Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Уларнинг охирги сўзлари «ойижон» эди...

Уларнинг охирги сўзлари «ойижон» эди...

Фотоколлаж

Ойижон! Ойижон! Бу сўзни фарзандларингиздан бир кунда минг бора эшитсангиз минг бора жавоб қайтарасиз. Чунки жавоб беришга имконингиз бор. Ойижон! Бу сўз орқали фарзандингиз ўзини бехавотир сезади, халоскори борлигини ҳис қилади. Ойижон! Бу сўз орқали сиз фарзандингизнинг бехавотирлигини таъминлайсиз, халоскори эканлигингизни ҳар сонияда ҳис қилиб туради...

***

«Кичкина Николка Освенцим лагерига тушганида чақалоқ эди. Унга ҳар куни «мама», «ойи» дейишни ўргатдик. Аммо бир куни уни немис аскарлари онасининг қўлидан юлқиб олишди. Онасини газ камерасига олиб кетишди. Болакай ойисига талпинганча илк марта «ойижон»ни айтди», аммо бу сўз уларни қайта боғлай олмади. Эшитаяпсизми, Николка бу сўзни ҳатто газ камераларида охирги нафасни олаётганда ҳам айтди «ойижон», аммо уни ҳеч ким эшитмади, ойиси келиб уни қутқаролмади, чунки онанинг жавоб беришга имкони йўқ эди...»

***

«Мен ўғлим билан уч йил деганда учрашдим. Унга эркакча кийимда яқинлашаман:

 — Отанг қани,

—Отам жангда ўлган.

—Онанг-чи?

—Онамни йўқотиб қўйганман. Айтишларича партизанларга қўшилиб кетган.

—Мени танимадингми?

Ўғлим бир пас анграйиб турди, кейин қўрқинчли овозда бамисоли ҳайқириб юборди:

—Ойижоооон!!!

Урушдан сўнг ўғлим бир ой ҳатто овқатланаётганда ҳам мени бир қўлиб билан ушлаб ўтирди, яна йўқотиб қўйишдан қўрқди, ишга мен билан бир ой қатнади».

***

Бу уруш қатнашчиларининг кўрсатувларда берган интервюлари. Булар ҳақида саноқсиз мақолалар, китоблар ёзилди, кўрсатувлар тайёрланди...

«Сен етим эмассан» кинофилмида бир қизалоқ «сени онанг излаб келди», деган гапга ишониб йўл-йўлакай «ойижон, ойижон, ойижон», деб чопади, унинг ёнида югуриб кетаётган болалар ҳам шу сўзни пичирлаб такрорлашади, азбаройи ойисини соғинганидан, шу сўзни соғинганидан, тинчликни соғинганидан. Улар билади фақатгина тинчлик она билан болани ажратолмайди. Аммо улар етиб борганида у аёл қизалоқнинг ойиси эмаслиги маълум бўлади. Шу ерда болаларнинг умидлари чил-чил синади. Чунки «ойижон»гина уларни барча кулфатлардан, азоблардан қутқара олишига ишонади.

Уруш пайтида болалар, оналар бир-бирининг бағрига меҳрига ана шундай талпинган, бир-бирига ташна бўлган, лекин бу ташналикни қондиришнинг имкони бўлмаган. Бир бора ойисининг бағрига бош қўйишни, бир бора ойижон, деб чақирганида, онаси унинг қошига келиб эркалашини, азоблардан халос қилишини кутиб ухлаганлар, қайтиб уйғонмаганлар бор. Чунки бунга имкон йўқ, чора йўқ эди у пайтлар.

Бугун имкони бор. Болангиз минг марта «ойижон», деб чақирса минг марта жавоб беришга. Айтингчи ўша имконни ўз қўлларингиз билан йўққа чиқармаяпсизми?

Меҳрибонлик уйидаги болаларнинг кўзларидаги мунгни кўрганмисиз?

Ана, Умиджон исмли болакай деразанинг олдида турганча йўлга термулаяпти.

— У деразанинг олдида туриб онасини соатлаб кутади, энг севимли машғулоти, — дейди тарбиячиси.

— Сизнинг ойингиз борми, — дейди сочлари қўнғироқ беш ёшли қизалоқ.

— Ойи ўзи қанақа бўлади, — дейди яна бир митти болакай.

— Менинг онам сувпариси, — дейди Муниса исмли қизча. — Сув парисидек чиройли, фақат оёқлари йўқ, балиқникига ўхшайди, шунинг учун юролмайди, шунинг учун мени кўришга келолмайди. Катта бўлсам, албатта ўзим ойимни денгиздан топаман...

— Ойимнинг яқинда байрами, мен қоғоздан откритка тайёрладим, — дейди Бобур исмли бола.

— Мен ойимга ширинликлар йиғиб қўйганман, келса, албатта бераман, — дейди Муаттар.

Мана яна ижтимоий тармоқларнинг бирида сурат. Болалар асфалтга онасининг суратини чизиб ўзи суратдаги «она»сининг қучоғида ётибди. Ҳатто онасининг ҳурмати учун оёқ кийимини сурат ташқарисига ечган. У пичирлайди: «ойижон», аммо совуқ асфалтдан садо чиқмайди.

Аёл эри билан уришиб қолди. Унинг аламини боладан олди, уни аямай дўппослади. Болакай, беш ёшли болакай илтижо қилди: «урманг ойижон». Она ураверди, болажон чалажон бўлиб қолгунича ураверди ва тинчиди. Бола кўзларини охирги марта очиб юмаркан: «ойижон», деб шивирлади, у онаси уни қучишини, оғриқлардан халос қилишини, қўлига олиб кўтаришини кутганди, аммо она бундай қилмади. Тошбағир она бир умр «ойижон»ни эшитишга зор бўлиб ўтди, ўшанда онанинг боласи чақириғига жавоб беришга имкони бор эди...

Яна бир пиёниста аёл эри билан қўшилиб боласини дўппослаяпти, қизалоқ ота демаяпти, «ойижон», деб йиғлаяпти. У ойижонга кўпроқ ишонади. Онанинг боласини қутқаришга имкони бор эди, аммо қутқармади...

Бугун ўз боласини уриб ўлдириб қўяётганда, ташлаб кетаётганда, арзимаган пулга сотаётганда болажонларнинг тилидан чиқаётган «ойижон!» ҳавода муаллақ қолиб кетаяпти.

Бугун биз тинчлик даврида яшаяпмиз. Фарзандларимизнинг минг марта ойижон, деган чақириғига минг марта лаббай деб жавоб бера олиш, уларни халоскори эканлигини ҳис қила олдириш имкониятимиз бор. Ойижон! Мана шундай тинчлик замонида уларни шу сўзни охирги марта айтишга, имконини йўққа чиқаришга ҳисса қўшманг. Тўхтанг, ортингизга қаранг, ахир қачонлардир «ойижон»ни эшитгингиз келганида ҳеч қачон имкон бўлмаслиги мумкин...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг