизистон ва Афғонистонга экспорт йўлга қўйилмоқда. Келажакда экспорт географиясини кенгайтириш мақсад қилинган.

Корхона фаолиятини Хитойдан келтирилга 10 та станок билан бошлаган эди. 2020йилда Миллий банк яна 1.5 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратади ва «Urgut Micro Metal» янги станоклар сотиб олиб, сифатли ва арзон тиш паста яратишни режалаштирмоқда.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг